Ассалому алайкум! Мен ичмайман, чакмайман, ақл хушим жойида, Аллоҳдан жуда қўрқаман, қисқача айтсам аёлим кўп айтганларимни қилмайди. Чорласам ҳам кўпинча йўқ дейди, кўчага бўяниб-ясаниб чиқма десам айтганимни тўлиқ қилмайди, ота-онамга нисбатан ҳам сал беҳурматлик қилади, рўмол ўрайди лекин шариатга мувофиқ деб ўйламайман чунки томоқ ва елка қисмини тўлиқ ёпмайди, юпин кийинади, қайнанам ҳам қизига насиҳат ўрнига ўзини паст санамаслик, қадрини билишга ўргатадилар. Ўзлари бевалар фақат икки қизлари бор, мен катта куёвлариман. Бизни уй шароитимиз жуда ҳам яхши, аёлимга машина оберганман, ўзига шахсий бизнес қиберганман. Шунда хам нидаволлний, онаси билан яшаш учун алохида дом олмоқчи кредитга ёки рассрочкага, урушавериб чарчадим, асабий бўлиб қолдим, ўйлаб қоламан уриб ўлдириб қўйсамчи деб. Хуллас аёлимга айтдим, мен сендан норозиман, ҳаммаси учун норозиман дедим. Буни қайнанам хам онам хам биладилар, учта фарзандимиз бор, шуларни деб зўрға чидяпманде. Ман аёлимга айтдим кел келишиб оламиз қиёматда менга осилмисан, мен сенга жавоб бермайман деб келишиб олдик. Шу келишишимиз жоизми? Мен аёлим учун қиёматда жавоб бермайманми?
– Ва алайкум ассалом! Сиз бунчалик ўз ҳолига ташлаб қўйманг. Секин аста қалбини исломга улфат қилиш ҳаракатида бўлинг. Жавобгар бўласиз.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أَلَا كُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، فَالْإِمَامُ الَّذِي عَلَى النَّاسِ رَاعٍ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالرَّجُلُ رَاعٍ عَلَى أَهْلِ بَيْتِهِ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْهُمْ، وَالْمَرْأَةُ رَاعِيَةٌ عَلَى بَيْتِ زَوْجِهَا وَوَلَدِهِ وَهِيَ مَسْئُولَةٌ عَنْهُمْ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлинглар. Барчангиз раҳбарсизлар ва ўз қўл остидагиларингиздан сўралурсизлар. Одамлар устидан турган имом раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур. Эр киши ўз аҳли байтида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур. Аёл киши эри ва (эрининг) Ўғли уйида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур…» – дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан оила борасида эр ҳам, аёл ҳам масъул экани кўриниб турибди.
«Эр киши ўз аҳли байтида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур».
Исломда оила бошлиғи бўлиш улкан шараф ҳисобланиши билан бир вақтда, буюк масъулият ҳамдир. Эркак киши ўз оиласидаги барча аҳли байтга масъулдир. Масъул бўлганда ҳам, моддий-маънавий, руҳий-тарбиявий, дунёвий-ухровий – ҳамма-ҳамма томонлама масъулдир. У ўз аҳли байтини: хотини, бола-чақасини тўйдириб, кийдириш, уй-жой билан таъминлаш, таълим-тарбияли қилиш, ахлоқли-одобли қилиш, Аллоҳнинг йўлида юрадиган инсон қилиш, тинч-омонликларини таъминлаш ва шунга ўхшаш барча ишларда масъулдир.
«Аёл киши эрининг уйида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур».
Исломда оила бекалиги буюк шараф бўлиши билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Оиланинг бекаси бўлганидан кейин, унинг ички ишларининг ҳаммаси ўша беканинг қўлида, ихтиёрида бўлади. Оиланинг иқтисоди беканинг тежамкорлигига, ўзига ишониб топширилган тирикчилик воситаларига хиёнат қилмаслигига ва исроф қилмаслигига боғлиқ бўлади. Энг улкан масъулиятлардан бири эса, фарзандни туғиб, чиройли боқиш, етук инсон қилиб тарбиялашдир. Бу масъулиятни муслима аёллар доимо шараф билан адо этиб келганлар. Хулоса қилиб айтилганда, муслима аёлнинг оиладаги масъулияти беқиёсдир. Эрнинг ишлари муваффақиятли бўлишида аёлнинг тутадиган ўрнини ҳеч ким инкор қила олмайди. «Эрни эр қиладиган ҳам хотин, ер қиладиган ҳам хотин» деб бежиз айтилмаган. Гап ҳар бир муслима аёл ўз масъулиятини тўла тушуниб етишида қолган, холос. (“Бахтиёр оила” китобидан).
Юқоридагиларни билиб оилавий муноабатларда тажрибали солиҳ бир инсон топиб шу одам билан маслаҳат қилиб иш тутинг. Валлоҳу аълам!