Ассалому алайкум! Ҳозир жуда кўп инсонлар шу ишни қилишмоқда ва халол экан деб юришибди. Мисол, айтайлик сиз қизингизни поликлиникага олиб бордингиз у ерда мутахасис қизингизни кўрди ва у махсус оёқ кийим кийиши кераклигини айтди. Кейин эса бир ишлаб чиқарувчини манзилини берди. Сиз у ердан оёқ кийим сотиб олдингиз. Ишлаб чиқарувчи эса ўша поликлиникадаги мутахассисга 50.000 сўм олиб бориб берди. Шу йўл билан топилган пул қанчалик халол? Чунки бу ишлар жуда кўпайиб кетди. Хамма кимнидир қаергадир олиб бориб, ниманидир кўрсатади ва ўша мол сотилгандан кейин келиб 10% 15% фоиз пулини олиб кетади.
– Ва алайкум ассалом! Муҳтож бўлган одам қидириб юрмаслиги учун ёки бошқа жойлардан кўра ўша ерда яхши ва сифатлиси сотилишини айтиши учун далолат қилса бўлади. Аммо “пул ёлғондан яхши” деб айтиш жоиз эмас. Ёлғон эса шариатимизда оғир гуноҳ ҳисобланади. Мусулмон одам кўр-кўрона иш тутмаслиги керак. Арзимаган пулни деб дўзахдан жой сотиб олмаслик керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бундан қаттиқ қайтарганлар.
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» قُلْنَا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ». وَكَانَ مُتَّكِئًا فَجَلَسَ فَقَالَ: «أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ وَشَهَادَةُ الزُّورِ، أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ وَشَهَادَةُ الزُّورِ». فَمَا زَالَ يَقُولُهَا حَتَّى قُلْتُ: لَا يَسْكُتُ
Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳой! Сизларга кабираларнинг энг каттасини маълум қилайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули» дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар. У зот суяниб ўтирган эдилар, ўтирдилар-да: «Ҳой, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам! Ҳой, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам!» дедилар. У зот буни айтавердилар, ҳатто тўхтамасалар керак, деб қолдим». ("Олтин силсила" китобидан "Саҳиҳул Бухорий"). Валлоҳу аълам!