Ассалому алайкум! Мен кайф ҳолатда аёлимга яқинлик қилдим, аёлимда сақланиш мосламаси бор эди, лекин тақдир экан аёлим ҳомиладор бўлди. Бола 6 ҳафталик экан. Бу ҳолатда мен бу кайф ҳолатда бўлган бола буни олдириб ташлаш керек диябман. Лекин бу ишни қилишга Аллоҳдан қўрқябман, бошим қотиб қолди нима қилсам бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Болани олдирмайсиз. Аллоҳ бирор балони бошингизга солмасидан олдин тавба қилиб бу нарсани ташланг. Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида марҳамат қилади:
وَمَن يَعْصِ اللّهَ وَرَسُولَهُ وَيَتَعَدَّ حُدُودَهُ يُدْخِلْهُ نَارًا خَالِدًا فِيهَا وَلَهُ عَذَابٌ مُّهِينٌ
14. «Ким Аллоҳ ва Расулига итоатсизлик қилиб, Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Ва унинг учун хор қилгувчи азоб бордир».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Хамр ҳаром қилингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим саҳобалари бошқаларининг олдига бориб: «Хамр ҳаром қилинди ва ширкка тенглаштирилди», дедилар» (Табароний, Ҳоким ривояти).
Хамр, шак-шубҳасиз, барча нопок ишларнинг онаси бўлиб, кўплаб ҳадисларда уни ичган одам лаънатлангандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Кимки бу дунёда хамр ичса ва уни ичишга одатланган ҳолда вафот этса, охират шаробини ичмайди» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Маст қилувчи ичимликни ичган кишини «Тийнатул хобал»дан (чиқиндилар аралашмаси) суғориш хусусида Аллоҳ ҳузурида аҳд, қатъий қарор бор», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, «Тийнатул хобал» нима?» деб сўрашган эди, «Дўзах аҳлининг терлари ёки дўзах аҳлидан ажралган суюқликлар», дея жавоб бердилар» (Муслим ривояти).
Хамрга муккасидан кетган кимса тавба қилмай вафот этса, жаннатга кирмаслиги хусусида Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:
«Хамрга муккасидан кетган кимса жаннатга кирмайди!»
Бошқа бир ҳадисда: «Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: хамрга муккасидан кетган, қариндош-уруғчилик алоқаларини узган ва сеҳрни тасдиқ қилган кимса», дейилган (Имом Аҳмад, Табароний ва Абу Яъло ривояти). Валлоҳу аълам!