Шайҳ ҳазратлари Оллоҳ умрингизни узоқ қилсин икки дунё саодатини берсин. Бир ҳадис ешитдим. Кимки ҳар куни кечқурун Мулк сурасини ўқишни одат қилса қабр азобидан омонда бўлур. Бу ҳадис саҳиҳми?
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири ўз капасини билмасдан бир қабр устига қурди. Бирдан унинг ичида бир инсон «Табарокаллази биядиҳил Мулку»ни охиргача қироат қилди.
Бас, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, капамни қабр устига қурдим. Мен унинг қабр эканлигини билмас эдим. Бирдан унинг ичида бир инсон «Табарокаллази биядиҳил Мулку»ни охиргача қироат қилди», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У ман қилувчи ва нажот берувчидир, қабр азобидан нажот беради», дедилар.
Шарҳ: Шунинг учун бу сура «Сақловчи» ва «Нажот берувчи» деб ҳам аталади, чунки у бандаларни катта азобдан сақлайди. Қабр ичидаги ўқиганда унинг сиртидаги ўқиш ҳам фойдали бўлиши турган гап.
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:
«Майит қабрга қўйилгандан сўнг (азоб фаришталари) оёқлари тарафдан келсалар, оёқлар:
«Сизнинг бунинг олдига келишингизга йўл йўқ, чунки у биз билан туриб кечасидаги намозда Мулк сураси ўқирди», дерлар.
Агар бош тарафдан келсалар, тили:
«Сизнинг бунинг олдига келишингизга йўл йўқ. Чунки у мен билан Мулк сурасини ўқирди, дейди», дейилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мулк сураси ҳар бир мўмин қалбида бўлишини хоҳлардим», деганлар.