Ассалому алайкум! Инсон ўғил фарзанд кўрсам хар йили фалон зиёратгох жойларга зиёрат қилиб обориб тураман диб қасам ёки назр ва шунга ўхшаш бирор ният қилишлиги (Аллоҳга юзланиб албатта) мумкинми? Агар обормаса бирор зиён етиши мумкинми(ўзига, молига, ишига...)? Айтган инсон вафот этганлиги боис айнан қандай ният ёки қасам ва шунга ухшаш бирор нима дигани аниқ эмас. Умуман шунга ўхшаш аташлик борми?
– Ва алайкум ассалом! Назр ҳақида ҳадиси шарифларда шундай дейилган:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ النَّذْرِ وَقَالَ: إِنَّهُ لاَ يَرُدُّ شَيْئًا وَإِنَّمَا يُسْتَخْرَجُ بِهِ مِنَ الْبَخِيلِ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам назрдан қайтардилар ва у ҳеч нарсани қайтармайди, у ила бахилдан бир нарса чиқариб олинади, холос, дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳақида баъзи уламо аҳлларининг алоҳида мулоҳазалари бор. Ўша мулоҳазаларни ўргансак, ҳадиси шарифларни ўрганиш, улар билан ишлаш қоидаларидан йиригини ўрганган бўламиз, иншааллоҳ.
Шайх Муҳаммад Ғаззолий қуйидагиларни ёзадилар:
«Қуръони Каримни оз тиловат қилишлик ва ҳадисларни кўп қироат қилишлик Исломнинг дақиқ сувратига эришишга олиб бормайди. Балки, бу иш, агар айтиш мумкин бўлса, нотўғри овқатланиш билан баробардир. Чунки, ақл ва жисм баробар бўлиши учун керакли унсурларнинг тавозуни лозим.
Аста-секин янгидан бошлаб, дақиқ қараб мисоллар келтирайлик:
Санъоний назрни ҳаром деб билади. У ўзининг бу ҳукмида Ибн Умарнинг:
«Набий алайҳиссалом назрдан қайтардилар ва у ҳеч нарсани қайтармайди, у ила бахилдан бир нарса чиқариб олинади, холос, дедилар», деган ҳадисига суянади.
Ҳеч нарсани қайтармайдиган назр тижорий олди-бердиларга ўхшаш, инсоннинг агар беморлигимдан тузалсам ёки ўғлим имтиҳондан ўтиб олса, Аллоҳ учун фалонни назр қиламан, дейишидир.
Аммо Аллоҳнинг тоати учун қилинадиган бош-қа назрларда ҳеч қандай танглик йўқ. Фиқҳий жиҳатдан тўғри бўлса, бўлди, бошқа тўсиқ йўқ.
Савол шуки, Аллоҳ таоло аброрларнинг васфида:
«Назрга вафо қилурлар ва ёмонлиги кенг тар-қаладиган бўлган Кундан қўрқурлар», деб турса ва яна бошқа оятда:
«Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва қадимги уйни тавоф қилсинлар», деган бўлса, қандоқ қилиб, назрларнинг барчаси ҳаром, деб ҳукм чиқариш мумкин?!»
Биз шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу гапларига тўла қўшилиш билан бирга, яна бошқа баъзи мулоҳазаларни ҳам айтиб ўтмоқчимиз.
Агар Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадиси шарифга биноан, «назр қилиш ҳаром» дейдиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг:
«Қилган нафақангизни ёки назрингизни Аллоҳ, албатта, билади. Золимларга ёрдамчилар йўқдир», деган ояти каримаси қаёқда қолади?!
Демак, Ислом шариати, унинг аҳкомлари ҳақида баҳс юритмоқчи бўлган, уларни тўғри тушунмоқчи бўлган ва умуман, динимиз ҳақида фикр-мулоҳаза юритмоқчи, бирор гапни одамларга етказмоқчи, ўзича ижтиҳод қилмоқчи бўлган ҳар бир одам аввало, Қуръони Каримни яхшилаб ўрганмоғи лозим. Сўнгра ҳадиси шарифларни ўрганиб, кейин бошқа масдарларга ўтиши керак бўлади.
Уламо аҳлларимиз ҳадиси шарифларнинг саҳиҳ бўлиши учун уларнинг Қуръони Карим оятларига мос келиши лозимлигини асосий шарт қилиб қўйганлар. Қуръони Каримга зоҳирида зид бўлиб кўринган ҳар бир ҳадисни илмий йўл билан, маълум қонун-қоидалар асосида таъвийл қилинади. Агар таъвийл қилиш имкони бўлмаса, ҳадис деб даъво қилинаётган нарсани ҳадис эмас, деб эълон қилинади.
Ушбу сиз билан биз ўрганаётган, мунозараларга сабаб бўлаётган, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадиси шарифнинг ҳам зоҳирий маъносини олинса, Қуръони Карим оятига зид бўлади. Шунинг учун уламо аҳлларимиз бу ҳадисни таъвийл қилиб: «Бу ҳадисдаги наҳйини зоҳирий маъно бўйича олинмайди. Агар шундоқ қилинадиган бўлса, назрнинг ҳукми ботил бўлади. Назрга вафо қилиш ҳам соқит бўлади. Бу ҳадисдаги наҳйи назр қазои қадарни қайтаради, инсонга ўзида йўқ нарсани келтиради, деб эътиқод қилиш мумкин эмаслигига оиддир», дейдилар.
Бу масала бўйича яна бир мулоҳаза бор. Агар Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадиснинг зоҳирий маъносига қараб, назр қилиш ҳаромдир, деган ҳукм чиқарадиган бўлсак, бошқа ёқдаги кўплаб ҳадисларни қўяйлигу, ушбу ўзимиз ўрганаётган бобдаги, ушбу ҳадисдан кейин келадиган ҳадисларга нима деймиз?!
Ҳа, бирор ҳукмни чиқаришдан олдин унга тегишли барча далиллар ва маълумотларни яхшилаб ўрганиб, солиштириб чиқиш лозим бўлади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ النَّذْرَ لاَ يُقَرِّبُ مِنِ ابْنِ آدَمَ شَيْئًا لَمْ يَكُنِ اللهُ قَدَّرَهُ لَهُ وَلَكِنِ النَّذْرُ يُوَافِقُ الْقَدَرَ فَيُخْرَجُ بِذَلِكَ مِنَ الْبَخِيلِ مَا لَمْ يَكُنِ الْبَخِيلُ يُرِيدُ أَنْ يُخْرِجَ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, назр одам боласига Аллоҳ унга тақдир қилмаган бирор нарсани яқин қилмайди. Лекин назр қадарга мувофиқ келади ва у ила бахил чиқармайдиган бўлган нарсани ундан чиқариб олинади», дедилар».
Икковини Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ўзидан олдин келган ҳадисни шарҳламоқда. Бу борада айтилаётган ҳадислар ақийда бобига, хусусан, қазои қадар масаласига тегишли эканлигини энди тўлиқ тушундик. Исломий ақийдага биноан, бу дунёдаги каттаю кичик ҳар бир иш фақатгина Аллоҳ таолонинг қазои қадари ила бўлади. Шунга биноан, мусулмон инсоннинг «Менга тақдир қилинмаган нарсани келтиради» деган эътиқод ила назр қилиши ҳаромдир.
Агар бундоқ назрдан бирор нарса қоладиган бўлса, у ҳам бўлса, оддий ҳолатларда ҳеч кимга бирор нарса бермайдиган бахил одам мазкур но-тўғри эътиқод билан назр қилса, ундан баъзи кишилар фойдаланиб қолишлари мумкин, холос. Лекин Исломда бу каби «фойдаларнинг» боридан йўғи яхши ҳисобланади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!