Ассалому алайкум! Жума намозда амри маруф мавзуси Умар розияллоҳу анҳудан хақида эди. Имомнинг айтишича хижобнинг фарз бўлишини Умар розияллоҳу анҳу маслахат берган эканлар. Ва бу маслахатларини Аллоҳ мақуллаган экан. Бу қанчалик тўғри?
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
عَنْ أَنَسٍ قَالَ: قَالَ عُمَرُ: وَافَقْتُ اللهَ فِي ثَلَاثٍ - أَوْ وَافَقَنِي رَبِّي فِي ثَلَاثٍ - قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، لَوِ اتَّخَذْتَ مَقَامَ إِبْرَاهِيمَ مُصَلًّى؟ وَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، يَدْخُلُ عَلَيْكَ الْبَرُّ وَالْفَاجِرُ، فَلَوْ أَمَرْتَ أُمَّهَاتِ الْمُؤْمِنِينَ بِالْحِجَابِ، فَأَنْزَلَ اللهُ آيَةَ الْحِجَابِ. قَالَ: وَبَلَغَنِي مُعَاتَبَةُ النَّبِيِّ بَعْضَ نِسَائِهِ، فَدَخَلْتُ عَلَيْهِنَّ قُلْتُ: إِنِ انْتَهَيْتُنَّ أَوْ لَيُبَدِّلَنَّ اللهُ رَسُولَهُ خَيْرًا مِنْكُنَّ. حَتَّى أَتَيْتُ إِحْدَى نِسَائِهِ، قَالَتْ: يَا عُمَرُ، أَمَا فِي رَسُولِ اللهِ مَا يَعِظُ نِسَاءَهُ حَتَّى تَعِظَهُنَّ أَنْتَ فَأَنْزَلَ اللهُ: عَسَى رَبُّهُ إِنْ طَلَّقَكُنَّ أَنْ يُبْدِلَهُ أَزْوَاجًا خَيْرًا مِنْكُنّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар бундай деди: «Уч нарсада Аллоҳга мувофиқ келдим [ёки уч нарсада Роббим менга мувофиқлик билдирди]:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олсангиз бўларди», деган эдим;*
Яна: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳузурингизга яхши ҳам, фожир ҳам кираверади. Шу боис, мўминларнинг оналарини ҳижобга буюрсангиз бўларди», деган эдим. Шунда Аллоҳ ҳижоб оятини* нозил қилган;
Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи аёлларидан аччиқланганлари ҳақида хабар етганда уларнинг ҳузурига кириб, «Ё бас қиласиз, ё ўрнингизга Аллоҳ Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга сизлардан кўра яхшироғини беради», деганман. Ҳатто аёлларининг ёнига борганимда улардан бири: «Ҳой Умар! Нега энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига у зот ҳақларида ўзлари эслатма қилмай, сен эслатма қиласан?» деган. Шунда Аллоҳ: «У сизларни талоқ қилса, ажаб эмаски, Робби сиздан яхшироқ, муслима, мўмина, итоаткор, тавбакор, ибодатли, рўзадор жувон ва қизларни ўрнингизга жуфт қилиб берса»ни* нозил қилган».
* Ушбу таклифга кўра қайси оят нозил бўлгани бу ривоятда аниқ айтилмаган бўлса-да, гапнинг оқимидан бу ерда Бақара сурасининг 125-ояти назарда тутилганлиги кўриниб турибди. Сарлавҳада ҳам бунга ишора борлиги эътиборидан муаллиф ушбу ривоятни айнан шу бобда келтирган бўлиши ҳам, ёки ҳадисни қисқартирган бўлиши ҳам мумкин.
* Ҳижоб ояти – ҳижобни фарз қилган оят. У Аҳзоб сурасининг 59-оятидир: «Эй Набий! Жуфти ҳалолларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт, жилбобларини ўзларига яқин тутсинлар. Мана шу уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ кўп мағфиратли ва ўта раҳмлидир».
* Таҳрим сураси, 5-оят. (Олтин силсила китобидан "Саҳиҳул Бухорий").
Валлоҳу аълам!