Ассалому алайкум! Қайнонамга бувотин устозлари келинларизга айтинглар хайз пайтида тахорат олиб кейин овқат пиширсин бўлмаса пиширган овқати харом бўлади депти. Мен бу ҳақида олдин эшитмаган эканман сизлардан сўраб билишни лозим топтим.
– Ва алайкум ассалом! Ўша “бувотин” шариатни билмас эканлар. Шаръий далилга асосланмай туриб бирор ишни ҳаром дейишдан қўрқсинлар.
عَنْ عُبَيْدِ الله بْنِ أَبِي جَعْفَرَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَجْرَؤُكُمْ عَلَى الْفُتْيَا أَجْرؤُكُمْ عَلىَ النَّارِ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ.
Убайдуллоҳ ибн Абу Жаъфардан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатвога журъатли бўлганингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир», дедилар».
Доримий ривоят қилган.
Ким дўзахга тушишдан қўрқмаса, парво қилмасдан тўғри келган фатвони айтаверади.
Ушбу таълимотлар мусулмонларнинг аввалги авлодлари томонидан яхши ўрганиб чиқилган, уларга амал қилинган ва улар асосида махсус қоидалар ишлаб чиқилган эди.
Абдурроҳман ибн Абу Лайло бир масалани сўраб билиб олиш учун бир юз йигирмата саҳобийга мурожат қилганини, уларнинг ҳаммаси ўзидан бошқадан сўрашни тавсия қилганларини ривоят қилган.
Ўзидан илмлироқ кишининг борлигини билган олим ҳам ўзи фатво бермай мазкур билмлироқ кишидан сўрашни маслаҳат бериши қоидага киритилган.
Мусулмонлар ушбу қоидага қарши чиққанларга нисбатан муросасиз кураш олиб борганлар ва шунинг учун ҳам, турли ихтилофлар ҳамда бало офатлардан сақланганлар.(“Дин насиҳатдир” китобидан). Валлоҳу аълам!