Ассалому алайкум! Агар мени мусулмон дўстим ёки мусулмон акам-укам бирор мусулмон билан хусуматлашиб қолганини менга келиб айтса, масалан: Фалончи билан орамизда низо чиқди (масалан: пул олди-бердисида келишмовчилик содир бўлган бўлса ёки дўстимни қиз ёки ўғил фарзанди ўша оила фарзанди билан турмуши бузилиб, ажрашган бўлишса ёки устоз-шогирт тушиб, устозидан юз ўгирган бўлса). Ва ўша дўстим мени олдимга келиб менга эълон қилса-ки: Мен фалончи билан тортишиб қолдим. У мени хусуматчим. Бундан буёғига хусуматчим билан сени тижорий алоқа қилишинг, тўй-хашамига боришинг, мени ранжитади, деса. Ва шу муносабат билан сен хам мени хусуматчим билан савдо қилиш алоқасини узгин деб талаб қилиб келса. Бундай пайитда мен мусулмон дўст сифатида ёки мусулмон ака-ука сифатида ўша хусуматлашилган одам билан савдо алоқаларимни узушим ёки давом эттиришимни хукми қандай? Холат шуки: икки тараф хам мусулмон, икки тараф хам ўзини хақ деб билаяпти. Ким золим ёки ким мазлум эканини аниқлаштиришни хам иложиси топилмаган бўлса. Уларни яраштиришни имкони хам бўлмади. Шу пайитда мени холатим қандай бўлиши керак? Қайси тарафга ўтишим керак? Биринчи мусулмон тарафига ўтиб уни талабини қондиришим керакми ёки иккинчи мусулмонни тарафига ўтиб, у билан савдо алоқаларини давом эттираверишим керакми? Агар бир тараф мени яқин қаримдошим бўлса-чи? Ёки хар икки тараф хам қаримдошим бўлса-чи? Ёки бир тараф хам мен учун биродар мусулмонларим бўлсачи? Мен бундай холатда: 1) Бу талабни бажаришга мажбурманми, яъний мен учун бу талабни бажаришим Фарзми? Суннатми? Мубохми? 2) Ёки бундай буйруқни бажаришим Макрухми? Харомми? 3) Ёки бажариш-бажармаслигим Мубохми? яъний ихтиёрийми?
– Ва алайкум ассалом! Мўмин бошқа бир мўмин билан алоқаларни узиб душманчилик қилиш, гина сақлаш, бошқаларни унга қарши қайраш ҳалол эмас. Сиз унинг талаби бажарсангиз гуноҳкор бўласиз.
عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَحِلُّ لِرَجُلٍ أَنْ يَهْجُرَ أَخَاهُ فَوْقَ ثَلَاثِ لَيَالٍ، يَلْتَقِيَانِ فَيُعْرِضُ هَذَا وَيُعْرِضُ هَذَا، وَخَيْرُهُمَا الَّذِي يَبْدَأُ بِالسَّلَامِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Мусулмон) кишига ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Учрашиб қолсалар, бу ҳам юз ўгириб кетади, у ҳам юз ўгириб кетади. Икковининг яхшироғи саломни бошлаганидир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Исломда биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандачилик қилиб, уришиб, жанжаллашиб, гуноҳкор бўлиб юрганларнинг бир-бирларига нисбатан адоват сақлаб, аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Жаҳлдан тушиб, ўзларига келишлари учун уришган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетиш ҳаромдир. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб, қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!