Ассалому алайкум! Мен бир корхонада 1 ой ишладим (иш хақи келишилган). Иш хаққимни бермади. Мен корхона атрофидаги бошқа корхоналарни огохлантириб қўйсам бўладими? Хар сафар бошқа ишчилар олиб ишлатиб кеткизиб юбораркан.
– Ва алайкум ассалом! Ҳақиқатан пулни беришга қодир бўла туриб, сизга зулм қилиб, чўзиб юришган бўлса бошқаларга буни билдирсангиз бўлади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَطْلُ الْغَنِيِّ ظُلْمٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Моддий имкони бор одам ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши золимликдир. У бу билан ҳақдорларга ҳам, ўзига ҳам зулм қилади. Ҳақдорлар ундан ўз вақтида ҳақларини ололмай, зулмга учрайдилар. Ўзи эса бу иши билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади.
Имом Шофеъийнинг ҳукмлари бўйича, агар бой кишидан мазкур иш иккинчи марта такрор бўлса, унинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Яъни жамиятдаги ишончсиз кишилар қаторига қўшилиб қолади.
Ушбу тушунча унутилгани сабабли жамиятларимизда бойлар, имкони бор одамлар бировнинг ҳақини бермай юриши кенг тарқалган. Агар бирор марта «Фалончи ўз зиммасидаги ҳақни вақтида адо этмагани учун уни ишончсиз киши деб эълон қилинсин», деган ҳукм чиққанида эди, дарҳол ҳамма ўзини ўнглаб олган бўлар эди. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирда ушбу шаръий ҳукмга амал қилиш кўпчиликнинг ёдидан кўтарилган. Қарзини узиш имкони бўла туриб, топган пулини турли ҳойи-ҳавасларга ишлатиб юрганлар оз эмас.
وَلِلْبُخَارِيِّ وَأَحْمَدَ وَالنَّسَائِيِّ: «لَيُّ الْوَاجِدِ يُحِلُّ عِرْضَهُ وَعُقُوبَتَهُ
Бухорий, Аҳмад ва Насоий қилган ривоятда:
«Топганнинг бўйин товлаши унинг обрўсини (тўкишни) ва уқубатини ҳалол қилади», дейилган. (“Қарз” китобидан). Валлоҳу аълам!