Ассалому алайкум! Укам ва хотини ғарбона қарашдаги, фосиқ одамлар эди. Буларни мусулмон қилгунча сочим оқарди. Аллоҳга шукр, бугун укам ҳам келиним ҳам намозли, тақволи инсонларга айландилар. 5 нафар фарзандлари бор. Бундан йигирма йил аввал укам хотини билан жанжаллашаётганида “уч талоқсан” деган, эслайман. Ўзи эсламаса керак… Ўша вақтларда эркакларни оғзида ўйинчоқ бўлиб қолганди талоқ деган сўз. Ичимни ит тирнайди, китобларда излаб жавобини тополмайман, укам ўшанда айтган гапи билан талоқ тушганми? У ширкка ўхшаш гапларни ҳам ўйламай гапириб юборадиган даражада эди ўша пайтларда. Бир имомдан сўрасам, билимсизлиги унинг муаммоси, мусулмон билиши шарт эди, талоқ тушган, хотини харом бўлган, деб юборди. Бу гап жуда оғир, нима укам илмсиз, намозсиз, фосиқлик пайтидаги хатоси учун ҳозир оиласи харом, фарзандлари валадизино бўлиб қоладими? Хатто мушрикни тавба билан қабул қилган Парвардигоримиз бу масалада тавбани қабул қилмаганми? Ҳазиллашиб, ўйин қилиб, билгану лекин маст бўлган, ғазабда айтилганини тушунаман, лекин сўзни маъносини тушунмасдан айтган одам учун бу масалада ечими бўлишига ишонаман. Биз мусулмон диёрида ўсмаганмиз, совет даври исломни таъқиқлаган. Билимсиз ўсганмиз. Аллоҳга шукр тўғри йўлни топиб олдик. Кўп одамларда исломий билим умуман бўлмаганку, наҳотки бу масалада бир ечим йўқ? Укам ва оиласининг тақдири нима бўлади? Исломни қабул қилгунча қилинган гуноҳлари кечилган мушрик саҳобалар борку? Хатто фарзандини кўмган, бегуноҳларни ўлдирган ва тавба қилганлар кечирилганку?
– Ва алайкум ассалом! Укангиз хотинига “уч талоқ” деганини, бу билан унга уч талоқ тушиб бирга яшашларига йўл қолмаганини ўзингиз ҳам яхши билар экансиз. Шунга қарамай бирор ечим бордир, деган умидда бизга ёзган кўринасиз. Аммо, сизнинг ёзганларингизнинг ўзига таяниб хулоса қилинса, яшашга йўл қолмаган. Агар масалани тўғри тушунтира олмадим, деб ҳисобласангиз ўзингиз яшаб турган ердаги талоқ илмига пухта бўлган аҳли илмга бориб, қайтадан масалангизни айтиб беринг. Валлоҳу аълам!