Ассалому алайкум! Ҳозирги кунда жуда урфга кирган нейрографика орқали пул оқимига очилиш деган тушунчага аниқ изоҳ бера оласизми? Чунки жуда кўп психологлар Аллоҳга таваккал чизиғи билан чизишни ўргатаман деб курслар очишдан. Минглаб одамларни онгида шуни ўрганиб, чизсам пулим кўпаяди деган тушунча бор. Бу шариатимизда жоизми ўзи?
– Ва алайкум ассалом! Бирор бир суратни чизиб қўйиб, шу ишнинг ўзи унга пул келтиради ёки ҳаётини ўзгартиради деб ўйлаш ақлсизликдир. Инсон бу даражада телба бўлмаслиги керак. Ҳаётингизни яхши тарафга ўзгартирмоқчи бўлсангиз унинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳдан сўранг ва Унгагина таваккал қилиб сабабларни бажаринг (илм олинг, касб қилинг).
Биз психология фани билан яхши танишиб чиқдик. Ҳар бир ўлканинг психология таълимоти ўз динига боғланган шаклда ўргатилар экан. Масалан хитойликлар буддавий динига боғлаб, ҳиндистонликлар кришна ва шу каби бутларга боғлаб, европа насронийлик динига боғлаб, америка ва канада каби маслакатлар Таврот ва Забурга боғлаб ўргатишар экан. Минг афсуски буларнинг барчасида фойда борлиги билан биргаликда ширкка чақирувчи фалсафа ҳам бор экан. Алҳамдулиллаҳ ёшлигидан динни маҳкам ушлаб, кейин фалсафа фанини ўқиганлар ҳам бор экан. Улар қайси ўринда иймон эътиқодга зид ҳолатлар борлигини ажратиша олишар эканлар. Шундай инсонлардан ўқисангиз майли. Чунки ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсаси, қаерда бўлса ҳам олишга энг ҳақли инсон ҳисобланади. Қолаверса чуқур эътибор қаратсак улар бу фалсафани Қуръон ва ҳадисдан олганликлари намоён бўлмоқда. Улар буни изҳор қилмаслик мақсадида уларга турлича атамалар ва чалғитиш учун кўплаб фалсафаларни тиқиштиришар экан. Сиз психологияни ҳам ўқинг, Ислом ақийда ва фалсафасига тегишли фанни ҳам ўқинг. Валлоҳу аълам!