Ассалому алайкум! Болалигимдан укаларим билан сен Аллоҳни қандай тасаввур қиласан деб бир биримиздан сўрардик. Аллоҳ кечирсин! Бола бўлганимиз учун тушунмасдик диний тушунча ҳам йўқ эди. Ўзимизча тасаввуримиздаги нарсаларни айтардик ва ўша пайтда Аллоҳ деса ҳаёлимизга тасаввуримиздаги нарса келарди. Аммо ҳозир ҳам шундай бўляпти орадан анча вақт ўтди Алҳамдулиллаҳ диний билимларга анча эгаман. Лекин Аллоҳ деса ёшлигимдаги тасаввурларимдаги нарса келаверади. Бу ҳаёллардан қутулишга қанча ҳаракат қилдим барибир васваса босаяпти. Лекин мен Аллоҳ мени тасаввуримдака демаганман бундай деб ҳам ўйламаганман. Бу ҳолат мени ширк амал қилишимга сабаб бўлиб қолмайдими?
– Ва алайкум ассалом! Модомики Аллоҳ таоло борасида шундай деб эътиқод қилмас экансиз ширк келтирган ҳисобланмайсиз. Бундай ҳаёллар келган вақтда Аллоҳдан паноҳ тиланг.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللهَ تَجَاوَزَ لِأُمَّتِي مَا حَدَّثَتْ بِهِ أَنْفُسَهَا مَا لَمْ يَتَكَلَّمُوا أَوْ يَعْمَلُوا بِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан, модомики, гапирмасалар ёки қилмасалар, кўнглидан ўтказганини кечиб юборди», дедилар».
Икки ҳадисни Имом Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида Аллоҳ таоло томонидан ўз умматларига қилинган катта фазлу карам ҳақида сўз юритмоқдалар. Демак, мусулмон одам бир гуноҳ иш қилишни кўнглидан ўтказса, лекин бу ҳақда гапирмаса ёки уни амалга оширмаса, Аллоҳ таоло кечиб юборар экан. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, юқоридаги нарса учун ҳам жазолаши мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига марҳамат кўрсатиб, улардан бу нарсани кечиб юборди. Бу ҳам Ислом динининг афзалликларидандир.
Ислом дини ёмонликнинг умуман юзага чиқмаслиги тарафдори эканлигини ушбу ҳадисдан билиб олсак бўлади. Бу ҳадиси шариф ҳар бир кишига улкан руҳий-маънавий таъсир ўтказиши турган гап. Одам инсончилик юзасидан гоҳида баъзи бир ёмон ишларни қилишни кўнглидан ўтказиши ёки ўзича гапириши мумкин. Кейин эса уни ташида ҳам айтиши мумкин. Ташида айтиши ёмонлик томон қўйилган қадамдир. Ундан кейин яна бир қадам босилса, ёмонлик амалга ошади. Шунинг учун ёмонликни умуман юзага чиқармай туриб, йўқ қилиш керак. Банда ёмонликни кўнглидан ўтказган бўлса ҳам, Аллоҳ уни кечириб юборади, унинг «номаи аъмоли»га ёмонлик ёзилмайди. Бу билан инсонни ёмонликдан уни кўнглидан ўтказган пайтидаёқ қайтариш чораси кўрилмоқда.
Демак, баъзи вақтларда ёмонликни кўнглидан ўтказиш ҳоллари юзага келса, дарҳол ушбу ҳадиси шарифни эслаб, хаёлдаги сўзни гапирмаслик ва унга амал қилмасликка уринишимиз лозим.
Дунёнинг деярли ҳамма юртларида жиноятнинг олдини олиш бўйича илми нафс (психология) мутахассислари тайёрлашга катта куч ва маблағ сарфланиб, қанчадан-қанча оворагарчиликлар бўлмоқда. Исломда эса бу муаммо аллақачон ҳал этиб бўлинган. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!