Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қалбида заррача кибр бўлса жаннатга кирмайди

19:00 / 27.11.2022 | Nuriddin Murodov | 1657

Ассалому алайкум! Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларининг бир маърузаларида эшитгандим: "Кимни қалбида заррача иймони бўлса дўзахга кирмайди, кимни қалбида заррача кибр бўлса жаннатга кирмайди" деган еканлар. Бир қалбда ҳам иймон ҳам кибр бўлиши мумкин эмасми? Кибр ва иймон бир бирини инкор этадими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Маърузада айтилган ўша жумла ҳадиси шарифдан иқтибосдир. Бир қалбда иймон ҳам кибр ҳам жамланиб қолиши мумкин. Аммо бундай мўмин жаннатга тўғридан-тўғри кириб кетмайди. Балки қилган гуноҳлари учун жазо ва азоб олиб (агар Аллоҳ таоло шуни истаса) сўнгра киради. Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида иймони бор одам дўзахга кирмайди жумласининг маъноси “Дўзахга кофирлар каби абадий қолувчи бўлиб кирмайди” деганидир. Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида кибри бор одам жаннатга кирмайди жумласининг маъноси эса “Иқоб ва итобга учрамай жаннатга кирмайди (агар Аллоҳ шуни истаса)” деганидир.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَدْخُلُ النَّارَ أَحَدٌ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ حَبَّةِ خَرْدَلٍ مِنْ إِيمَانٍ، وَلَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ أَحَدٌ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ حَبَّةِ خَرْدَلٍ مِنْ كِبْرِيَاءَ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида иймони бор одам дўзахга кирмайди. Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида кибри бор одам жаннатга кирмайди», дедилар».

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ». قَالَ رَجُلٌ: إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَنًا وَنَعْلُهُ حَسَنًا. قَالَ: «إِنَّ اللهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ، الْكِبْرُ بَطَرُ الْحَقِّ وَغَمْطُ النَّاسِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қалбида зарра оғирлигида кибри бор киши жаннатга кирмайди», дедилар».
«Эй Аллоҳнинг Расули, киши кийими гўзал бўлишини, пойабзали гўзал бўлишини ёқтиради-ку?» деди бир одам.
«Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади. Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир», дедилар».
Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбида зарра оғирлигида кибри бор киши жаннатга кирмаслиги ҳақида хабар бериш билан бирга, саҳобаларнинг саволларига жавоб тариқасида кибрни таърифлаб ҳам бермоқдалар.
Саҳобаи киромлар ораста ва гўзал кийиниш ҳам кибр ҳисобланади шекилли, деган гумонга бориб қолган эканлар. Шунинг учун улардан бирлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Киши кийими гўзал бўлишини, пойабзали гўзал бўлишини ёқтиради-ку?» деб сўради.
«Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севадир», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга жавоб берар эканлар. Кишининг ўзини камтар тутган ҳолда гўзал кийиниши гўзалликни севувчи Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло севган ишга амал қилгани бўлади. Мусулмон инсоннинг гўзал кийиниши зинҳор кибрланиш эмас.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севадир», деган гаплари мўмин-мусулмонларнинг муомалавий ҳаётларидаги бош шиорлари бўлиши керак.
Албатта, бунда кибрдан четланиш шартдир. Буни амалга ошириш учун кибр нимадан иборат эканини яхши билиб олиш зарур. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича таърифламоқдалар:
«Кибр – ҳақни инкор қилиш ва одамларни паст санашдир».
Демак, ҳақни инкор қилиш ва одамларни пастга уриш кибр экан. Мўмин-мусулмон киши бировга жабр қилувчи, кибрланувчи бўлмаслиги керак. Аксинча, ўзини камтар тутиши, ҳаммани тенг кўриши, мутавозеъ бўлиши лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat