Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳаром луқма ҳақидаги иловадан олган хулосам

19:56 / 06.12.2022 | Shohruxbek | 651

Ассалому алайкум! 1. Менда ҳаром луқма деганда ҳаром йўл орқали топилган луқма ва ҳалол йўл билан топилган аммо еган таомининг ўзи ҳаром бўлган луқма тушунчаси пайдо бўлди. Бу фикрим тўғрими? 2. Инсоннинг топган пулига ҳаром аралашган бўлса унинг ибодатлари қабул бўлмаслиги мазмунидаги росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадис ва саҳобийларнинг сўзларини ўқидим. Фарзларни бажарганида унинг бўйнидан соқит бўлишини, аммо савоб берилмаслигини ҳам ўқидим. Агар инсон аралаш пул топиб юрган бўлсаю кейинчалик ҳалол топишни бошлаб кўпроқ эҳсонлар қилиб бўйнидаги инсонларнинг ҳақларини адо эта олса, унинг олдинги намозлари учун савоблар кейинчалик бериладими ёки ҳалолдан топишни бошлаганидан кейинги амалларининг савоблари ёзиладими? 3. 40 кун рўза тутиш орқали инсоннинг фақат ҳаромдан еганларининг гуноҳи эрийдими ёки ундан ҳосил бўлган эт ҳам эрийдими. Буни қандай тушуниш керак? Ҳаромдан бўлган жасад Жаннатга кирмайди деганини қандай тушунамиз шунда. 4. Бир инсон гўштли таом емоқчи бўлса ва мусулмон сотувчидан гўштни ҳалолми деб сўраганида у ҳа деб жавоб берса, унинг учун фақат сотувчи жавобгар бўладими? У инсон билмасада аммо гўшт ҳаром бўлган бўлса у гўштдан ҳосил бўлган эт ва ҳаром еганнинг гуноҳи учун ким жавоб беради?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 1). Тўғри.  

2). Банда насуҳ тавба қилса Аллоҳ таоло ўз фазли билан унинг гуноҳини савобга алмаштириб беради.
Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида: «Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир», деган.
Юқоридаги оятда мазкур гуноҳларни қилганлар тамоман умидни узар эканлар-да, деган маъно чиқиб қолмаслиги учун ушбу оятда тавба эшиги доимо очиқлиги баён қилинмоқда. Ўша уқубатдан мустасно бўладиганлар ҳам бор экан. Ундай одамлар қаторига:
«Ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса», ўша киради.
Яъни, қилган гуноҳидан тамомила қайтса, иккинчи бор қилмаса, иймон келтириб, мўмин бўлса ва иймон тақозосига кўра солиҳ амал этса, мазкур азобга дучор бўладиганлардан мустасно бўлади. Вақтида қилган хатосини англаб тавба этган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган бандаларни Аллоҳ таоло муносиб тақдирлайди.
«Бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур».
Аллоҳнинг файзини, марҳаматини қаранг! Яратган бандаси нонкўрлик қилса, унга ширк келтиришдек улкан зулмни амалга оширса, унинг амрига исён қилиб одам ўлдирса ёки зино қилса-ю, сўнгра тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, унинг гуноҳларини савобга алмаштириб қўйса! Бундан ҳам ортиқ мағфиратлилик, бундан ҳам ортиқ раҳмлилик бўладими?!
«Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир».
Бўлмаса, тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилганларнинг ёмонликларини яхшиликка алмаштирмас эди.
Имом Табароний ривоят қилган. ҳадисда айтилишича, «Абу Фарва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Айтинг-чи, бир одам ҳамма гуноҳларни қилган бўлса, каттаю кичигини қўймаган бўлса, тавба қилса бўладими?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Исломга кирдингми?!» дедилар.
«Ҳа!» деди у.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яхшиликларни қилавер. Ёмонликларни тарк эт. Аллоҳ сенга ҳаммасини яхшилик қилиб беради», дедилар.
«Алдамчиликлариму- фожирликларимни ҳамми?!» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа!» дедилар.
У такбир айтиб («Аллоҳу Акбар!!!» деб) қайтиб кетди. Кўздан кўринмай қолгунча такбири эшитилиб турди».
Лекин бундай ҳолга эришиш учун тавба ҳақиқий бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқат келаси оятда яна бир бор таъкидланмоқда:
«Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтар».
Тавба қилиш гуноҳга афсус-надомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни қайтармасликка дилда қаттиқ аҳд қилинади. Кейин бу аҳд дилда тасдиқланади. Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта эканлиги унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ-яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Чунки гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир. Шунинг учун тавба ҳам амалсиз бўлмас.

3). Қирқ кун рўза тутиб ҳаром луқмадан покланиш ҳақида шаръий кўрсатма ворид бўлмаган. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда “Ҳаромдан ўсган эт жаннатга кирмайди. У жаҳаннамга лойиқдир” дейилган. Ундан мурод ҳаром еган ва унга одатланиб қолган инсондир. Насуҳ тавба қилган инсон эса бу ваъиддан мустаснодир. Чунки тавба ўзидан аввалги гуноҳларни ўчиради.

 4). Сотувчи жавобгар бўлади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat