Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намозда таҳорат

22:28 / 07.12.2022 | Anvar Narzullaev | 828

Ассалому алайкум! Намоз таҳоратли ҳолда ўқилишини биламан. Лекин қуйидаги ҳолат бўйича аниқлик киритмоқчи эдим. Жаноза намозида сафда турганда, намоз бошланишига саноқли, масалан, 3-5 сония қолганда таҳорат кетиб қолса, шундай ҳолатда нима қилиш керак? Танишимнинг айтишича, бир китобда бундай ҳолатда намоз ўқиса бўлиши ёзилган экан. Чунки намоз деярли бошланган, таҳорат олиб қўшилишга имкон йўқ.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Жаноза намози ҳозир бўлган вақтда уни таҳорат олиб келиб ўқишга улгурмайдиганлар таяммум қилиб ўқишлари жоиз. “Кифоя” китобида бундай дейилган:
Сувнинг бир мил узоқда бўлиши, беморлик, совуқ, душман, чанқоқ, асбоб йўқлиги, аввалбошдан ёки давом эттириш ила ийд намози ёки валийдан бошқага жаноза намози каби ўринбосари йўқ нарсанинг ўтиб кетиши хавфи туфайли сув ишлатишдан ожиз бўлганда таяммум таҳорат ва ғуслга ўринбосар бўлади.
Ийд намози ўтиб кетса, уни қазо қилиб ўқиб бўлмайди. Ёки унинг ўрнига бошқа бирор ибодат жорий қилинмаган. Шунинг учун таҳоратсиз одам таҳорат қилгунича намоз тугаб қолишидан қўрқса, таяммум қилиб, ийд намозига қўшилади.
Агар ўликнинг валийси (эгаси) жаноза намозига кеч қолса, у таҳорат қилгунича кутиб турилади. Аммо ўлганга валий бўлмаган одам кеч қолса, уни кутилмайди. Шунингдек, жаноза намозини қазо қилиб ҳам бўлмайди. Бинобарин, валий бўлмаган одам сув топиб, таҳорат қилгунича жаноза намози ўтиб кетишидан қўрқса, таяммум қилиб, намозга тураверади.

وَرَوَى ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَالطَّحَاوِيُّ وَالنَّسَائِيُّ عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ قَالَ: إِذَا خِفْتَ أَنْ تَفُوتَكَ الْجِنَازَةُ وَأَنْتَ عَلَى غَيْرِ وُضُوءٍ فَتَيَمَّمْ.

Ибн Абу Шайба, Таҳовий ва Насоий қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар:
«Қачонки жаноза ўтиб кетишидан қўрқсанг ва таҳоратинг бўлмаса, таяммум қил». 

وَرَوَى الْبَيْهَقِيُّ: أَنَّ ابْنَ عُمَرَ أُتِيَ بِجِنَازَةٍ وَهُوَ عَلَى غَيْرِ وُضُوءٍ فَتَيَمَّمَ وَصَلَّى عَلَيْهَا.

Имом Байҳақий қилган ривоятда:
«Ибн Умарга бир жаноза келтирилди. Унинг таҳорати йўқ эди. Шунда таяммум қилиб, жаноза ўқиди», дейилган.
Имом Дора Қутний мазкур икки саҳобийнинг ийд намозида ҳам худди шундай қилганларини ривоят қилган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat