Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Фарзанд кимда қолади?

20:00 / 22.12.2022 | Хадича Р | 1369

Ассалому алайкум! Эр хотин ажрашганида, шариат бўйича ўғил фарзанд кимда қолиши керак?  


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Она талаб қилса унга берилиши лозим.

Болани қарамоғига олиш ҳам ота она ёки яқин қариндошларнинг иши, болаларнинг ҳаққидир.
Бу иш араб тилида «ҳизона» дейилиб, «қучоғига олиш» маъносини билдиради. Шариат истилоҳида эса ота ва она ажрашгандан кейин гўдак болани ўз қарамоғига олиш ва тарбия қилишга айтилади.
Онага мажбурламасдан берилади. Талоқ қилинганми ёки бошқача бўлганми, барибир.
Яъни, ота онанинг нима сабабдан ва қандай ҳолатда ажрашганларидан қатъи назар, онаси истаб турса, бола унга берилади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аёл:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сувидиш эди, қучоғим муҳофазачи бўлган эди. Энди эса отаси мени талоқ қилиб, уни мендан тортиб олмоқчи», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Модомики турмуш қилмасанг, сен унга ҳақлироқсан», дедилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.
Ибн Абу Шайба ўзининг «Мусаннаф» номли китобида Саъийд ибн Мусайябдан ривоят қилади:
«Умар Умму Осимни талоқ қилди. Кейин унинг олдига борди. Осим унинг қучоғида турган эди. Болани ундан тортиб олмоқчи бўлди. Иккўвлари уни тортишиб кетди. Бола йиғлаб юборди. Иккўвлари Абу Бакрнинг ҳузурига борди. Бас, Абу Бакр унга:
«Аёлнинг силаши, қучоғи ва ҳиди унинг учун сендан кўра яхшироқ. Бола улғайса, ўзи танлаб олади», – деди».
Агар аёл болани олишни истамаса, у мажбурланмайди. Илло, ундан бошқа шахс бўлмаса ёки бола ундан ўзгага кўнмаса, мажбурланади.
Болани қарамоғига олишга ҳақдорларнинг онадан кейинги тартиби қуйидагича:
Сўнг онанинг онаси, агар юқориласа ҳам. Кейин отасининг онаси, ота ва она бир опаси, она бир опаси, ота бир опаси. Сўнгра шу тартибда холаси ва аммаси. Улар ҳур бўлишлари шарти ила.
Бу ҳукмга далил ушбу ҳадисдир:
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Зайд ибн Ҳориса Маккага бориб, Ҳамзанинг қизини олиб келди.
Шунда Жаъфар:
«Уни мен (қарамоғимга) оламан. Унга мен ҳақлиман. Чунки у амакимнинг қизи. Унинг холаси менинг қўлимда. Хола она (ўрнида)дир», деди.
Али эса:
«Унга мен ҳақлироқман. У амакимнинг қизи. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари менинг қўлимда. У бу қизга ҳақлироқ», деди.
Зайд эса:
«Унга мен ҳақлиман. Уни олиб келгани мен бордим, мен сафар қилдим ва уни ўзим олиб келдим», деди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига чиқдилар-да, уни Жаъфарга беришга ҳукм қилдилар ва:
«У холаси билан бўлади. Хола она (ўрнида)дир», дедилар».
Абу Довуд ва икки шайх ривоят қилганлар.
Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг Иммора исмли қизи Маккада қолиб кетган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиз Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қарамоғига берилиши ҳақида ҳукм чиқардилар. Чунки Жаъфар розияллоҳу анҳунинг хотини қизнинг холаси эди. Хола эса она ўрнидадир.
Демак, кичкина болаларни қарамоққа олишда аёл кишиларга қаралар экан.
Бу эса то бола дин жиҳатидан ақлини танигунича бўлади.
Уни мусулмон қилиб тарбиялаш керак. Имом Шофеъий, Аҳмад ва Молик раҳимаҳуллоҳлар: «Зиммияга қарамоғига олиш ҳаққи берилмайди», – деганлар.
Болага маҳрам бўлмаганга никоҳланиши ила аёлнинг ҳаққи соқит бўлади.
Чунки бу ҳолатда болага зарар етиши муқаррар бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида келтирилган ҳадисда аёлга: «Модомики никоҳланмасанг, сен унга ҳақлироқсан», – дедилар.
Боланинг онаси амакисига ёки бувиси бобосига никоҳлангани каби маҳрамга бўлса, соқит бўлмайди.
Агар болани қарамоғига олган аёл болага маҳрам бўлган кишига эрга тегса, ўша одам ҳам қариндошлик юзасидан болага меҳр кўрсатишининг эътиборидан аёлнинг қарамоққа олиш ҳаққи соқит бўлмайди. Мисол учун, болани онаси қарамоғига олиб туриб, унинг амакисига никоҳланиши ёки онадан бўлган момоси қарамоғига олиб туриб, отадан бўлган бобосига никоҳланиши каби.
Қарамоққа олиш ҳаққи уни соқит қилган никоҳнинг зоил бўлиши билан қайтади.
Мисол учун, онаси бегона кишига эрга тегиши билан болани қарамоғига олиш ҳаққидан маҳрум бўлади. Аммо, она ўша эрдан ажрашса, қарамоққа олиш ҳаққи яна унга қайтади.
Кейин асабалар ўз тартибларига қараб, ҳақли бўладилар.
«Асаба» сўзи «яқин турган», «ёпишган» деган маъноларни англатади. Киши бошини маҳкам боғлаб олишга ишлатадиган боғичга ҳам шу сўз ишлатилади.
Шу маънода кишининг яқин эркак қариндошлари ҳам «асаба» дейилади. Чунки унга нисбатан бирор хавф-хатар туғилганда, ўша қариндошлар келиб, уни ўраб туриб, ҳимоя қиладилар. Ўзларининг ҳаётларини хавф остига қўйиб, ундан душманни даф қиладилар. Шунингдек, молиявий тўловларга ожиз бўлиб қолса ҳам, ўшалар тўлайдилар. Шунинг учун ҳам улар меросга ҳақли бўлганлар.
Асабага ота, бобо, ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган ака ука, ота бир ака ука, туғишган ака уканинг ўғиллари, туғишган амакилар, уларнинг ўғиллари ва бошқалар киради. Ана ўшалар қариндош аёллар орасидан қарамоққа оладиган шахс топилмаганда, болани ўз қарамоғига олишга ҳақлидирлар. Уларнинг ҳақлилиги мазкур тартиб асосида бўлади.
Лекин қиз бола озод қилиш туфайли мавло бўлган ва амакининг ўғли каби маҳрам бўлмаган асабага ва шармсиз фосиққа берилмайди.
Улар қиз болани ўз қарамоғига олсалар, фитна бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, уларга бу ҳуқуқ берилмайди. Валлоҳу аълам!

«Бахтиёр оила» китобидан

Топ рейтинг www.uz Openstat