Ассалому алайкум! Судда ёлғон гувохлик берса буни гунохи қандай?
– Ва алайкум ассалом! Ёлғон гувоҳлик бериш гуноҳи кабирадир. Охиратда савол-жавоби ўта оғир бўлади. Ҳадиси шарифларда қуйидагича келади:
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْكَبَائِرِ، قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَقَتْلُ النَّفْسِ، وَشَهَادَةُ الزُّورِ». تَابَعَهُ غُنْدَرٌ وَأَبُو عَامِرٍ وَبَهْزٌ وَعَبْدُ الصَّمَدِ عَنْ شُعْبَةَ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан катта гуноҳлар ҳақида сўрашди. У зот: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дедилар».
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» قُلْنَا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ». وَكَانَ مُتَّكِئًا فَجَلَسَ فَقَالَ: «أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ وَشَهَادَةُ الزُّورِ، أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ وَشَهَادَةُ الزُّورِ». فَمَا زَالَ يَقُولُهَا حَتَّى قُلْتُ: لَا يَسْكُتُ
Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳой! Сизларга кабираларнинг энг каттасини маълум қилайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули» дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар. У зот суяниб ўтирган эдилар, ўтирдилар-да: «Ҳой, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам! Ҳой, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам!» дедилар. У зот буни айтавердилар, ҳатто тўхтамасалар керак, деб қолдим». ("Олтин силсила" китобидан "Саҳиҳул Бухорий"). Валлоҳу аълам!