Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Болаларни олдида ароқ ичиб ўтирса бўладими

00:48 / 10.12.2022 | Feruza | 1037

Ассалому алайкум! Эрим мактабда дарс берадилар спортдан ўқтувчилар 10 синф болаларига улар фитбол литсайида хам ётиб ўқишади кечқурун УЧ тўрт болалар домламизни кўргани чиқдик деб киришади уларга эрим ароқ олдириб келиб болаларим олдида ўқувчилари билан уларни яхши кўрган қизларни хар хил гапларни гапириб ичиб ўтиради болаларим хаммаси ўғил болалиги учун хавотир оламан, бу исломда хам тўғрими болаларим отаси эканлиги учун хеч нима диёлмаймиз


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ароқ ичиш ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳаром. Эрингиз бу ишини ташласин. Акс ҳолда охиратда сўроқ-саволи оғир бўлади. Кимдир унга тақлид қилиб ароқ ичишни бошласа унинг гуноҳи эрингизга ҳам ёзилади. Аллоҳдан қўрқсин. Аллоҳ таоло "Моида" сурасида:

 إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَن يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاء فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَن ذِكْرِ اللّهِ وَعَنِ الصَّلاَةِ فَهَلْ أَنتُم مُّنتَهُونَ۝  وَأَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَاحْذَرُواْ فَإِن تَوَلَّيْتُمْ فَاعْلَمُواْ أَنَّمَا عَلَى رَسُولِنَا الْبَلاَغُ الْمُبِينُ۝ 

«Албатта, шайтон «хамр» ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?! Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Расулимизнинг вазифаси аниқ етказиш, холос», деган (91-92-оятлар).
Бу ояти каримада хамр билан қимор сабабли мусулмонлар орасида ўзаро адоват ва ёмон кўришлик пайдо бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир. Бу ҳақиқатларни бутун дунё-мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам, ҳатто ароқхўрлар ҳам яхши билади.
Биз у ҳақдаги маълумотларни такрорлаб ўтирмайлик-да, ушбу ояти каримада зикр қилинган зарарини—кишилар ўртасида адоват ва ёмон кўришга сабаб бўлишини эслаб ўтайлик.
Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда ичкилик бўлса,  ўша  жойда  кўнгилсизлик  келиб  чиқади. Ичкилик туфайли оилалар бузилгани қанча, ака-укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшнилар бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўришларнинг ҳисобига етиб бўлмайди. Ҳозирга келиб, ичкилик мамлакатлар орасига ҳам адоват солмоқда.
Шунингдек, қимор ҳам зарари кўп иллатдир. Айниқса, кишилар ўртасига адоват солиши ҳаммасидан ўтиб тушади. Буни содда мантиқ ҳам кўрсатиб туради. Ютқазган қиморбоз ўзидан бир дақиқа ва бир ҳаракат ила катта ёки оз миқдордаги маблағни ютиб олган қиморбозни ҳеч қачон яхши кўрмайди ёки унга ўзини дўст санамайди. Қиморнинг орқасидан чиққан жанжаллар, душманликлар, ёмон кўришлар, қотилликлар ҳақида ҳар доим эшитиб турамиз.
Аллоҳ таоло бу икки нарсани — «хамр» ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши», деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган ароқ билан қиморнинг зарарларидан иккинчиси — улар одамларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсиши. Бу маълум ва тушунарли ҳол. Ароқхўрнинг ароқ ичишининг ўзи Аллоҳни эсламаслигига далил. Ичиб маст бўлиб олгандан кейин эса, умуман эсга олмайди. Намоз ҳам бошқа ишлар қатори ароқхўрнинг эсидан чиқади. Шунингдек, қиморга берилиб кетган қиморбоз Аллоҳнинг зикрини ҳам, намозни ҳам унутади. Бу нарса ароқ ва қимор келтирадиган зарарларнинг энг каттасидир. Бошқа жиноятлар шу унутишдан келиб чиқади.
Ароқхўр халқларнинг вакиллари ароқдан фазилат топмоқчи бўладилар: «Бу дунёнинг ғам-ғуссаларини унуттиради, бир оз бўлса ҳам бўшашиб, ўша ғамлардан, аламлардан узоқлашиш имконини беради», дейдилар.
Исломда бунга масъулиятдан қочиш, ғам-ғусса устига яна ғам-ғусса қўшиш деб қаралади. Албатта, биров ароқни ичиб, маст бўлиб, ғам-ғуссасини унутгани билан, ҳушига келганда ғам-аламлардан қутулиб қолмайди. Балки аввалги ғам-ғуссаларига ароқхўрлик  туфайли  келган  ғам-ғуссалар  қўшилади. Исломда ҳаётнинг ғам-ғуссаларини улардан қочиш билан эмас, балки уларга қарши курашиш билан муолажа қилинади. Мусулмонлар қийинчиликларни енгиб ўтишда доимо Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолларида иш олиб борадилар. Ҳамиша Аллоҳ таолонинг зикрида бўладилар, намозни канда қилмайдилар. Аллоҳнинг зикри ва намоз дунёдаги барча ғам-ғуссаларни тўкиб-соладиган, уларни ҳал қилишда, улардан халос бўлишда ҳақиқий ёрдамчи бўлмиш Аллоҳдан мадад сўрайдиган энг қулай фурсатдир. Бундай қулай фурсатни ароқ ичиш, қимор ўйнаш билан қўлдан бой бериш катта бадбахтликдир.
Ароқхўрликка қарши гапирсанг, баъзилар: «Сенинг ишинг нима? Ичса, ўзининг пулига ичибди. Зарар кўрса, ўзи кўради», дейишади.
Исломда бундай фалсафа йўқ. Мусулмон одам фақат ўзи учун яшамайди. У ўзидан ташқари оиласи, қариндош-уруғи, жамияти, қолаверса, бутун инсоният олдида масъулиятли шахс ҳисобланади. Энг муҳими, Аллоҳнинг олдида масъулиятлидир. Шунинг учун ҳам, у, аввало, ўз жони олдидаги масъулиятни ҳис этиб, ароқ туфайли молу мулкини, соғлиғини ва обрўйини йўқотиш билан ўзини қийнамаслиги керак.
Шунингдек, унинг ўз оиласини ҳам қийнашга ҳаққи йўқ. Оилани боқиб, кийинтириб, яхши жой билан таъминлаб, унинг обрўйини ҳимоя қилиш ўрнига, топганини ичиб, етмаса, оиланинг бошқа аъзолари топган унча-мунча маблағни ҳам сарфлаб, уларнинг обрўйини тўкиш катта жиноят ҳисобланади. Шунингдек, қариндош-уруғлар ҳам ундаги ҳақларидан бебаҳра қолмасликлари керак.
Ароқхўр киши жамият унга яратиб берган имтиёзлардан фойдаланса-ю, ўзи унга хизмат қилиш ўрнига, тирик товон бўлиб, ногиронлик нафақаси сўраб турса, шунда ҳам ароқхўрлик «ўзининг иши» бўладими?!
Ароқхўрнинг Аллоҳ таоло олдидаги масъулияти ҳақида ҳар қанча гапирсак шунча оз. Қисқа қилиб айтганда, ароқхўр умуман Аллоҳни унутган одам бўлади. Бунақа одам ҳақида қандай қилиб, «ичса ўзининг пулига ичибди, зарар кўрса, ўзи кўради», дейилади?!
Булар оддий фуқаронинг ароқхўрлиги ҳақидаги гаплар. Энди агар ароқхўр масъул одам, вазифадор ёки ҳоким бўлса нима бўлади? Ароқни ўз пулига эмас, халқ пулига ичса, порага олган пулига ичса, ҳаромдан топган, бировнинг ҳақидан юлиб қолган маблағига ичса-чи? Унда жиноят бир неча чандон кучаяди ва зарарлар ҳам шунчалик кўпаяди. Табиийки, Аллоҳнинг олдидаги гуноҳлар ҳам шунга яраша бўлади.
Ушбу икки оят Қуръони Каримдаги хамр ҳақидаги сўнгги оятлардир. Бу ерда унинг батамом ҳаром эканлиги баён қилинган.
Хамр ҳақидаги оятлар тўрт марта, босқичма-босқич бўлиб тушган. Биринчи бор Наҳл сурасидаги олтинчи-еттинчи оятда нозил бўлган. Бу оятда, хурмо ва узум меваларидан яхши ризқ ва маст қилувчи нарса олиниши айтилгандир. Бунда маст қилувчи нарса, яъни, «хамр» яхши ризққа қарши қўйилган, унинг ёмон нарса эканига ишора этилган. Тушунадиган одамлар буни дарров тушуниб оладилар.
Хамр ҳақидаги иккинчи оят Бақара сурасидаги икки юз ўн тўққизинчи оят бўлиб, унда одамлар хамр ва қимор ҳақида сўрашлари ва уларда ҳам фойда, ҳам зарар борлиги, зарарлари фойдасидан кўплиги, уларда катта гуноҳ борлиги айтилади.
Учинчи босқичдаги оят эса, Нисо сурасидаги қирқ учинчи оятдир. У оятда мусулмонларга маст ҳолда намоз ўқимасликка амр қилинади.
Ва ниҳоят, Моида сурасидаги ушбу оятлар нозил бўлиб, хамрнинг мутлақо ҳаром эканлиги ҳукми собит бўлди.
Бундай аста-секин тарзда хамрни ҳаром қилиш услуби энг манфаатли экани тажрибада исботлангандир.
Маълумки, Исломдан олдин ароқхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар ароқхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақа қилиб бир-бирларидан ўтишга ҳаракат қилишарди. Хамр шоирларнинг шеърида, муғаннийларнинг қўшиқларида бош ўринда турарди. Кишилар ароқсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмас эди. Албатта, бу жамиятни ароқхўрлик иллатидан тозалаш осонмасди. Шуларни эътиборга олиб, бу муаммони муолажа қилишда Қуръони Карим аста-секинлик билан, даражама-даража ҳаракат йўлини тутган. Хамр ҳақидаги илк оятлар нозил бўлгандаёқ уларнинг вақтинчалик эканини, кейинроқ якунловчи ҳукм тушиши муқаррарлигини кишилар сезиб туришар эди. Бу ҳақда баъзи ибратли ривоятлар ҳам келган.
Наҳл сурасидиги биринчи оят нозил бўлгандан кейин бўлса керак, ишончли ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Ҳазрати Умар ибн Хаттоб:
«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!», деган эканлар. Вақти келиб, Бақара сурасидаги:
«Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар. Уларда катта гуноҳ ва одамлар учун манфаатлар бор. Гуноҳлари манфаатдан кўра каттароқдир», деган оят нозил бўлди. Умар розияллоҳу анҳуни чақириб, у кишига бу оят тиловат қилиб берилди. У киши яна:
«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» дедилар. Сўнгра вақти келиб, Нисо сурасидаги:
«Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда намозга яқинлашманглар», деган оят нозил бўлди. Ҳазрати Умар чақирилиб, бу ояти карима ҳам у кишига тиловат қилиб берилди. У киши яна:
«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» дедилар. Ва ниҳоят, Моида сурасидаги:
«Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!» ояти нозил бўлди.
Яна Ҳазрати Умар чақирилиб, бу оятни ҳам тиловат қилиб беришди. Шунда у киши:
«Тўхтадик!!! Тўхтадик!!!» деб қичқирдилар.
Бу оятлар Уҳуд урушидан кейин, учинчи ҳижрий санада нозил бўлган. Демак, Қуръон нозил бўла бошлагандан ўн олти йил ўтгандан сўнг тушган. Биринчи сабаби–одамлар берилиб кетган иллатни аста-секинлик билан даволаш экани гапириб ўтилди. Аммо энг муҳим сабаб, ҳақиқий омил ҳақида энди гаплашамиз.
Қуръони Карим оятлари Маккаи Мукаррамада ўн уч йил нозил бўлиб турди. Агар ўша даврда нозил бўлган оятларга назар солинадиган бўлса, ҳаммаси ақида масаласига, кишилар қалбида «Ла илаҳа иллаллоҳу»ни ўрнатишга қаратилгандир.
Узоқ муддат ҳидоятсиз юрган, ширк ва куфр моғори босган қалбларни тозалаш-поклаш ва ягона Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, холиқлиги, розиқлиги, ҳокимлиги, илоҳи маъбудлиги, бутун оламнинг тарбиячиси, қиёмат кунининг молики эканлиги ва бошқа сифатларини яхшилаб тушунтириб, кишиларнинг ягона ақидасига айлантиришга ҳаракат бўлди. Шу билан бирга, «Ла илаҳа иллаллоҳу» ахлоқиётлари, яъни, шу калимаи тоййибага иймон келтирган  кишининг  ахлоқлари қандай бўлиши кераклиги ҳақида йўл-йўриқлар бўлди. Иймон келтириб мусулмон бўлган кишиларнинг қалби покланиб, «Ла илаҳа иллаллоҳу»дан бошқа ақида сиғмайдиган  бўлди.  Бу  қалбларга  ягона  Аллоҳнинг муҳаббатидан ўзга ҳеч қандай муҳаббат йўл топа олмайдиган бўлди. Борлиқда Аллоҳ таолодан ўзга ибодатга сазовор зот йўқлигини кишилар тушуниб етдилар. Яъни, бу дунёда унга одамлар банда бўлишига ҳақли Зот, унинг айтганларини қилиб яшашига ҳақли Зот, розилигини олишга ҳаракат қилиш керак бўлган Зот ягона Аллоҳ таолонинг Ўзи эканлиги уларнинг мустаҳкам ақидасига айланди. Мусулмонлар бу дунёда нима ҳалол, нима ҳаром эканлигини тайин қиладиган Зот битта–Аллоҳ эканини тушуниб етдилар. Улар ўз ҳаётларининг барча соҳаларида фақат Ислом кўрсатмалари асосида яшашлари лозимлигини тушуниб етдилар. Уларнинг иймон-эътиқодлари қувватланди. Аллоҳдан келган ҳар бир амрни катта қувонч билан, шавқу завқ билан кутиб оладиган ва ўша амрга амал қилишда бир-бирлари билан мусобақалашишга шошиладиган ҳолга келдилар. Исломдан олдинги ҳаётлари тўла залолатда бўлганини, ўзлари буту санамларга сиғиниб юрганларини, ўзларига ўхшаш одамлардан қўрқиб, уларнинг иродаларига итоат этиб юрганларини, ҳамма эътиқодлари, тасаввурлари нотўғри эканини англаб етдилар. Жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиққанларидан ниҳоятда севиндилар. Уларга бу улкан неъматни берган Аллоҳнинг амрига итоат этишни ўзларига шараф деб биладиган бўлдилар. Мана шундай ҳолат ўзгаришларидан кейингина амалий ҳукмларга оид оятлар туша бошлади ва мусулмонлар уларни мисли кўрилмаган аниқлик билан ҳаётга татбиқ этишга киришдилар.
Хамрнинг ҳаромлигини баён қилувчи ушбу оят нозил бўлганда кишилар хамр сақлайдиган идишларини кўчага олиб чиқиб ерга урганлар. Мадинаи Мунаввара кўчаларида ароқ оққан. Одамларга ушбу оят тушганлиги хабари етганда ичишга шайланиб турган «хамр»ларини қайтарганлар, ичиб қўйганларини қусиб ташлаганлар. Шу билан бу иллатдан жамият тамоман қутулган.
Бунга ўхшаш иллатларнинг муолажаси фақат чуқур иймон ва эътиқод асосида бўлмаса, муваффақиятсизликка учраши турган гап. Кўплаб тажрибалар шунга далилдир. Ҳозирда «хамр»нинг инсоният ҳаётига таҳдид солиб турган хатар эканини каттаю кичик, эркагу аёл, ҳокиму маҳкум–ҳамма илмий асосда тушуниб етди. Аммо айнан шу иллат кундан-кунга авж олиб кетмоқда. Хамрнинг турли янги навлари пайдо бўлмоқда. Унга қарши ҳукуматларнинг кўраётган чоралари ҳеч фойда бермаяпти. Ҳукуматлар ўлим жазосини чиқарса ҳам, хамрга қизиқувчилар кўпайиб бормоқда. Чунки муолажанинг асоси нотўғри. Иймонга, Аллоҳга тақво қилишга, Унинг амрига бўйсунишга суянмайди. Аллоҳдан қўрқмаган ароқхўрга ўзидан ҳам баттар ароқхўр бир ҳокимнинг чиқарган қарори қандай таъсир қилиши мумкин? Фақат Исломгина бу ва бунга ўхшаш иллатларни муолажа қила олади. Чунки Исломнинг қоидаси бўйича, одамлар одамларга итоат қилмайди. Балки:
«Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Расулимиз вазифаси аниқ етказиш, холос».
Мусулмон киши тушуниб, ўзига яхшилаб сингдириб олиши лозим бўлган қоидадир бу. Ҳар бир ишда фақат Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмоқ керак. Шунда одам икки дунё саодатига эришади. Бу итоатдан фақат банданинг ўзигина фойда топади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг вазифаси — Аллоҳдан келган нарсани очиқ баён қилиб бериш, холос. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вазифани мукаммал адо этдилар. Энди умматлар қиёматгача итоатда бўлшлари керак. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat