Ассалому алайкум! Устозлар Аллох илмларингизни яна хам зиёда қилсин. Устозлар саволим шундан иборатки, Мен бундан 3-4 йил бурун 1-аёлим билан шаръан ажрашдим. Шундан сўнг у билан қонуний ажрашиш учун Фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожат қилдим. Суд бизларга ўйлаб кўриш учун 6 ойга муддат берди. Мен шу 6 ой муддат ичида отам анча йиллар муқаддам вафот этганлиги, онам 2-гурух ногирони бўлганлиги, оилада якка фарзанд бўлганлигим сабабли бошқа бир аёлга уйланишга мажбур бўлганман. Шу сабабли суд белгилаган 6 ой муддат ичида шаърий никоҳ асосида бошқа бир аёлга уйландим. Суд томонидан белгиланган муддат тугаганидан сўнг судда судья мендан суд томонидан белгиланган муддат ичида бошқа турмуш қурган ёки қурмаганлигим хақида сўради. Шунда мен судьяга суд томонидан белгиланган муддат ичида бошқа турмуш қилмадим деб ёлғон гапириб алдадим. Сабаби оиламга нисбатан гап тегиб қолишидан қўрқдим. Савол, мен судда шаърий никоҳ асосида оила қуриб туриб, оила қурмаганман деб ёлғон гапирсам никоҳимга таъсири борми?
– Ва алайкум ассалом! Сиз ёлғон гувоҳлик бергансиз. Бу гуноҳи кабиралардан. Бу гапнинг никоҳга таъсирига келсак, талоқ тушмаган.
Аллоҳ таоло айтади:
«Улар ёлғон гувоҳлик бермаслар» (Фурқон сураси, 72-оят).
Бу Раҳмонга суюкли бандаларнинг еттинчи сифатидир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки қадами (турган еридан) қўзғалмай туриб Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади», дедилар» (Ибн Можа, Ҳоким ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган», дедилар-да, кейин: «Бут-санамлардан иборат нопокликдан узоқ бўлингиз, ёлғон сўз-гувоҳликдан узоқ бўлингиз», оятини тиловат қилдилар (Табароний ривояти).
Мусанниф (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Ёлғон гувоҳлик берувчи одам бир қанча улкан гуноҳларни содир этади:
1) Ёлғон ва уйдирма;
Аллоҳ таоло айтганки:
«Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас»(Фотир сураси, 28-оят).
Ҳадиси шарифда эса: «Мўминнинг табиатида хиёнаткорлик ва ёлғончиликдан ташқари ҳар қандай хислатга мойиллик бўлиши мумкин», дейилган (Баззор, Абу Яъло ривояти);
2) Зулм. Кимнинг зарарига ёлғон гувоҳлик берса, унга зулм қилган бўлади. Чунки шу гувоҳлик сабабли ўша кишининг мол-мулки ёки обрўси ва ё жони кетади;
3) Шунингдек, кимнинг фойдасини кўзлаб ёлғон гувоҳлик берса, унга ҳам зулм қилган бўлади. Зеро, унинг гувоҳлиги туфайли у киши ҳаром мол-мулкни эгаллайди ва дўзахга маҳкум бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Кимга биродарининг ҳаққини ҳукм қилиб берсам, батаҳқиқ, унга дўзахнинг бир парчасини бўлиб берган бўламан» (Мутафаққун алайҳ);
4) У Аллоҳ таоло ҳаром қилган ва сақлаган ўзганинг мол-мулки, қони ва обрўсига тажовуз қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталарини хабар қилайми?» деб сўрадилар-да: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш. Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш», дедилар. Суянган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар-да, бу сўзни такрорлайвердилар, ҳаттоки биз: «Қанийди, сукут қилсалар», дедик (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Аллоҳ таолодан барча балолардан омон сақлашини сўраймиз. Валлоҳу аълам!
«Гуноҳи кабиралар» китобидан