Ассалому алайкум! Фермер хўжалиги пахта тозалаш корхонаси билан шартнома тузади пахта етиштириш буйича. Кузда пахта очилганда йиғиб териб заводга топширади. Пахта топшириш режасини бажариш шарт. Бажармаса ерини хокимият тортиб олади ва бошка фермерга беради. Пахта хосили яхши бўлмаган йили фермер хўжалиги рахбари завод тарозибонидан пахта сотиб олади. Ўзининг шахсий пулига ноқонуний равишда. Бу сотиладиган пахтани тарозибон хар хил фермерлардан тарозидан уриб қолиш ва анализ тахлилларини нотўғри алдаб кўрсатиш эвазига жамғарган бўлади хамда давлатни хам алдаб жамғарилган пахта бўлади яьни 35% чиққан толани 32% чиқти деб нотўғри хисобот топшириш эвазидан жамғарилган пахталар бўлади. Саволим шуки планини тўлдира олмаган фермер шу тарозибондан шахсий пулига сотиб олган пахтанинг жавобини қандай беради? Яьни бу жамғарилган пахталар бошқа одамларнинг хаққику?! Сотиб олган фермер қиёматда муфлис бандага айланиб бор савобини фермерларга тарқатадими? Яьни банданинг хаққини еган тарозибонга шериги бўлиб қоладими? Агарда шундай бўлса у фермер бу бошқа фермерларнинг хаққидан қандай қутулса бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Ўзганинг молини алдов йўли билан олса ўша мулк асл эгасиникилигича қолаверади. Фермер ўша пахталар ўғирланганини била туриб сотиб олиши дуруст эмас. Агар шундай қилса у ҳам, ўғирлаган кимса ҳам охиратда асл эгасига ўз ҳасанотлари билан ўша нарсани тўлаб берадилар ёки унинг гуноҳларини зиммаларига оладилар. Бундай аянчли ҳолатга тушиб қолмаслик учун тавба қилиш ва ҳақ эгаларини топиб рози қилиш шарт.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَتُؤَدَّنَّ الْحُقُوقُ إِلَى أَهْلِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُقَادَ لِلشَّاةِ الْجَلْحَاءِ مِنَ الشَّاةِ الْقَرْنَاءِ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилинур. Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйга ўч олиб берилади», дедилар».
Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу дунёда баъзи бир ёмонлар ўз ёмонлигининг баъзисининг жазосидан қутулиб қолиши мумкин. Аммо қиёмат куни ҳеч бир ҳақ зое бўлмайди. Ҳар бир нарса ўз ўрнини топиши муқаррар. Бунда фақат одамлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ўз эгасини топадилар.
Ҳаттоки бу дунёда ўзининг шохи борлигидан фойдаланиб, шохсиз қўйни сузган қўйдан ҳам ўч олинади. Бас, шундай экан, одам болалари ҳам ўзларининг «шох»ларини ишга солиб, ўзгаларнинг ҳаққини поймол қилишга урина кўрмасинлар. Валлоҳу аълам!