Ассалому алайкум! маслахатингиз керак азиз устозлар, жавобингизга мухтожман. Шу йилни октябрь ойида отамларни махалламиз ёнидаги магазин олдида машина уриб олди (олган жарохатлари: чап елка суяк, чап оёқлари синди, икки томонлама бош суюкда дарст кетиш бор, бошлари ёрилди, мия ички қисмида қон қуйилиши бор эди.) 11 кун муддатда Янги Тошмида муолажа олиб, хозирги кунда уйда муолажа давом этмоқда, хозир ахволлари алхамдуллилах анча яхши, лекин хали тўлиқ оёққа турмадилар, аввалгидан соғлиқлари кетди. Кўп савол-жавобларни ўқиб шунга амин бўлдимки, вазият тўлиқлигича тушунтирилиши лозим экан. Гап тушундаки, аварияни содир этган одам дастлаб отамларни уйимизга келтириб ўзини шу холатда фақат гувох бўлиб қолиб ёрдам бериб юборганини, ўзимизни қўшни махаллада яшашини, Дамас машинасида 2 ёш йигит уриб олганини ва уйга киришдан қўрқиб қочиб кетганини, отамлар маст холатда эканликларини хамда ўзини хаж ибодатига борганлигини ва ёлғон гапирмаётганлигини, қудасиникига бориш кераклигини, шошиб турганлигини иддао қилиб, уйимиздан чиқиб кетди. Бу одамга мени отамлар ҳам ибодатда юрганликларини, иш юзасидан узоқ йиллар Яман араб давлатида бўлишганлигини, университетда техника фанлари бўйича домла эканликларини, улар ҳам кўп бора хаж амалини бажаришганлигини айтиб танбех бердим. Шу жойни ўзида “ундай бўлса гапимни қайтиб олдим” деди. Кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдириб, лекин бу ишни охирига етказишимни, мусулмон одам эканлигини, гувохлиги кераклигини айтиб, телефон рақамини олиб, 3 соатдан кейин ишларидан бўшашини ва гаплашиб олишни келишдик. Сўнгра паралел равишда ҳам тез ёрдам чақиртирилди ҳамда ўша одамни кўрсатмасига асосан 02-га хабар берилди. Орадан 2 соатлар ўтиб, биз касалхонада эдик, 02-даги тезкор қидирув хизматчиларини телефонига жавоб беришим учун ташқарига чиққанимда олдимга бир ёш йигит (ўғли экан) келиб, автотургох томон боришимни илтимос қилди. Борсам, халиги ўша одам машинадан тушиб, отамларни ўзи уриб олганини, уйига борганида виждони қийналганини, машинамни номерини эслаб кетимиздан кузатиб келганини, ва “энди нима қилсанг қил” деб жавоб берди. Дамас машинасидаги 2 ёш йигит аслида ёрдам берганлиги кейин маълум бўлди. Ман ёш бола хам бунақа иш қилмаслигини, шу улуғ ёшда (55 ёшларда) бунақа арзон ўйин қилиб юрганини, виждони уйига борганида қийналгани умуман бошқа масала эканлигини ва уни огохлантирганимни айтдим. Охират ва қазои-қадарга ишонасизми диб сўрадим, “ха” деб жавоб берди, унда буёғи тақдирда нима битилган бўлса шуни кўришини айтдим. Қонун олдида жавоб беришини ва бу йўлни ўзи танлаганлигини таъкидладим. Воқеа содир бўлган куни катта ўғли келиб, динимизда кечиримлик бўлиш кераклиги ва мени хато иш қилганимни айтди. Отаси бундай холат умрида биринчи мартта бўлгани учун “шокка” тушиб қолганини, шу сабаб ёлғон гапирганини айтди. Менга эса телефон рақамларини бериб кетган эканла, нега қўнғироқ қилмадиз деб сўради. Ваҳоланки, ўз ўғлига хам ёлғон гапирганлиги шу вазиятда маълум бўлиб қолди. Дори-дармонга ёрдам керак бўлса айтинг деди, мен хеч нарса керак эмас дедим. Кетидан ичимда сендек ёлғончи, каззоб одамларни пулини пулимга қўшмиман диб ният қилдим. Эртаси куни авария содир этган ўша одам кичик ўғли билан касалхонага келди ва отамлар билан сўзлашмоқчилигини айтди, кечаси билан қийналиб чиқганликлари учун мен у одамни хонага киритмадим ва бошқа келмаслигини сўраб хайдаб юбордим, бўпти бошқа келмаймиз диб жахл қилиб кетди, шу бўйи бошқа кўрмадим. Бу орада кўп ахли илм, махалламиз имомлари билан маслахат қилдим, лекин батафсил маълумотга эга бўлолмадим, яниқроқ айтсам бир жавоб бошқасини инкор қилмоқда. Хадисларга мувофиқ, ёлғончи одам мусулмон бўлмаслигини, ёлғон гувохлик ўта оғир жиноят ва гунох эканлигини, мусулмон одам бошига синов келганида сабр қилиши кераклигини ва шу ўринда “шокка” тушиб қолиш йўқлиги, динда дия масаласи борлигини, етказилган зарар қопланиши кераклигини, ибрат бўлиши учун ҳам ёлғончи ва тухматчи одамни кечириш керак эмаслиги, масалани охиратга қолдириш ҳам тўғри эмаслигини ва бошқа кўп жавоблар эшиттим, лекин тарозига қўйиб хулоса қилишга қийналвомман. Лекин шу ҳолда ҳам, отамлар бу хаммаси Аллохни иродаси эканлигини ва хеч қандай даволари йўқлигини таъкидламоқдалар. Мен эса хеч бўлмаганда жамиятда шу каби инсонларга сабоқ ва ибрат бўлиши учун, ёлғонни оқибати нималарга олиб келишини билдириб, хожиликни оёқ ости қилганлиги учун, хожиман ёлғон гапирмайман деб кўплаб ёлғон айтилгани учун, бундан буёғига “хожиман” деб айтмаслик ваъдасини гувохлар олдида олмоқчиман. Ёки нима маслахат берасизлар, жавобингиз мен учун жуда зарур.
– Ва алайкум ассалом! Сизнинг вазиятингизда афв қилиш ва уларнинг қилган зулмини кечириб юбориш энг афзал йўл. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. (Оли Имрон сураси 133-оят).
Демак, Аллоҳ таолонинг мағфирати ва кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннати тақводорлар учун экан.
Келаси оятда мазкур мағфират ва жаннатнинг ҳақдорлари бўлган тақводорларнинг сифатлари зикр қилинади:
الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
Улар енгилликда ҳам, қийинчиликда ҳам нафақа қиладиганлар, аччиғини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир. (Оли Имрон сураси 134-оят).
Аллоҳдан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерчалик бўлган жаннатга сазовор бўлган тақводорларнинг сифатларидан бири:
«...енгилликда ҳам, қийинчиликда ҳам нафақа қиладиганлар…»
Яъни улар яхшилик қилишда собитқадам одамлардир. Ҳаётлари енгиллашиб, ҳамма нарсалари сероб бўлиб кетса ҳам, ҳовлиқиб, ҳаддиларидан ошиб, фисқу фасодга берилиб кетмайдилар. Балки ўзларини босиб, хайр-эҳсон, нафақа қилишда бардавом бўладилар. Шунингдек, бошларига оғир кунлар тушса ҳам, сиқилиб, ўзларини ноқулай сезиб, бахиллик йўлига ўтиб олмайдилар. Балки нафақа қилишда бардавом бўладилар. Уларнинг тақволари доимо эҳсонга чорлаб туради. Бахиллик ва қизғанчиқликдан қайтаради.
Тақводорларнинг сифатларидан яна бири:
«...аччиғини ютадиганлар...»
Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар бир кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин тақводор киши бу оғир ишни эплаши мумкин. Яъни қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади.
Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қурўни Карим оятларидан ташқари, бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримизнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда келишича, бир киши Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга:
– Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг, – деди. У зоти бобаракот:
– Ғазаб қилма, – дедилар. Сўраган одам кейинчалик эътироф этиб, бундай дейди:
«Расуллуллоҳ алайҳиссалом шу гапни айтганларида, ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муўз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:
«Ким (жазо беришга) қодир бўлиб туриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ уни халойиқ олдида чақириб туриб, ҳурлардан хоҳлаганини танлаб олишга имкон беради», – деганлар.
Мазкур тақводорларнинг яна бир сифатлари:
«...ва одамларни афв қиладиганлардир». Бу сифат ғазабни ютиш сифатини тўлдириб келади. Чунки иш чиройли ҳал бўлиши учун ғазабни ютиб қўйишнинг ўзи кифоя эмас. Олийжаноблик кўрсатиб, ғазабини ютган одам бу олийжаноблигини тугал қилайин деса, айбдорни афв қила олиши, кечира билиши ҳам керак.
Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда: «Кимки ўзи учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни афв этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин», – дейилади.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом:
«Қиёмат куни бир жарчи: «Одамларни афв қилганлар қани?! Ажрингизни олгани Роббингизнинг ҳузурига келинг!» – деб чақиради. Афв қилган ҳар бир мусулмон жаннатга киришга ҳақлидир», – деганлар.
«Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир».
Юқорида зикр қилинган сифатнинг соҳиблари яхшилик қилувчи саналадилар. Демак, уларни Аллоҳ яхши кўрар экан. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!