Ассалому алайкум! Жамиятда инсонлар орасида турли инсонлар билан турли мулоқотларга дуч келамиз, анчадан бери бир ерда ишлаб-ўқиб юрган яқинроқ таниш инсонлар орасида суҳбатлар орасида сир-асрорли гап-сўз ва саволлар бўлади. Шулардан беҳаё берилган саволларга қандай жавоб бериш керак? Масалан, табиий ёки сунъий зино қилганмисан, ўғирлик қилганмисан? Бундай ўринларда қилган инсон нима деб қилмаган инсон қандай жавоб бериши мақсадга мувофиқ?!
– Ва алайкум ассалом! Умуман жавоб бермаслик керак.
Мўминнинг айбини сатр этиш
Уламолар мўминдан содир бўлган айб, гуноҳ ёки фужурга гувоҳ бўлиб қолган кишига уни яширмоқлик, яъни сатр этмоқлик мустаҳаблигига ижмў қилишган. Хусусан бундай ножўя ишлар обрўли, ёмонлиги кузатилмаган, бузуқилик билан танилмаган ва унга тарғиб этмайдиган кишидан содир бўлса буни оммага ҳам, хосга ҳам, ҳокимга ҳам, қозига ҳам ошкор қилмаслик керак бўлади. Мусулмоннинг айбини яширишлик, тойишини пойлашдан қайтаришлик хусусида кўп ҳадислар ворид бўлган: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ким мўминнинг айбини яширса Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Бошқа бир ривоятда: "Алллоҳ унинг айбини дунё ва охиратда яширади", дейилади (Термизий ривояти). Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Яхшиларингиздан адашишларида кўз юмингиз" дейдилар. (Абу Довуд ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: "Ким мусулмон биродарининг айбини яширса Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, то уни ўз уйида ҳам шарманда қилади", дейилади. (Ибн Можжа ривояти).
Чунки айбларни ошкор қилиш, бир мўминдан воқеъ бўлган ишни сўзлаш ҳаром этилган ғийбатга олиб боради, фаҳшни ёйиш ҳисобланади. Уламолардан бирлари айтганлар: "Осийларнинг айбини яширишга ҳаракат қил. Чунки уларнинг айби ошкор бўлиши аҳли исломга айбдир. Ишларнинг авлои айбларни яширишдир". Фузайл ибн Иёз айтадилар: "Мўмин яширади ва насиҳат қилади. Фожир эса ошкор қилади ва айблайди".
Аммо киши озор, фасод, ошкора фосиқлик ва гуноҳга бепарволик билан танилган бўлса унинг ҳолини одамларга очиб, уларга маълум қилиш лозим бўладики, тоинки одамлар ундан ҳазарда, ёмонлигидан эҳтиёт бўлишсин. Балки унинг ишлари агар катта муаамолардан қўрқилмаса ҳокимга олиб чиқилиши лозим. Чунки бундаги сатр унинг озор, фасод ва гуноҳларга яна журъат қилишига умидвор этади ва бошқаларда унингдек бўлишга жасорат пайдо қилади. Унинг фисқи кучайиб, одамлардан ҳайиқмайдиган бўлиб қолса жиноятини яширмасдан валийюламрга кўтариб чиқиш энди вожиб бўлиб қолади. То у осийга одоб берсин, бузғунчилигига яраша шариатда кўрсатилган ҳад ёки таъзирни ижро қилсин.
Бу ҳукмларнинг барчаси мозийда бўлиб ўтган гуноҳларни яширишга тегишли. Аммо кишини гуноҳ устида ушланса уни тезликда қайтариш, имкони борича ундан қайтариш вожиб бўлади. Кечиктириш ва сукут этиш ҳалол эмас. Қайтаришдан якка ўзи ожиз бўлса, арзиҳоли бундан ортиқ муаммога сабаб бўлмаса, ҳокимият вакилига арз қилмоқ керак бўлади. "Сизлардан бирингиз мункар ишни кўрса уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса тили билан, агар бунга ҳам кучи етмаса қалби билан ўзгартирсин. Бу эса иймоннинг энг заифидир." деганлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Муслим ривояти).
Бу бобга тегишли уламоларнинг яна бир сўзи бор. Яъни, ҳеч кимга мусулмонлардан бирови айбини пойлаш, жосуслик қилиш мумкин эмас. Аллоҳ таоло: "Жосуслик қилманг", дейди. (Ҳужурот сураси, 12-оят). Жосусликдан қайтарилган ҳадиси шарифлар ҳам мавжуд. Бундан қуйидаги ҳолатлар мустасно: Ровийларни, гувоҳларни, садақа, вақфлар ва етимларга аминларни текширишга ҳожат бўлганда уларнинг лаёқатига футур етказадиган айбини яшириш ҳалол бўлмайди. Бу айбларни ошкор қилиш ҳаром этилган ғийбат эмас, балки вожиб насиҳатдан саналади.
Мўмин ўз айбини сатр этиши
Мусулмоннинг ўзидан хато ёки тойилиш содир бўлса уни яширмоғи, Аллоҳга тавба қилмоғи, ишини султонга ҳавола қилмаслиги керак. Ким бўлишидан қатъий назар айбини бировга очмасин. Чунки бундай қилса Аллоҳ таолонинг: "Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз", деган Нур сураси, 19-оятидаги ваъидига дохил бўлиб қолади. Чунки бу Аллоҳ яширган нарсани ошкор қилишдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: Бу беъмани ишлардан эҳтиёт бўлинг. Ким унга яқинлашган бўлса Аллоҳнинг пардаси билан ўзини тўссин ва Аллоҳга тавба қилсин. Чунки ким уни бизга юзини очса унга Аллоҳнинг китобини қоим қиламиз (яъни жазолаймиз). (Ҳоким ривояти). Валлоҳу аълам!