Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Истихора намози вожиб намозми

16:24 / 12.01.2023 | Akbar | 1077

Ассалому алайкум! Истихора намози вожиб намозми? Яъни уни ўқиш вожибми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Вожиб эмас. Ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳаб.

Истихора намози

«Истихора» сўзи луғатда «хайр, яъни яхшиликни талаб қилиш» деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди ­Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот: «Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг «Аллоҳим, албатта, Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи зотсан. Аллоҳим! Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон эт, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил, сўнгра мени унга рози қил» десин ва ҳожатини айтсин», дедилар»
Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилган.

Истихора намозидан сўнг ушбу дуо ўқилади:

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلَا أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلَا أَعْلَمُ، وَأَنْتَ عَلَّامُ الْغُيُوبِ، اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، - عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاقْدُرْهُ لِي وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، - فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاصْرِفْهُ عَنِّي وَاصْرِفْنِي عَنْهُ، وَاقْدُرْ لِيَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ أَرْضِنِي بِهِ

«Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика ва астақдирука биқудротика ва ас’алука мин фазликал ъазийм. Фаиннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта ъалламул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳазал амро хойрун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи, фақдурҳу лий ва яссирҳу лий, сумма барик лий фийҳи ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи фасрифҳу ъанний вақдурлил хойро ҳайсу кана сумма роззиний биҳ» деб, ҳожати айтилади.
Маъноси: «Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу қилаётган ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт ва осон қил. Сўнг уни менга барокотли қил. Агар мана шу ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози эт».
Дуодаги «мана шу иш», деган ерига келганда ўз ҳожатини зикр қилади, сўнгра ўша ишни қилиш ёки қилмаслик тўғрисида кўнгли мойил бўлган томонга ҳаракат қилади. Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса амалга оширади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Истихора намозида хоҳлаган сурасини ўқийди. Лекин биринчи ракатида Фотиҳа сурасидан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқиса яхши.
Истихора дуосидан кўзланган мақсад шуки, бу ерда банда ўзи билмаган нарсани Аллоҳнинг илми орқали билишга, ўзи қодир бўлмаган нарсани Аллоҳ таолонинг қудрати ила бажаришга ҳаракат қилган бўлади. Банда қилмоқчи бўлган ишини ўзи учун жуда яхши деб билсада, у ишнинг оқибати банда учун яхши бўлмаслиги мумкин. Ёки ўзи учун ёмон деб билган нарса Аллоҳ таолонинг илмида банданинг дунё ва охирати учун энг фойдали иш бўлиши мумкин. Гоҳида дунёси учун фойдали бўлсада, дини учун фойдасиз бўлиши мумкин. Гоҳида фикр ва тадбирини қилсада, уни амалга оширишга қодир бўлмаслиги мумкин. Истихора билан Аллоҳ таолодан ўша ишга қодир қилиши сўралинади.

Агар иш бир тарафга ўтмай туриб қолса 

Бундай ҳолда истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади. Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга “Эй Анас қачон сен бир ишни қилмоқчи бўлсанг у иш борасида Аллоҳ таолодан етти мартагача истихора қилгин. Сўнг (унинг натижасига) қара. Дилинга нима солинса ўшани ихтиёр қил, сен учун ўша нарса яхшидир” дедилар. (Мазоҳиру ҳаққ).
Афзали истихорани уч кундан етти кунгача кетма-кет қилинишидир. Агар ундан кейин ҳам қалб бир нарсага таскин топмаса, бир тараф ғолиб бўлгунича истихора давом этилаверади ва ишни қилишдан тўхтаб турилади. Аслида “истихора фалон кунгача қилинсин” деган муаййан муддат йўқ. Ҳатто Умар розияллоҳу анҳу ҳам бир ой кетма-кет истихора қилганлар. Агар бир ойдан кейин ҳам шарҳи содр, яъни қалби таскин топмаганида истихорани давом эттирган бўлар эдилар. (Роҳматуллоҳил васиъа).

Истихоранинг натижаси ва мақбул бўлганининг аломати 

Уламолар истихора борасида “Истихоранинг таъсири шунчаликки, ким бирор ишни қилишда иккиланиб тараддудга тушган бўлса, суннатга мувофиқ қилинган истихорадан икки фойда бўлади. 1-қалб қайсидир бир ишга ҳотиржам бўлади. 2-қилинадиган ишнинг сабабларини Аллоҳ таоло муҳайё қилиб қўяди” деганлар. Баъзи уламолар “Истихора қилгандан кейин инсоннинг қалби бир тарафга таскин топади. Фаразан, бир тарафга таскин топмаса ҳам истихорадан кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Чунки банда истихора қилишнинг ўзи билан Аллоҳ таоло бандага унинг фойдаси учун бўладиган ишни муяссар қилади. Мабодо киши бир ишни яхши деб билсаю, Аллоҳ таоло унга бирор тўсиқни пайдо қилиб бандани ундан буриб қўйса, банда билсинки унда яхшилик йўқдир. Ўша тўсиқ истихоранинг баракоти туфайли пайдо бўлган тўсиқ ҳисобланади” деганлар.

Истихора қилинганидан кейин ҳам зиён кўрилса 

Бирор киши истихора қилиб қалби таскин топганидан кейин ўша ишни қилиб зоҳирида зарар кўрса ҳам қилган истихораси тўғрисида нотўғри гумонга бормасин. Макҳуул Аздий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади : “Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг “Баъзи вақт инсон Аллоҳ таолога қайси иш менга яхши бўлса ўшани менга насиб қилгин – деб истихора қилади ва Аллоҳ таоло у учун фойдали бўлган ишни унга насиб қилади. Кейинчалик кишига у иш машаққатли ва зарарли кўринади. Шунда банда норози бўлади. Лекин бироз вақт ўтгач Аллоҳ таоло у учун яхшиликни ирода қилгани намоён бўлади. Аллоҳ таолонинг чиқарган ҳукми шак-шубҳасиз тўғридир, унинг оқибати яхши эканлиги баъзи вақт бу дунёда зоҳир бўлса, баъзи вақт охиратда билинади” деганларни эшитдим” дедилар. (Зуҳд китобидан).

Истихора борасида нотўғри тушунчалар 

Истихора қилиш аслида жуда ҳам осон иш. Лекин шайтон шунга ҳам аралашган ва одамларда бир неча нотўғри фикрлар пайдо бўлган. Улар ўзларича баъзи нарсаларни истихорага шарт ҳам қилиб олганлар.
1-истихора фақат тунда қилинади. Икки ракъат намоз ўқиб ҳеч ким билан гаплашмасдан ухлаш керак, акс ҳолда истихоранинг фойдаси бўлмайди.
2-ўнг тараф билан ётиш керак.
3-қиблага юзланиб ётиш керак.
4-ухлаш билан тушни кутиш керак.
5-тушда фалон рангни кўрса яхши, фалон рангни кўрса ёмон.
6-тушида бирор улуғ зот нима бўлишини билдириш керак” дейишади. Баъзи кишилар истихорадан кейин осмондан бирор фаришта тушади ёки бирор улуғ зот тушга киради ёки кашф ва илҳом бўлади ёки тушда буни қил ва буни қилма деган ишора бўлади” дейишади. Буларнинг баъзилари бўлиши мумкин, лекин бўлиши шарт эмас. Ҳадис орқали шундай бўлади деган нарса собит бўлмаган. Чунки шайтон тушга кириб кўрсатма бериши ҳам мумкин. Баъзи китобларда шундай гаплар келган бўлса, таҳқиқ қилинмасдан ёзилган бўлади. Аллоҳ таоло мусаннифларни раҳматига олсин. Таҳоратли бўлиб, қиблага юзланиб, ўнг томон билан ётиш ухлашнинг одобларидан эканлигида шак йўқ. Лекин истихора қилган кечаси шундай ҳолатда бўлиши шарт деган тушунча нотўғридир. Шунингдек кўпчилик “истихора фақат жуда муҳим ва катта ишлар тўғрисида ёки инсон қилиш-қилмасликда иккиланиб қолган ўринлардагина қилинади” деб ўйлашади. Чунончи авом халқ саноқли ўринлардагина истихорадек суннат амални қилишга муваффақ бўладилар. Масалан никоҳ, тижорат, катта нарсаларни сотиб олишлардагина қилишади. Ваҳоланки истихоранинг таржимасидан ҳам маълумки, истихора Аллоҳ таолодан хайр барака тилаш ишидир. Уни инсон кечаю-кундуздаги барча ишларида Аллоҳ таолодан сўраши керак. Хоҳ у қилмоқчи бўлган иши кичик ёки катта бўлсин, иккиланмаётган ҳам бўлсин, ўзининг наздида кичик деб ҳисоблаётган бўлсин ёки қилса яхшилиги аниқ бўлсин ёки қилишга мажбур бўлсин барчасида истихора билан бошласа, аввало суннатга амал қилган бўлади ва истихоранинг баракотидан насибадор бўлади. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ “Қачонки бирор киши менга савол билан мурожаат қилса, жавоб беришдан аввал бироз тўхтайман ва “Бу инсоннинг асл ҳолати Ўзинга маълум, бу киши учун нима фойда ва нима зарарлиги ҳам Ўзинга маълум, бунинг масаласи жавоби нима бўлишини менинг қалбимга солгин, унутган бўлсам эслатгин” деб Аллоҳга боғланаман” деганлар. Бу ҳам бир жиҳатдан истихора ҳисобланади.
Баъзилар ўзлари истихора қилиш ўрнига бошқаларга истихора қилдирадилар. Гўёки ўзларини ўта гуноҳкор ва дуоси ижобат бўлмайдиган киши деб билишади. Шайтон уларни Аллоҳ таолога боғланишларини ўрнига ўзини мусулмонман деганларини авлиёлар қабристонига бориб назр ниёзлар қилишларига ва уларнинг руҳларидан мадад сўрашларига етаклайди. Бошқаларини эса, мунажжим фолбинлар ҳузурига етаклайди. Бундай қилиш жоҳилиятдаги фолбинларга бориб, нима қилишлариини билиб беришларига ўхшайди. Улар кишиларга нимани қачон қилишни ва нимани қилмаслигини ўзларича бир нарсаларга, масалан тошга қараб ёки кафтига қараб ёки чўпларга қилиш қилмасликни қоғозга ёзиб, илиб қўлига нима чиқса ўшани қилишни айтишар эди. Уларнинг қолдиқлари ҳозирда ҳам мавжуд. Кўплаб кишилар никоҳларини ҳам туғилажак боласини ҳам гороскоп(мунажжим башорати ёки мучал)га қараб режалаштирашадиган бўлиб қолишди. Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ “Мен Амриқога борганимда ҳар қадамда бир ҳил номдаги кичик офисларга дуч келдим. Эътибор берсам одамлар у ерга кириб савдо ҳам килишмаяпти, қўлларида бирор ҳужжат ҳам йўқ. Америқолик бизга ҳамроҳ бўлган таржимондан булар кимлар, нима билан шуғулланишади десам, нима деб тушинтирсам экан. Сизларда бу каби ҳизмат тури учрамаса керак. Улар одамларни нима қилиш ёки қилмасликларини айтиб берадиган ва ишларини режалаштиришларига ёрдам берадиганлар. Сизларда мунажжим ёки фолбин деганига тўғри келса керак деди” деб айтиб бергандилар. Бу мушрикона иш бизнинг юртда ҳам ҳаракатга келиб қолди. Одамлар биздан мучали фалондек бўлса никоҳлансам бўладими деб ҳам сўраб қолишмоқда.
Аллоҳ таоло бандасининг табиатидаги нарсаларни яхши билади. Улардаги бу табиатдан тўғри фойдалансинлар учун истихорани жорий қилган. Агар бошқаларга истихора қилдириш жоиз бўлганида саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга истихора қилдирган бўлар эдилар. Чунки улар даврида саҳобалардан кўра динга амал қилувчи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра яхшироқ истихора қилувчи йўқ эди. Шундай бўлсада бирор бир манбада улар у зотдан истихора қилиб беришларини сўраганлари келмаган. Аксинча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўминни ўзи истихора қилишларига буюрганлар. Инсон қанчалик гуноҳкор бўлмасин ҳар ҳолда Аллоҳ таолонинг бандасидир. Аллоҳ таолонинг “Менга дуо қилинг ижобат қиламан” деган хитоби унга ҳам тегишлидир. Шайтон Аллоҳ таолонинг даргоҳидан қувилганда қиёматгача муҳлат беришини ва тирик қолишни сўраб дуо қилди. Ўша ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло унинг дуосини рад қилмади. Шайтондек гуноҳкорнинг дуосини қабул қилган, биздек гуноҳкорнинг дуосини қабул қилмайдими?! Бундай қилиш Аллоҳ таоло ҳақида бадгумонликдир. Дуо қилиш ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига мувофиқ бўлса, Аллоҳ таоло рад қилмайди. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat