Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Насия савдо

23:22 / 21.05.2023 | Ilmdor_Ilmiyevich | 1360

Ассалому алайкум! Мен насия савдо билан шуғулланаман. Масалан бир буюмни 6000 сўмга олиб олиб, 6 ойга бўлиб тўлашга 9000 сўмга бераман. Шунда ойига 1000 сўм қўшимча фойда олаётган бўламан. Саволим шуки агар харидор пулни 3-ойда тўлиқ тўлайман деса, фойдамни чиқариб юбориб ҳисоблаб берсам бўладими? Яъни харидор олдинроқ қарзини узгани учун 9000 сўм эмас, 7500 сўм тўлайди. Бу нарса ҳақида харидор олдиндан огоҳлантирилади. Яъни олдинроқ тўласанг умумий тўлов камаяди деб.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Молга қанча фойда қўяётганингизни айтиб сотган бўлсангиз, муддат тугамасидан аввал пулни ҳаммасини ёпишни истаган харидорга фойдангизни чиқариб юбориб ҳисоблаб берсангиз бўлади. Аммо бу иш шарт қилиб қўйилмаслиги ва ихтиёрий бўлиб қолиши лозим.

1000ни ҳозир берсанг, бир қисмини кечаман

Савол: «Бир ойда беришинг керак бўлган маблағни, масалан, 1000ни ҳозир берсанг, бир қисмини, айтайлик, 100ини кечдим», деса, шаръан жоизми?

Жавоб: Бу масала шариатда "ضع و تعجَّل" заъ ва таъажжал, яъни «маълум бир қисмини кечгин, нақд тўлайман» дейилади. Бизнинг мазҳабимизда бу масала насия савдосига тегишли бўлиб, бир киши бирор нарсасини маълум муддатга, масалан, бир йилга 1000га сотиб, муддати етиб келмасидан, бир йилгача кутишни хоҳламай, мисол учун, «900 нақд берсанг, 100ни кечдим», дейиши ёки харидор «900 нақд бераман, 100ни кечгин», дейиши шаръан жоиз эмас. Бу рибо ҳисобланади. Рибо фақат муддати ўтиб кетгани учун фоиз қўшиб беришдагина эмас, балки муддати етиб келмасидан нақд берса, кечиб юборишда ҳам бўлади. Муддати етиб, тўлаши вожиб бўлганидан кейин сотувчи харидорга «1000дан 100ини кечдим», деса ёки харидор «Илтимос, 100ни кечсангиз», деса-ю, харидор кечиб юборса, зарари йўқ.
Нақд савдода эса кечиб юбориш рибо саналмайди («Инъомул Борий»).

Насия муробаҳада “Заъ ва таъажжал”нинг ҳукми

Бир муддатга берилган қарзда, ундан бир ҳиссасини кечиш эвазига нақдни шарт қилиш“Мусовама савдоси”да жоиз эмас. Мусовама савдоси – сотувчи қанча фойда қўяётганини айтмай харидор билан савдолашиб молни сотишига айтилади.Муробаҳа савдосида сотувчи муддат эвазига зиёда қилаётган нархини ҳаридорга очиқ-ойдин айтади.
Мутааххир ҳанафий мазҳаби олимлари муробаҳа асосида муддат эвазига баҳосини зиёда қилиб қилинган савдода харидор белгиланган муддат келишидан олдин қарзини ёпса ёки вафот этиб қолса, бундай ҳолатда белгиланган муддатгача неча кун қолган бўлса, ўша кунлар эвазидаги нарх тарк қилиниб, қарзини ёпган ёки харидор вафот этиб қолган кунлар эвазидаги баҳогина олинади. Бу ҳақда Ҳаскафий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган:

قَضَى الْمَدْيُونُ الدِّينَ الْمُؤَجَّلَ قَبْلَ الْحُلُولِ أَوْ مَاتَ فَحَلَّ بِمَوْتِهِ فَأَخَذَ مِنْ تَرِكَتِهِ لَا يَأْخُذُ مِنْ الْمُرَابَحَةِ الَّتِي جَرَتْ بَيْنَهُمَا إلَّا بِقَدْرِ مَا مَضَى مِنْ الْأَيَّامِ وَهُوَ جَوَابُ الْمُتَأَخِّرِينَ قُنْيَةٌ وَبِهِ أَفْتَى الْمَرْحُومُ أَبُو السُّعُودِ أَفَنْدِي مُفْتِي الرُّومِ وَعَلَّلَهُ بِالرِّفْقِ لِلْجَانِبَيْنِ

“Қарздор вақти келишидан олдин қарзини тўласа ёки вафот этиб қолса, ўлиши билан насия нақд тўлашга айланади. Вафот этганнинг меросидан оладиган бўлса, молни устига қўйган фойдасидан ўтган кунларни миқдоричасинигина олади. Бу мутааххир уламоларнинг жавобидир. “Қуния”да шундай дейилган. Рум муфтийсий Абу Саъуд шунга фатво берган. Фатвони томонларга фойдали экани билан иллатлаган” (Раддул мухтор).
Буни сувратини Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳ баён қилиб, шундай деган:

اشْتَرَى شَيْئًا بِعَشَرَةٍ نَقْدًا وَبَاعَهُ لِآخَرَ بِعِشْرِينَ إلَى أَجَلٍ هُوَ عَشَرَةُ أَشْهُرٍ ، فَإِذَا قَضَاهُ بَعْدَ تَمَامِ خَمْسَةٍ أَوْ مَاتَ بَعْدَهَا يَأْخُذُ خَمْسَةً ، وَيَتْرُكُ خَمْسَةً

 “Муробаҳадан ўтган кунларнинг миқдоричасини олади деган масаланинг суврати шуки, бир киши нақдга ўн сўмга бир нарса сотиб олса ва бошқасига маълум муддатга, яъни ўн ойга насияга йигирмага сотса, харидор беш ой ўтгандан кейин унинг нархини тўласа ёки беш ой ўтгандан кейин вафот топса, сотувчи сотилган мол устига қўйган фойдадан бешини олиб, бешидан воз кечади” (Раддул мухтор).
Шу масаланинг айни ўзини “Танқиҳул фатаво ал-Ҳомидия”да қуйдагича зикр қилинган:

سُئِلَ فِيمَا إذَا كَانَ لِزَيْدٍ بِذِمَّةِ عَمْرٍو مَبْلَغٌ دَيْنٌ مَعْلُومٌ فَرَابَحَهُ عَلَيْهِ إلَى سَنَةٍ ، ثُمَّ بَعْدَ ذَلِكَ بِعِشْرِينَ يَوْمًا مَاتَ عَمْرٌو الْمَدْيُونُ ، فَحَلَّ الدَّيْنُ وَدَفَعَهُ الْوَارِثُ لِزَيْدٍ ، فَهَلْ يُؤْخَذُ مِنْ الْمُرَابَحَةِ شَيْءٌ أَوْ لَا؟ الْجَوَابُ جَوَابُ الْمُتَأَخِّرِينَ : أَنَّهُ لَا يُؤْخَذُ مِنْ الْمُرَابَحَةِ الَّتِي جَرَتْ الْمُبَايَعَةُ عَلَيْهَا بَيْنَهُمَا إلَّا بِقَدْرِ مَا مَضَى مِنْ الْأَيَّامِ قِيلَ لِلْعَلَّامَةِ نَجْمِ الدِّينِ : أَتُفْتِي بِهِ ؟ قَالَ : نَعَمْ كَذَا فِي الْأَنْقِرْوِيِّ وَالتَّنْوِيرِ ، وَأَفْتَى بِهِ عَلَّامَةُ الرُّومِ مَوْلَانَا أَبُو السُّعُودِ

“Зайднинг Амрни зиммасида маълум бир ҳаққи бор эди. Амр билан бир йилга муробаҳа савдосини қилишди ва йигирма кундан кейин қарздор Амр вафот топди. Қарздор вафот топиши билан насия савдо нақдга айланади. Шунга биноан Амрнинг меросхўрлари Зайдга қарзни тўлашди. Бундан шундай савол келиб чиқадики, Зайд бир йилда оладиган ҳаққининг ҳаммасини Амр вафот топганлиги учун йигирма кунда олиши жоизми?
Жавоб: Мутааххир уламолар Зайд билан Амр ўртасидаги муробаҳа савдосидан ўтган кунларни миқдорича, яъни йигирма кунни фойдасини олишлари жоиз бўлади, деганлар. Аллома Нажмиддин раҳматуллоҳи алайҳга сиз шунга фатво берасизми деб айтилганда, у киши "Ҳа" деб жавоб берганлар. “Анқаравий” ва “Танвийр”да ҳам шундай дейилган. Рум олими Мавлоно Абу Саъуд ҳам шунга фатво берганлар” (Раддул мухтор).
Ҳанафий уламоларнинг мутааххирлари томонидан бундай фатво берилишига сабаб, нақд билан насияда насия мустақил қийматга эга бўлмасада, зимнан ва тобелик жиҳатидан муддат муқобилига нарх белгиланишлиги жоиздир. Бу ҳудди ҳайвонларнинг ҳомиласи мустақил сотилмагани билан ҳомиладор ҳайвонни ҳомиладор бўлмаган ҳайвонга нисбатан нархи қимматроқ бўлишига ўхшайди. Чунончи, бир неча нарсаларнинг ўзини савдоси жоиз эмас. Лекин, бошқа нарсаларга қўшиб сотилганда жоиз бўлиб кетаверади. Муробаҳа савдосида ҳам маълум муддат эвазига фойда қўйиш жоиздир. Бу гўёки сотиладиган молни сифати даражасида бўлади. Шунинг учун харидор тўлов муддатидан илгари молнинг нархини тўласа ёки харидор вафот топса, молнинг сифати нуқсонлик бўлиб қолади. Шунинг учун тўланаётган нархнинг миқдори муддат эвазига камайтирилади.
Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ ушбу масалани иллатини баён қилиб шундай деганлар:

وَوُجِّهَ أَنَّ الرِّبْحَ فِي مُقَابَلَةِ الْأَجَلِ ، لِأَنَّ الْأَجَلَ وَإِنْ لَمْ يَكُنْ مَالًا ، وَلَا يُقَابِلُهُ شَيْءٌ مِنْ الثَّمَنِ لَكِنْ اعْتَبَرُوهُ مَالًا فِي الْمُرَابَحَةِ إذَا ذُكِرَ الْأَجَلُ بِمُقَابَلَةِ زِيَادَةِ الثَّمَنِ ، فَلَوْ أَخَذَ كُلَّ الثَّمَنِ قَبْلَ الْحُلُولِ كَانَ أَخْذُهُ بِلَا عِوَضٍ وَاَللَّهُ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَى أَعْلَمُ

 “Муробаҳа савдосида фойда муддатни муқобилида бўлади. Чунки, муддат ўзи мустақил мол дейилмаса ва унинг эвазига молдан бирор нарса эваз бўлмасада, лекин уламолар муробаҳада муддатни мол деб эътибор қилганлар. Қачон, муддатни эвазида нархни зиёда қилиш зикр қилинса, агар қарздор тўлов муддати етиб келишидан аввал молни нархини ҳаммасини тўлалигича тўласа, тўлаш муддати етиб келмаган миқдорини бирор бир эвазсиз олган бўлади” (Раддул муҳтор).

Шунинг учун муробаҳа ҳамда тақсит савдосида бир киши ўн сўмлик нарсани бир йил муддатга йигирма сўмга сотса, харидор муддатидан илгари, яъни олти ойда нархни ҳаммасини тўласа, сотувчи уни олишга ҳаққи бор. Лекин, мутааххир уламоларнинг фатвосига кўра олмагани афзалдир. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat