Ассалому алайкум! Аллоҳ илмларингизни бардавом қилсин. Отам-онам яқиндагина Ҳаж сафаридан келиш муносабати билан келди-кетди кўпайди. Меҳмонлат кетишганидан кейин аёлим уйини йиғиштираётганида қандайдир думалоғлаб қўйилган соч чиқди. Уни аёлим ташлаб юборибди. Ўшандан бери уйимизда тинчлик йўқ. Илтимос ёрдам беринглар. Саволим ноўрин бўлса минг бор узр.
Ва алайкум ассалом! Сиз айтган нарса 1-дан гумон холос. 2-дан рост бўлганида ҳам Аллоҳнинг изнисиз уни ҳеч қандай таъсири бўлмайди.
Аллоҳ таоло “Тағобун” сураси 11-оятида марҳамат қилади :
مَا أَصَابَ مِن مُّصِيبَةٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ وَمَن يُؤْمِن بِاللَّهِ يَهْدِ قَلْبَهُ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
"Аллоҳнинг изнисиз ҳеч қандай мусибат етмас. Ким Аллоҳга иймон келтирса, У Зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир".
Аллоҳнинг қозои-қадарисиз, илмисиз ҳеч бир мусибат етмайди, деган эътиқод инсон хотирасида доимо туриши керак.
«Аллоҳнинг изнисиз ҳеч қандай мусибат етмас».
Набий алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: «...Ва билгинки, сенга етган мусибат адашиб, бошқага ўтиши мумкин эмас, агар бошқага бўлса, сенга етмасди...» – деганлар.
Мўмин киши ўзига етган мусибатнинг Аллоҳнинг тақдири – ўлчови бўлганини тушуниб етса, бу қийинчилик ва мусибатларни осон кечиради. Чунки унинг хотири жам, кўнгли тўқ бўлади. Мусибатга сабр қилади. Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Иймонсиз киши бўлса, мусибат етганида сабрсизлик қилади, турли сабаблар ахтаради, ғам-ғуссага ботади ва ўзича қутулмоқчи бўлиб, турли зарарли усулларни қўллайди.
Мўмин киши ҳар қандай кўнгилсиз воқеа юз берганда истиржоъ айтиб, сабр қилиши зарурдир. Истиржоъ «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун» дейишдан иборатдир. Бунинг маъноси «Биз Аллоҳникимиз ва биз Унга қайтиб борувчилармиз», деганидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир ҳадиси шарифларида: «Агар бирортангизнинг кавушингизнинг боғичи узилиб кетса ҳам, истиржоъ айтсин», – деганлар.
Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса, фақат яхшиликка бўлади. Агар унга мусибат етса, сабр қилади. Бу ўзича яхши. Агар яхшилик етса, шукр қилади. Бу ҳам ўзича яхши. Бундай неъмат мўминдан ўзга ҳеч кимга насиб этмайди», – деганлар.
Яна “Бақара” сураси 102-оятида ҳам :
وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلاَّ بِإِذْنِ اللّهِ
«…улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар».
Ушбу жумлада дунёдаги ишларнинг бориши ҳақидаги исломий тасаввур ўз аксини топган. Яъни дунёда нима иш содир бўлса, барчаси Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Тўғри, Аллоҳ ҳар бир ишнинг юзага чиқиши учун сабабларнинг вужудга келишини шарт қилган. Аммо ўша сабаблар ҳам Аллоҳнинг изни билан таъсир қилади. Илми калом уламолари бу маънони тушунтириш учун оловни мисол қиладилар. Оловни пахтага тутсанг, пахта куяди. У оловдаги куйдириш хусусияти туфайли куядими ёки ўзидаги куйишга бўлган қобилият туфайли куядими? Чунки оловда куймайдиган нарсалар ҳам бор-ку. Хулласи калом, ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан бўлади. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, оловдан куйдириш хусусиятини олиб қўяди. У Зот куйдиришга изн бермаса, олов ҳеч нарсани куйдира олмайди. Мисол учун, Иброҳим алайҳиссаломни мушриклар катта гулханга ташлаганларида, Аллоҳ таолонинг амри ила у олов Иброҳим пайғамбарни куйдирмаган.
Шунингдек, сеҳргарлар ҳам сеҳрни қилишаверади. Аммо Аллоҳнинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар.("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Сеҳр қилинган тақдирда ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда унга қарши давони ҳам нозил қилган. Улар “Фалақ” ва “Нос” суралари. Бошингиз оғриса бош оғриқ дориси уни қолдиришига ишонганингизча “Фалақ” ва “Нос” сураларини сеҳрга қарши даво бўлишига ихлос қилсангиз кифоя. Қолаверса ҳамма нарсани сеҳрга боғлайвериш ҳам яхши иш эмас. Муаммони асл ўзагини топишга ҳам ҳаракат қилиш керак. Валлоҳу аълам.