Ассалому алайкум! Мен ислом.зиёуз.ком сайтидан Муҳаммад Зоҳид Қутқу Ибн Иброҳим ал-БУРСАВИЙ нинг "Аҳли сунна вал жамоат ақоиди" китобини кўчириб олиб ўқий бошладим. Ушбу китобнинг 17-бетида 5-масалада "Ҳар қандай киши жаноза ўқиш лозим" деган бобда "Ўз жонига қасд қилган кишига ҳам жаноза ўқиш жоиз. Фақат имом, қози, муфтий ва машхур кишилар жаноза ўқимайдилар. Оддий кишилар ўқиши керак, ўқимаса гуноҳкор бўлишади" деб ўқидим. Шу вақтгача ўз жонига қасд қилган кишига жаноза ўқилмайди деб билардик. Илтимос шу мавзуга ойдинлик киритиб берсангизлар. Умуман ушбу китобдаги барча манбалалар саҳиҳми? Ақийда нозик масала бўлгани боис савол билан мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Жавоб учун олдиндар раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Ўз жонига қасд қилган киши гуноҳи кабира қилган ҳисобланади. Шундай бўлсада у мусулмон ҳисобланиб, шариат унга жаноза намози ўқишга рухсат берган. Имом, қози, муфтий каби муқтадо кишилар жаноза ўқимасаларда, авом халқ жаноза ўқишлари зарур. Жанозасиз дафн қилишлари жоиз эмас. “Дуррул Мухтор” китобида “Ким ўз жонига қасд қилса, ғусл қилдирилиб унга жаноза ўқилади” дейилган ва шунга фатво берилган. Валлоҳу аълам.