Очиқ ойдин далил бўлмаса бировни зинокорликда гумон қилиш катта гуноҳ бўлади. Хусусан мутахассислар таъкидлаб турган бўлса. Бу бир одамнинг гумон асосида умрини зое қилиш бўлади. Бунинг жавобгарлигини ўйлаш керак. Буни Нур сурасида баёни келган: 4. Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир. 5. Бундан кейин тавба қилиб, ўзини ислоҳ қилганлар мустаснодир. Зеро, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Жамиятда ўзига яраша тартиб-интизом, ўзаро ҳурмат, ҳар бир одамнинг қадр-қиммати, ор-номуси ҳимояланган бўлиши лозим. Оғзига кучи етмаган вайсақиларнинг ҳар турли гап-сўзлар тарқатиб, одамларнинг обрўсини тўкаверишига йўл қўймаслик керак. Айниқса, зинога оид гаплар бировнинг обрўсини тўкиш билан бирга, жамиятда нопок, фаҳш кайфиятни туғдиради. Бўлмағур кишиларнинг уят гаплар тарқатиши, хусусан, ёшлар тарбиясининг бузилишига сабаб бўлади. Ана шундай вайсақиларнинг тили тийиб қўйилмаса, улар бирга ўнни қўшиб, турли гапларни тарқатаверадилар ва шахсларга ҳам, жамиятга ҳам катта зарар етказадилар. Шунинг учун шариатнинг ҳукми бўйича, бировни зинода айблаган одамдан бу айбловнинг ростлигига тўртта гувоҳ келтириш талаб қилинади. Агар тўртта гувоҳ келтира олмаса, кўпчилик ичида бўҳтон қилганликда айбланиб, саксон дарра урилади. Бунинг устига, у Ислом жамиятида ишончсиз кишига айланиб, гувоҳлиги қабул қилинмай қўяди. Бу эса ўзини билган киши учун одамгарчиликдан чиқиш билан баробардир. Қуръони Карим бўҳтончини «фосиқ», яъни «Аллоҳнинг амридан чиққан одам» деб васф қилмоқда, бу ҳам жуда ёмон сифатдир. Энди бундай одам фақат ихлос билан тавба қилгандагина ва ўзини бутунлай тузатгандагина фосиқликдан чиқиши мумкин. Шунда унинг гувоҳлиги яна қабул қилинадиган бўлади. Демак, фақат тавба қилиши кифоя эмас. Балки, шу билан бирга, ўзини ўнглаганини жамият аъзоларига амалда кўрсатиши ҳам зарур. Бунинг учун покиза одамни қаерда, кимларнинг олдида, қандай қилиб зинода айблаган бўлса, ўша ерда, ўша одамларнинг олдида, ўшандай қилиб поклайди ва ўзини қоралайди. Сўнгра тавба қилади. Жамият уни бир йил давомида кузатади. Шу муддат ичида ҳақиқатан ўзини тузатиб, шариатга хилоф ишларни қилмаса, ундан фосиқ номи олинади ва гувоҳлиги қабул қилинадиган бўлади. Шунинг учун зинони ўз кўзи билан кўрганлар сони тўрт кишига етмаса, жим юришлари лозим. Агар гувоҳлар тўрт кишига етса, бу хабарни одамлар ичида гапириб юрмасдан, ҳукуматга етказиш ва зинокорни жазога тортиш чорасини кўришлари керак. Ана шунда улар тўғри йўл тутган бўладилар. Ояти каримада: «Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар», – дейилмоқда. Одатда, аёлларни зинода айблаш кўпроқ бўлгани учун улар зикр қилинмоқда, лекин эркакларни зинода айблаганлардан ҳам тўртта гувоҳ келтириш талаб қилинади, келтира олмасалар, жазога тортиладилар. Оятда «(бўҳтон) тоши отиб» дейилмоқда, яъни ёмон сўз айтиш тош отишга ўхшатилмоқда. Бу ҳам бировни зинода айблаш нақадар ёмон иш эканини кўрсатади. Сўнгра айбловчи гапининг ростлигини тасдиқлаш учун тўртта гувоҳ келтириши шарт экани таъкидланмоқда. Шариат ҳукми бўйича, тўртта гувоҳ келтириш фақат зинодагина талаб қилинади. Бошқа ишларда битта ёки иккита гувоҳ кифоя қилади. Бошқа ҳолатларда бўлгани каби, бунда ҳам гувоҳлар текшириб кўрилади, улар одил бўлмоқлари, шариат ишларига хилоф қилмаган бўлишлари шарт қилиб қўйилади. Бировни зинода айблашни шаръий истилоҳда «қазф» дейилади. Демак, бу оятда гап қазф ҳақида кетмоқда. Бошқа хусусда эмас. Мисол учун, ўғрилик, ароқхўрлик ёки шариат ҳаром қилган бошқа ишлар содир этишда айблов тушадиган бўлса, айбловчи ўз гапини тасдиқлаб бера олмаса, ҳукумат унга нисбатан ўзи билиб жазо қўллайди. Аммо зинода айблаш бўлганда, ушбу оятнинг ҳукмига амал қилиш шарт. Ояти каримадан «Эркак киши аёл кишини зинода айблаб, унга бўҳтон тоши отса, қазф содир бўлади» деган маъно чиқмоқда. Лекин, аслида эса эркак киши эркак кишини, аёл киши аёл кишини ёки аёл киши эркак кишини қазф қилса ҳам, барибир жазога тортиладилар. Ояти каримада кўрсатилган жазони қўллаш учун бўҳтон қилувчи покиза шахсга нисбатан зино қилганлик айбини қўйган бўлиши шарт. Агар фисқу фужури, зинокорлиги билан танилган одамни айбласа, унга нисбатан бу жазо қўлланилмайди. Балки ўша вақтнинг ҳукумати шароитни ҳисобга олиб, оятдагидан кўра енгилроқ жазо беради. Бир одам бошқасини зинода айблаб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаса, дарҳол уни ушлаб, саксон дарра урилавермайди. Балки бошқа жиноятлардаги, жумладан, зино содир бўлгандаги каби, олдин жиноятчининг, жабрланувчининг шахси ва қилинган жиноят яхшилаб ўрганилади. Шу уч тоифада – жиноят, жиноятчи ва жабрланувчида керакли шартлар топилгандагина, жиноятчига жазо берилади. Жазо жорий этилиши учун жиноятчида қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим: 1. Жиноятчи балоғатга етган бўлиши керак. Агар балоғатга етмаган шахс бировни зинода айблаб, бўҳтон қилса, унга нисбатан ушбу оятда зикр қилинган жазо чораси қўлланилмайди. Унга нисбатан ўша давр ҳукумати томонидан таъзир берилади. Албатта, муносиб равишда. 2. Жиноятчи ақлли бўлиши керак. Агар жинни бировни зинода айбласа, унга нисбатан мазкур жазо чораси қўлланилмайди. Шунингдек, бирор нарсанинг таъсирида ҳуши жойида бўлмаган одам бировни зинода айбласа ҳам, узрли ҳисобланади. Лекин ақлу ҳуши жойида йўқлиги шариат ҳаром қилган нарсаларнинг истеъмоли туфайли бўлса, унга узр йўқ. Масалан, ароқ ичиб, маст бўлган одам бировни зинода айбласа-да, кейин «Мастликда билмай айтиб қўйибман», деса, узри қабул қилинмайди. 3. Жиноятчи ўз ихтиёри билан зинода айблаган бўлиши керак. Агар биров уни мажбур қилган бўлса, ушбу оятда зикр этилган жазога тортилмайди. 4. Жиноятчи жабрланувчининг отаси ёки бобоси бўлмаслиги керак. Оятда зикр этилган жазони қўллаш учун бўҳтон қилинган кишида қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим: 1. Жабрланувчи оқил бўлиши керак. Агар жинни одамни биров зинода айбласа, унга нисбатан мазкур жазо жорий қилинмайди. Яъни жинни одам зино қилгани собит бўлганда ҳам, жазога тортилмайди. 2. Жабрланувчи балоғатга етган бўлиши керак. Агар биров кичкина болани зинода айбласа, унга нисбатан оятда зикр этилган жазо жорий қилинмайди. Чунки кичкина бола шариат ишларига таклиф қилинган эмас, агар, фаразан, ундан зино собит бўлса ҳам, жазога тортилмайди ва кишилар ўртасида обрўси тўкилмайди. 3. Жабрланувчи мусулмон бўлиши шарт. Агар биров мусулмонмас одамни зинода айбласа ёки мусулмон одамни мусулмон бўлишидан олдин зино қилган, деса, унга нисбатан мазкур жазо қўлланилмайди. 4. Жабрланувчи ҳур бўлиши керак. Агар бир одам қул ёки чўрини зинода айбласа, унга нисбатан ушбу оятда зикр қилинган жазо қўлланилмайди. Чунки қул ва чўриларнинг ихтиёрлари ўзларида эмас. Қолаверса, уларга Қуръонда ҳурларга бериладиган жазонинг ярми тайин қилинган. 5. Жабрланувчи покиза бўлиши, зино ва унинг шубҳасидан узоқда бўлиши лозим. Яъни умрида зино қилганлиги ҳеч собит бўлмаган ёки шубҳа ҳам туғилмаган бўлиши керак. Шунингдек, зино бўлмаса ҳам, иффатига футур етказадиган турли бўлмағур ишларни қилмаган, иффатини сақлаб юрган одам бўлиши керак. Демак, мазкур ҳолатларга қараб, жиноятчига нисбатан оятда зикр қилинган жазо қўлланилади ёки таъзир берилади. Таъзир бериш эса ўша вақтнинг ҳукумати томонидан муносиб равишда белгиланади. Жиноятчи ва жабрланган тарафларда ҳамма шартлар мавжуд бўлиши билан бирга, жиноятда, яъни зинода айблашда ҳам маълум бир шартлар кўриниши керак. Агар бу ишда ҳам камчилик бўлса, оятда зикр қилинган жазо чораси татбиқ этилмайди. Аввало, жиноятчи, яъни бўҳтончи жабрланувчини, яъни бўҳтонга учраган шахсни «зино» лафзи билан очиқ-ойдин бўҳтон қилган ва бу ишга гувоҳлар мавжуд бўлиши лозим. Мисол учун, «Эй зинокор», «Сен зинокорсан» ёки «Зинодан бўлган боласан» каби сўзларни одамлар олдида айтган бўлсагина, ҳадд – шаръий жазо қўллашга лойиқ жиноят қилган ҳисобланади. Агар киноя билан айтган бўлса, мисол учун, «Сен фожирсан», «Сен фосиқсан», «Сен ифлоссан» каби сўзларни ишлатган бўлса, унинг эътиборига боғлиқ бўлади. Зинони эътиборда тутиб айтган бўлса, унга ҳадд қоим қилинади – жазо берилади. Бошқа маънода айтган бўлса, бошқача чора кўрилади. Шунингдек, бировни баччабозликда айбласа ҳам, зинода айблаган билан баробар бўлади. Бўҳтончига қарши чора кўришни талаб қилишга фақат жабрланувчи ёки жабрланувчи билан насаби бир, у билан бирга ор-номусга қоладиган шахсгина ҳақлидир. Маҳкамага арз этган одам, яъни бўҳтон қилган одам туҳматга қолган одамнинг Фалончи билан зино қилаётганини аниқ кўрганлиги ҳақида гувоҳлик берувчи тўрт кишини олиб келиши керак. У гувоҳлар зинога гувоҳлик беришда зикр этилган шартларга эга бўлишлари ва ўшандай равишда барча қонун-қоидаларга риоя қилган ҳолда гувоҳлик беришлари керак. Агар бу иш амалга ошмаса, бўҳтончига саксон дарра урилади. Иш маҳкамага етиб боргандан кейин кечиб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шикоятчи ҳам, маҳкама ҳам кечиб юбора олмайди, келишиб, босди-босди қилиб ҳам бўлмайди. Баъзи бир тўлов туфайли рози қилиш ҳам бўлмайди. Маҳкамага етган ишда тавба ҳам, истиғфор айтиш ҳам, бошқа чоралар ҳам фойда бермайди. Маҳкамага етмасидан олдин кечирилса бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳадд(шаръий жазо)ларда ўзаро афв қилинглар, менга етгандан кейин ҳаддни қоим қилиш вожиб бўлиб қолади», – деганлар. Уламоларимиз табиий бир савол пайдо бўлиши мумкинлигини ҳам эътиборга олганлар. Ўша савол қуйидагича: Бир одам бировнинг зино қилаётганини аниқ кўрса-ю, лекин гувоҳликка тўрт кишини келтира олмаса, бу унинг ёлғончи эканига далил эмас-ку, нима учун уни саксон дарра уриб, одамлар ичида шарманда қилиб, гувоҳлигини қабул этмай, «фосиқ» деб эълон этиш керак? Бу саволга уламоларимиз қуйидагича жавоб берадилар: Агар бир киши кимнингдир зино қилаётганини кўрса, етарли далили бўлмай туриб, уни одамлар ўртасида тарқатиши хатодир. Бу иши худди бир одам ифлос нарсанинг устида ўтирган-у, ўша ифлос нарсани бошқа томонга тарқатган каби бўлади. Бундай ҳолатда ўша ифлос нарсани етарли ҳужжат-далил билан бир йўла йўқотиш керак. Яъни давлатга мурожаат қилиб, ҳужжат-далил билан исботлаб, жазосини бериш керак ёки ҳеч қаёққа ёйилмай, ўз жойида қолиб кетишини таъминлаш керак. Лекин бефойда равишда у ифлос шахсларнинг тегирмонига сув қуймаслик керак. Шунинг учун ҳам ҳужжат-далилсиз бировни зинода айблаган киши ўзи ростгўй бўлса ҳам, амали фисқ ҳисобланади.