Ассаламу алайкум! Мен “зам-зам ва таҳоратдан қолган сувни нима ниятда ичса, ниятига етади” деб ўқигандим. Афсуски ҳозир шу маълумотни топа олмаяпман. Бир дўстимга айтсам, манбаасини сўраб қолди. Агар шу гап бор бўлса шу ҳақида маълумот берсангизлар. Илтимос.
Ва алайкум ассалом!
عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه ، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: مَاءُ زَمْزَمَ لِمَا شُرِبَ لَهُ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَصَحَّحَهُ. وَاللهُ أَعْلَمُ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир», дедилар».
Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар. Ибн Ҳиббон саҳиҳ, деган. Аллоҳ билгувчироқдир.
Шарҳ: Яъни замзамни ким нима ниятда ичса, ўша ниятига етишади. Бу ҳақиқатни кўпчилик мухлислар ўз тажрибаларидан ўтказишган.
Имом Дора Қутний ва Ҳоким келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир. Уни шифо талабида ичсанг, Аллоҳ сенга шифо беради. Уни паноҳ талабида ичсанг, Аллоҳ сенга паноҳ беради. Агар уни чанқоғингни кесиш учун ичсанг, Аллоҳ чанқоғингни кесади. Агар уни тўйиш учун ичсанг, Аллоҳ сени тўйдиради. У Жаброилнинг ишорасидир. У Исмоилнинг ичимлигидир».(“Ҳадис ва Ҳаёт”).
“ал-Мавсуул фиқҳия” китобида : “Ҳанафий ва Шофеъий уламолари таҳорат олувчи идишда таҳоратдан қолган сувни ичишни мустаҳаб деганлар. Бунга Али розияллоҳу анҳунинг “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар” деган ривоятни далил қилганлар. Камол ибн Ҳумом : “Таҳорат олувчи таҳоратидан қолган сувни тик турган ҳолатда, қиблага юзланиб ичади. Хоҳласа ўтириб” деган. Ҳаскафий, Ибн Обидийн ва бошқалар : “Таҳорат олувчи таҳоратидан қолган сувни ичади ва ортидан : Аллоҳим менга шифоинган шифо, давоингдан даво бер, мени заифлик, касаллик ва беморликдан сақлагин – дейди. Мен бу дуони ҳадисларда келганига гувоҳ эмасман, лекин яхши дуо экан.” деганлар. Китобдан иқтибос тугади. Валлоҳу аълам.