Ассалому алайкум! Яқин бир танишим тижорат қилиб, бошқаларга ишониб катта қарз бўлиб қилганди, уни алдаб кетишди. У қарзга олган пулларини қайтаришга ҳаракат қиляпти, лекин қайтаролмай қийналиб қолди. Энди у қарзи бор одамларга “қиёматда қайтараман” дейиши мумкинми? Уни алдаб кетганлардан бу дунёда ололмаяпти, балки ололмаса ҳам керак. Нима маслаҳат берасизлар? Жавобингиз жуда муҳим.
Ва алайкум ассалом!
عَنِ الْقَاسِمِ مَوْلَى مُعَاوِيَةَ، أَنَّهُ بَلَغَهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ قَالَ: «مَنْ تَدَيَّنَ وَهُوَ يُرِيدُ أَنْ يَقْضِيَهُ، حَرِيصٌ عَلَى أَنْ يُؤَدِّيَهُ، مَاتَ وَلَمْ يَقْضِ دَيْنَهُ، فَإِنَّ اللهَ قَادِرٌ عَلَى أَنْ يُرْضِيَ غَرِيمَهُ بِمَا شَاءَ مِنْ عِنْدِهِ، وَيَغْفِرُ لِلْمُتَوَفَّى، وَمَنْ تَدَيَّنَ بِدَيْنٍ وَهُوَ لَا يُرِيدُ أَنْ يَقْضِيَهُ، فَمَاتَ عَلَى ذَلِكَ لَمْ يُقْضَ دِينُهُ، فَإِنَّهُ يُقَالُ لَهُ: ظَنَنْتَ أَنَّا لَا نُوَفِّي فُلَانًا حَقَّهُ مِنْكَ، فَيُؤْخَذُ مِنْ حَسَنَاتِهِ فَتُجْعَلُ زِيَادَةً فِي حَسَنَاتِ رَبِّ الدَّيْنِ، فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُ حَسَنَاتٌ أَخَذَ مِنْ سَيِّئَاتِ رَبِّ الدَّيْنِ فَجُعِلَتْ فِي سَيِّئَاتِ الْمَطْلُوبِ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.
Муовиянинг мавлоси Қосимдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ким адо қилиш нияти билан қарз олса, уни адо қилишга қатъиятли бўлиб туриб, қарзни адо қилмасидан олдин ўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг талабгорини Ўз ҳузуридаги истаган нарса билан рози қилишга қодирдир. Вафот этганни ҳам мағфират қилади.
Ким адо қилмаслик нияти билан қарз олса ва ўша ҳолида, қарзини адо қилмай ўлиб қолса, унга «Сен фалончининг ҳақини сендан тўлиқ олиб бермаслигимизни гумон қилганмидинг?» дейилади. Унинг яхшиликларидан олиниб, қарз эгасининг яхшиликларига зиёда ўлароқ қўшилади. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, қарз эгасининг ёмонликларидан олинади ва қарздорнинг ёмонликларига қўшилади».
Байҳақий ривоят қилган.
Нияти бузуқнинг ҳоли шу бўлса, қарздан тониб ўтиб кетганнинг ҳоли қандай бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.
Аввало қарз олишгача бориб қолмаслик чорасини кўриш керак. Мабодо қарз олишга эҳтиёж тушганда ҳам, яхши ният билан «Аллоҳ таолонинг ёрдамида албатта қарзимни узаман», деган ниятни қилиб, уни амалга ошириш учун ғайрат қилиш лозим. Ана ўшанда Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлади, ишлар яхшиликка бурилади. Яхши ният ёр бўлади. Аммо киши ишни ёмон ният билан бошласа, ёмон нияти ўзининг бошига етади. Қарзини узмай ўтиб кетганидан кейин ҳам қутула олмайди. У дунёда Аллоҳ таолонинг Ўзи унинг жазосини беради.(“Қарз” китобидан). Валлоҳу аълам.