Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳадис саҳиҳми?

22:43 / 08.01.2016 | Anas | 2565

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар мен яқинда “Мусулмон уйга 40 ўгит” номли мақолада бир ҳадисга кўзим тушди. Унда “Эркак киши ўз уйида, намозда иқтидо қилмаслиги лозим ва ҳеч ким уй эгасининг ўрнида ўтирмаслиги керак. Ўзи рухсат қилса бўлади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эркак киши ўзи ҳукмрон жойда намозда иқтидо қилмаслиги лозим, ва ўзи рухсат қилгандан ташқари ҳеч ким унинг ўрнида ўтирмаслиги керак”. (Термизий ривоят қилган, 2772). Яъни ҳеч ким намозда имомлик қилиш учун ўша жойнинг эгасидан олдинга ўтмаслиги лозим, гарчи у киши жой эгасидан ёки ўша жойга ҳукми ўтадиган кишидан, мисол учун уй эгаси ёки масжид имомидан кўра Қуръонни яхшироқ тиловат қилса ҳам. Саволим шуки бу хадис сахихми? агарда уйимизга биздан кўра илимли инсонлар ташриф буюрса биз унга иқтидо қилмаслик керакми ва унга шу хадисни далил қилсак бўладими? 


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ  رضي الله عنه ، عَنِ النَّبِيِّ  صلي الله عليه وسلم: يَؤُمُّ الْقَوْمَ أَقْرَؤُهُمْ لِكِتَابِ اللهِ، فَإِنْ كَانُوا فِي الْقِرَاءَةِ سَوَاءً فَأَعْلَمُهُمْ بِالسُّنَّةِ، فَإِنْ كَانُوا فِي السُّنَّةِ سَوَاءً فَأَقْدَمُهُمْ هِجْرَةً، فَإِنْ كَانُوا فِي الْهِجْرَةِ سَوَاءً فَأَقْدَمُهُمْ سِنًّا، وَلَا يَؤُمَّنَّ الرَّجُلُ الرَّجُلَ فِي سُلْطَانِهِ، وَلَا يَقْعُدُ فِي بَيْتِهِ عَلَى تَكْرِمَتِهِ إِلَّا بِإِذْنِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қавмга уларнинг ичидан Аллоҳнинг Китобини кўпроқ ёдлаганлари (ва тўғрироқ ўқийдиганлари) имом бўлади. Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари. Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари. Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катта бўлганлари бўлади. Бир одам ҳеч қачон бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин. Магар, унинг изни ила бўлса, майли», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда имом бўлишга кимлар лойиқ эканлиги бир неча сифатлар билан кетма-кет баён қилиб берилмоқда. Шу билан бирга, уламоларимиз таъкидлаганларидек, мазкур сифатларда ўша даврга хос хусусиятлар эътиборга олинмоқда.
Энди ўша сифатларни бирин-кетин кўриб чиқайлик.
Аввало ҳар бир қавмга уларнинг ичидан:
1. «Аллоҳнинг Китобини кўпроқ ёдлаганлари (ва тўғрироқ ўқийдиганлари) имом бўлади».
Бу имом танлаш вақтида аввало Қуръонни билиш, қироат қилиш сифатига қаралади, деганидир.
Ислом жамиятида бу нарсага катта эътибор берилади. Чунки имом танлаш мусулмонлар ичидан энг яхшисини танлаш, демакдир. Мусулмон кишининг яхшилиги эса энг аввало Қуръонни билиши, уни тиловат қилиши, унга амал қилишига қараб бўлади.
2. «Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари» танланади.
Намоз ўқиш учун ҳозир бўлган кишилар ичидаги имомликка лойиқ бир неча кишининг Қуръон қироати бўйича савиялари тенг бўлиб қолса, суннатни яхши билган, дийний аҳкомларни тўлиқ тушунадиган киши имомликка ўтади.
Баъзи уламолар имомликка даъвогарлар ичидан муносибини танлаш учун худди шу тартибга риоя этиб, унда «Биринчи қори, иккинчи олим бўлади», деганлар. Улар ушбу ҳадиснинг зоҳирига қараб, шундай хулоса қилганлар.
Лекин жумҳур уламолар, жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламолари «Суннатни яхши биладиган олим қоридан муқаддам бўлади», деганлар. Чунки олим одам намозга керакли Қуръон қироатини яхши билиши турган гап, аммо қори одам намозда юзага келиб қоладиган масалаларни дарҳол ҳал қилиб кетавериши осон эмас.
Ушбу ҳадисда қорининг муқаддам қўйилиши саҳобаи киромларнинг қорилари олим бўлганликларии эътиборидандир. Улар бир оятни ёд олганларидан кейин унга тўлиқ амал қилмагунларича иккинчи оятга ўтмаганлар.
3. «Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари» ўтади.
Имомликка танлашда эътиборга олинадиган сифатларнинг учинчиси ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг даврларига хосдир. Ўша пайтларда кишиларни ҳижратни эртароқ қилганларига қараб ҳурматлаш бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобалар орасидаги афзалликни кўпгина ҳолатларда уларнинг ҳижратлари қадимлигига қараб олганлари маълум ва машҳур.
Ҳадиси шарифда ҳам қорилик ва олимлик сифатлари тенг келиб қолган кишилар ичидан имомликка аввалроқ ҳижрат қилганлари афзал кўрилиши таъкидламоқда. Чунки Аллоҳ, Расул ва Ислом учун ватанни, аҳли аёлни, молу давлатни ва бошқа имтиёзларни тарк этиб, муҳожирликни ихтиёр этиш улкан фазилатдир. Бу ишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Иймон ва Ислом йўлида фидокорликка фақат тақводор, мухлис ва муҳсин кишиларгина қодир бўладилар. Уларнинг ичида эса энг аввал ҳижрат қилганлари афзалроқ саналадилар.
4. «Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катта бўлганлари» ўтади.
Уламоларимиз тўртинчи ўринга Исломи аввал бўлган кишиларни қўйганлар. Чунки бу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида «ёшлари катта» лафзи ўрнига «Исломлари аввал бўлганлари» дейилган.
Албатта, Исломга аввал кириш ҳам катта фазилат ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имомликдан бошқа ишларда ҳам Исломга аввал кирганларни устун қўйганликлари маълум.
Бешинчи ўринда эса уларнинг аввал ўтган тўрт сифатда савиялари тенг бўлиб қолса, ёши улуғи имомликка тақдим қилинади.
Кўриниб турибдики, имом танлашнинг ўзига хос ўлчови бор. Қолаверса, Исломда аслида имомлик касб ёки мансаб эмас, балки шараф ва масъулиятдир. Имом намозга тўпланган намозхонлар ичидан бирини танлаш билан бўлади. Яъни бу нарсага ҳар бир мусулмон тавсия этилиши мумкин. Бошқа дийнлардагига ўхшаб, алоҳида тарбия топган, турли дийний поғоналардан ўтиб чиққан, маълум кийим кийган бўлиши шарт эмас.
Авваллари масжидларга алоҳида имом тайинлаш, имомликни касб қилиб олиш бўлмаган. Кейинчалик кишилар Ислом таълимотларидан узоқлашиб, дунёнинг орзу-ҳавасларига берилиб кетганларидан кейингина имом тайин қилиш одати пайдо бўлди. Бу эса ўз навбатида, турли муаммоларни келтириб чиқарди. Нолойиқ кишиларнинг имом бўлиб қолиш ҳоллари, имом ва қавм ўртасидаги келишмовчиликлар шу муаммолар сирасига киради.
Бу фаслнинг келгуси ҳадисларида имомлар ва уларнинг фаолиятига боғлиқ бошқа масалалар ҳам баён этилади. Бизнинг вазифамиз уларга амал қилишдир. Уларга имомлар ҳам, қавмлар ҳам бирдай амал қилишлари лозим.
Ушбу ҳадисни ҳаётимизга татбиқ қилиш борасида гап юритадиган бўлсак, имом танлаш вақтида унда зикр қилинган сифатларга ва уларнинг тартибига қатъий амал қилишимиз, айниқса, имом танлаш ҳуқуқига эга бўлган кишилар инсоф қилишлари керак. Агар қавмнинг ўзида бунга ҳақли кишилар бўлса, улар тавсия қилишлари лозим.
Ўрганаётган ҳадиси шарифимизда яна иккита муҳим масала муолажа қилинмоқда.
1. «Бир одам ҳеч қачон бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин... Магар унинг изни ила бўлса, майли».
«Салтанатида» дейилганида ҳокимлиги, волийлиги, бошлиқлиги, имомлиги, уй соҳиблиги каби нарсалар кўзда тутилади. Бундай пайтларда имом бўлишга салтанат эгаси ҳақлидир. У бор жойда меҳмон одам имомликка ўтиши мумкин эмас. Чунки бу иш салтанат эгасига нисбатан ҳурматсизлик, уни атбоълари олдида камситиш билан баробардир. Агар салтанат эгасининг ўзи рози бўлиб, ўтказса, мумкин.
2. «ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин... Магар унинг изни ила бўлса, майли».
Бу тасарруф ҳам одобсизликка, бир қавм бошлиғининг ҳурматини жойига қўймасликка киради. Агар салтанат эгаси ўзи рози бўлиб, ўз жойига ўтказса, мумкин.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat