“Ҳужурот” сураси 7-оятида «Билингларки, ичингизда Аллоҳнинг расули бордир» маънолар таржимасига эга ояти кариманинг маънавий жиҳатдан Пайғамбаримиз алайхиссаломнинг ичимизда эканларини тушунамиз. Бундан 3 ойлар чамаси олдинрок «Муҳаммадий мерос» номли саволимга жавоб олган эдим. Жавобларни ўқиб, юқоридаги ояти кариманинг маъноси билан танишиб, Пайғамбаримиз алайхиссалом нафақат маънан, балки жисман(моддийан) ичимизда деб эътиқод қилсак, ақийдага хилоф бўлмайдими?
Агар бу гапдан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳамма жойда ҳозиру нозир” деган нарсани эътиқод қилинса, бу куфрдир. “Баъзи бир хос жойларга ҳозир бўладилар” дейилинса, бунга на оятдан ва на ҳадисда бирор далил йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлаикларига келсак, у зот ҳозирда Барзахий ҳаётдалар, тирикликлари оятда келган шаҳидларнинг тирикликларидан чандон зиёдадир. У зотнинг жисмлари соғ-саломатлиги тўғрисида “Ер пайғамбарларнинг жасадини емайди” деган ҳадислар келган. Шунингдек пайғамбарларнинг қабрларида намоз ўқишлари ҳам ҳадисларда келган. Бундай тирикликка “Сунани Термизий”да ривоят қилинган қабр ичидаги зотнинг “Мулк” сурасини ўқигани, унинг устига чодир қурган одамнинг эшитгани ҳақидаги ҳадис далилдир.
Аммо : “Машойихларнинг руҳлари доимо ҳозир, билиб туришади” дейиш куфрдир. (Баҳрур роиқ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларига салавотни фаришталар тарафидан етказиб турилиши ҳадисларда зикр қилинган. Вафот этганларга оила аъзолари ҳақида хабар етказилиши ҳам китобларда зикр қилинган. Валлоҳу аълам