Ассалому алайкум! Биз томонларда ҳайит куни эрталаб саҳарлик қилиниб, ҳайит намозидан сўнг оғиз очиш одат тусига кириб қолган. Айтишларига қараганда шаҳар имоми ҳам худди шундай йўл тутар экан. Бундай қилишимиз жоизми?
Ва алайкум ассалом! Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй суртиш ва энг яхши кийимларини кийиш ва садақаи фитрини бериш мандубдир.
Юқоридаги жумлада Фитр намозига чиқишдан олдин қилинадиган амаллар ҳақида сўз бормоқда.
Улар қуйидагилардан иборат:
1. Таом ейиш.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Бошқа бир ривоятда:
«Фитр куни таом емасдан олдин чиқмас эдилар. Қурбонлик куни намозни ўқиб бўлмагунча емас эдилар», дейилган.
2. Мисвок.
Ҳар бир намоз учун мисвок қилиш марғуб бўлганидек, Ийди Фитрдан олдин ҳам мисвок қилиш марғубдир.
3. Fусл қилиш.
Фокиҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Қурбонлик ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
4. Хушбўй суртиш.
Кишилар кўп тўпланадиган жойларга хушбўй нарса суртиб бориш мандуб бўлгани учун ийд куни хушбўй суртилади.
5. Энг яхши кийимларини кийиш.
Имом Ибн Можа Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар».
«Ҳибара» – Яманнинг машҳур кийими.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жума ва ийд учун алоҳида яхши кийим кийишлари маълум ва машҳур.
6. Садақаи фитрини бериш.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлади. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бири бўлади».
Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ, деган.
Садақаи фитрни ийддан бир неча кун олдин берса ҳам бўлади.
Ийд намозига чиқишдан олдин қилинадиган амалларнинг «Мухтасар»да зикр қилинмаганлари ҳам бор. Масалан:
7. Икки ийд кечаларини ибодат ила ўтказиш.
Бунда кечанинг ҳаммасини ёки охирги учдан бирини зикр, намоз, Қуръон тиловати, такбир, тасбеҳ, истиғфор билан ўтказилади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Фитр кечасини ва Қурбонлик кечасини (савоб умидида) бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», дедилар».
Имом Табароний Убода ибн Сомитдан ривоят қилган.
Икки ийд кечасида қилинган дуолар мустажобдир. Шунинг учун эртага ийд, деган кечада кўп дуо қилиш ҳаракатида бўлиш лозим.
8. Муқтадий кишилар ийд намозига виқор билан, такбир айтган ҳолларида эртароқ, пиёда борадилар. Намозга қанчалик кўп интизор бўлинса, савоби шунчалик кўп бўлади.("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!