Ассалому алайкум! Ёшим қирк учда, жуда катта қарзларим бор, жами 8500$. Шу қарзларни тўлайман деб Россияга ишлагани оилам билан келдим. Бир йилдан бери шу ерда овқат пишириб сотаяпмиз. Бу ерда гўшт маҳсулотлари мусулмон бўлмаган мамлакатлардан келтирилади. Яъни тасмия айтмай сўйилган гўшт. Унинг устига ҳозир чўчқа гўштидан шашликни кўп сўрашаяпти. Мен қарзларимдан қутилгунимча пишириб сотсам ва пулини алоҳида қўйсам ва қарзларимга тўласам бўладими? Қарздор одамга жаноза ўқилмайди деб эшитиб қолдим. Шунга қарзларимдан тезроқ қутилишни хоҳлайман. Менга ундан келадиган бойлик керак эмас, фақатгина қарзларимдан қутилсам бўлди. Барча намозимдан кейин дуолар қилаяпман. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Қарздан қутилиш Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан биридир. Бу неъматга гуноҳ орқали эришиб бўлмайди. Аксинча қанча гуноҳлардан кўп сақлансангиз шунча Аллоҳ таолони марҳаматига сазовор бўласиз. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи шунга ваъда берган. Аллоҳ таоло асло ваъдасига хилоф қилмайди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида марҳамат қилади : Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. 3. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур». Яъни ким Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳнинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳнинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб, хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради. Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечадилар. Бу эса аксинча натижага олиб келади. Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади. Юқорида зикр этилган ишларда ҳийла-найранг кўп ишлатилади. Ҳийладан қўрқишнинг ўзи янги ҳийлага олиб боради. Шунинг учун Қуръони Карим мусулмонларни Аллоҳга таваккул қилишга ундаб, «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир», – дейди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Қуръондаги энг катта умидбахш оят, ушбу «ва ман яттақиллаҳа яжъал лаҳуу махрожан ва ярзуқҳу мин ҳайсу лаа яҳтасиб» деган эканлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёда қила олмайди», – деганлар. «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир» жумласининг тафсирига уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Набий алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъудга қилган насиҳатларида жумладан: «...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб, сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар», – деганлар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан "Талоқ" сураси 2-3-оятлар). Валлоҳу аълам!