Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Динни чуқурлаштирманглар маъносидаги ҳадис

10:35 / 28.10.2018 | Nurmuhammad | 2719
Ассалому алайкум! Устозлар, бир ҳадис эшиткан эдим. Унда “динни кенг олинглар, чуқурлашманглар, адашиб кетасизлар" деган эканлар. Аммо эсимда йўқ кимдан эшитканим. Шунга ўхшаш ҳадис борми?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Бу саҳиҳ ва муттафақун алайҳ бўлган ҳадис. 

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَسِّرُوا وَلَا تُعَسِّرُوا وَبَشِّرُوا وَلَا تُنَفِّرُوا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ  

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар. Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар», дедилар».
Икки Шайх ривоят ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга, улар орқали барча умматларига мурожаат этиб: «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар», демоқдалар.
Яъни, Ислом ҳақида гапирадиган, баъзи бир масалани ечадиган ёки бирор нарсада ҳукм чиқарадиган бўлсангиз, умуман, ҳар бир нарсада осон тарафини олинг, қийинини олманг, демоқдалар. Модомики, иш шариат чегарасидан чиқмаса, осон томонини олиш Ислом динининг асосий қоидасидир. Бошқа ҳадиси шарифларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон икки нарса орасидан бирини танлаб олиш ихтиёрига эга бўлсалар, албатта осон томонини олганлар. Кишиларни Исломга даъват қилиш учун атрофга юбораётиб, мана шу ҳадисни ҳар бир саҳобийга, албатта, қайта-қайта тайинлаганлар.
«Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар».
Ислом ҳақида, шариат ҳақида кишиларга гапирилганда доимо яхшиликларни, улар учун хушхабар бўладиган, икки дунё саодатига сабаб бўладиган нарсаларни гапириш лозим. Кишиларнинг нафратини келтирадиган, уларни чўчитадиган, кўнглини қолдирадиган гап-сўз ва тасарруфларни қилмаслик керак.
Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бунга айниқса, Исломга даъват қилиш билан машғул кишилар алоҳида эътибор беришлари лозим. Афсуски, баъзи бир биродарлар бу ҳадиси шарифдан бехабар, тескари маънода гап-сўз ва ҳаракатлар қиладилар.
Авваллари билмаган бўлсак, энди билдик. Бундан буён Ислом дини ҳақида гапирадиган, бирон иш қиладиган, ҳукм чиқарадиган бўлсак, осон тарафини олайлик. Кишиларга динимизнинг осонлиги, икки дунё бахт-саодатига етказиши башоратини бериб, гапирайлик. Ўзимизча шариатни қийинлаштирмайлик! Кишиларни турли гап-сўз, бўлмағур ҳатти-ҳаракатларимиз билан Исломдан нафратлантирмайлик. Мўътабар ҳадиси шарифга доимо амал қилишга интилайлик! ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat