Ассалому алайкум! Ҳурматли сайт ходимлари, динимизни ўрганишда олиб бораётган фаолиятларингизни Аллоҳ бардавом қилсин. Ҳомила олдирилгандан кейин келган қоннинг ҳукми нима?
Ва алайкум ассалом! Ҳомиласи тушиб қолган аёлнинг ҳукми САВОЛ: боласи тушиб қолган ёки бирор сабаб билан туширилган аёлнинг қони нифос қони бўладими? ЖАВОБ: бунинг учта кўриниши бор: 1. Мустабийнул хилқоти: ҳамма аъзолари ёки соч, тирноқ, бармоқ, оёқ-қўл каби баъзи аъзолари зоҳир бўлган чақалоқ. Унинг ҳукми – тирик туғилган бола каби бўлиб, ундан кейин келган қон нифос қони бўлади. Ҳомила туғилиши билан иддада ўтирган аёлнинг иддаси тугайди. «Агар бола туғсанг, талоқсан», деб талоқ бола туғишга тааллуқли қилинган бўлса, талоқ воқеъ бўлади; 2. Ғойри мустабийнал хилқа: бирорта ҳам аъзоси зоҳир бўлмаган ҳомила. Унинг ҳукми – ундан кейин келган қон нифос қони бўлмайди. Агар ўша қон ҳайз нисобича, яъни энг ками уч кечаю уч кундуз давом этса ва шу қон келишидан аввал аёл энг ками ўн беш кун пок бўлган бўлса, ҳайздир. Агар бу шартлардан бирортаси топилмаса, истиҳоза қони ҳисобланади. 3. Муштабиҳул хилқа: аъзоси зоҳир бўлган ёки бўлмаганлиги маълум бўлмаган ҳомила. Унинг ҳукми – агар ҳомила тўрт ой, яъни 120 кун ёки ундан кўпроқ муддатда тушиб қолса, ундан кейинги қонни нифосга ҳукм қилинади. Агар тўрт ойдан камроғида тушиб қолган бўлса, ҳайзнинг юқоридаги каби шартлари топилса, ҳайз, топилмаса, истиҳозага ҳукм қилинади. Агар ҳомиласи тушган аёл ҳомиласи неча ойлик бўлганини билмаса, унинг ҳар ойдан ҳайз одати 10 кун, поклиги 20 кун бўлса, нифос қонидан эса одати 40 кун бўлса, бу ҳолда у шундай йўл тутади: а) одатда ҳайз кўрадиган кунларининг биринчисида содир бўлса, 10 кун намозини қолдиради. Чунки бу кунларда икки эҳтимол бор: ҳайз ёки нифос бўлиши мумкин. (Яъни аъзолари зоҳир бўлган ҳомила бўлганида, бу кунлар нифосга ҳукм қилинар, зоҳир бўлмаганда ҳайзга ҳукм қилинар эди, иккисида ҳам намоз ва рўза соқит бўларди). 10 кун бўлгач, ҳайздан пок бўлгани эҳтимолига кўра ғусл қилиб олади. 20 кун таҳорат билан намоз ўқийверади. Бу ҳукм қон тўхтамасдан давом этганда жорий бўлади. б) одатда ҳайз кўрадиган кунлари ўтганидан кейин содир бўлса, 20 кунгача таҳорат билан намоз ўқийверади. Чунки бу кунларда аёл пок бўлиши керак эди ёки нифос кўрган бўлишининг эҳтимоли бор. Шунинг учун таҳорат қилиб, намоз ўқийверади. Хулоса шуки, қайси кунларнинг ҳайз ёки нифослиги аниқ бўлса, намоз ва рўзаларни тўхтатиб туради. Ҳайз ёки покликми, нифос ёки покликми эканига гумон бўлган кунларда шак билан намоз ўқийверади. “Роддул муҳтор”да шундай дейилган: «Ҳомила тушиб қолганда қаралади: агар унинг қўл, оёқ, бармоқ, тирноқ ёки соч каби аъзоларидан бирортаси одам аъзоси каби бўлса, – бу бир юз йигирма кунда бўлади (баъзилар эса ундан аввалроқ ҳам бўлади, дейишади) – уни болага ҳукм қилиниб, ғусл қилдирилади ва унга исм қўйиб, жаноза ўқимасдан дафн қилинади. Онаси нифос қонини кўрувчига айланади. Агар бу каби аъзолари зоҳир бўлмаса, болага ҳукм қилинмайди ва унинг ортидан келган қон ками уч кун давом этса ва бу воқеа содир бўлишидан аввал ками ўн беш кун пок бўлган бўлса, у ҳайз қонидир. Шунинг учун намоз соқит бўлиб, рўзани бошқа кунга кечиктиради. Агар юқоридаги – аъзоларининг зоҳир бўлиши, ҳомила тушиб қолишидан олдин ўн беш кун пок бўлиш ва кейинги келган қон уч кунгача давом этиши каби шартлардан бирортаси топилмаса, келган қон истеҳоза қони бўлиб, намоз ҳам соқит бўлмайди, рўзани ҳам кечиктирмайди». Валлоҳу аълам!