Ассалому алайкум! Бугун маслахатим.уз сайтининг бир мақоласига кўзим тушди. Унда инсонга кўз текканда қилинадиган ишлар ҳақида ёзилган экан. Қисқа қилиб айтганда сув олинади унга Фотиҳа, 7 марта; Бақаранинг илк 5 ояти, 7 марта; Оятул курсий, 7 марта; Кафирун сураси, 7 марта; Ихлос сураси, 7 марта; Фалақ сураси, 7 марта; Нас сураси, 7 марта ўқиб, бир қисмини ичилади. Иккинчи қисми билан ювиниш керак деб маслаҳат бериляпти. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Кўз тегиш руҳий беморлик бўлиб, ҳадисда қуйидагича келган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: الْعَيْنُ حَقٌّ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ. وَزَادَ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ: وَلَوْ كَانَ شَيْءٌ سَابِقَ الْقَدَرِ لَسَبَقَتْهُ الْعَيْنُ، وَإِذَا اسْتُغْسِلْتُمْ فَاغْسِلُوا. وَبَيانُ الغُسْلِ فِي حَدِيثِ أََحْمَدَ وَالنَّسَائِيِّ وَابْنِ حِبَّانَ كَالْآتِي: يَغْسِلُ الْعَائِنُ وَجْهَهُ وَيَدَيْهِ إِلِى الْمِرْفَقَيْنِ، وَمِنْ سُرَّتِهِ إِلَى أَسْفَلِ جِسْمِهِ، وَيُوضَعُ الْماَءُ فِي قَدَحٍ وَيُصَبُّ عَلَى الْمَعِيْنِ عَلَى رَأْسِهِ وَظَهْرِهِ، ثُمَّ يُكْفَأُ القَدَحُ فَيَبْرَأُ بِإِذْنِ اللهِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Муслим ва Термизий:
«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди. Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг», дедилар»ни зиёда қилганлар.
Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббонларнинг ҳадисида ғуслнинг баёни қуйидагича:
«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳ тўнкариб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».
Шарҳ: Шу жойда аввало кўз тегиши ҳақида бир оз тўхталиб ўтишга тўғри келади.
Баъзи тоифалар, хусусан, замонамиз моддапарастлари кўз тегиши деган нарсани умуман инкор қиладилар. Улар бу гапни бидъат, дейдилар.
Аммо барча элат ва миллатларнинг оқиллари кўз тегишини инкор қилмайдилар. Биз, мусулмонлар учун бу ҳақдаги билим шариатимиз таълимотларидир. Ана шу нарсалардан баъзиларини ҳозир ўрганмоқчи бўлиб турибмиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».
Яъни бу нарсани инкор қилиб бўлмайди. Агар бир оз ақл ишлатилса, тадаббур қилинса, бу масала ойдинлашади.
Аллоҳ таоло инсонларнинг жисмларида ва руҳларида турли қувватларни яратгандир. Баъзи жисмларга заҳар таъсир қилмайди. Ҳозирда ҳам заҳарли илонлар ёки чаёнлар ичида ухлайдиган, уларга ўзини чақтирса ҳам мутлақо таъсирланмайдиган кишилар ҳақидаги хабарлар тез-тез чиқиб туради. Шунга ўхшаш Аллоҳ таоло ғаройиб хусусиятли жисмга эга қилган турли бандаларни кўп учратамиз.
Шунингдек, Аллоҳ таоло кишиларнинг руҳий қобилиятларини ҳам турли қувватларга эга қилиб яратган. Кўпчилик оддий ҳолатда бўлса ҳам, баъзи кишилар одатдан ташқари руҳий қувватга эга бўладилар. Оқил инсон руҳий таъсирни ҳеч инкор қилмайди. Бу оддий ҳақиқатдир. Бир одам ўзи уяладиган одамининг ўзига назар солиб турганини сезса, ўз-ўзидан юзи қизара бошлайди. Баъзи одамлар ўзи қўрқадиган одамининг ўзига тикилиб турганини сезса, ўз-ўзидан юзи оқариб кетади. Шундай пайтда таъсирланган одамнинг эс-ҳуши йўқолиб, қуввати кетиб, оёғи қалтираб қолишига нима дейсиз?
Ҳайвонлар ичида илонларнинг баъзи турлари ана шундай таъсирга эга. Ўзи тегмаса ҳам, чақмаса ҳам, назари билан таъсирини ўтказиши мумкин. Бу халқ ичида «илон авраши» дейилади. Бундай илонлар нафақат ўзи учун ов ҳисобланган ҳайвонларга, балки, кези келганда инсонларга ҳам таъсирини ўтказади. Ҳомиладор аёлларнинг ҳомиласи тушишига, баъзида инсонларнинг кўзига зарар етишига сабаб бўлади.
Шундай бўлганидан кейин инсонлардан маълум руҳий қувватга эга бўлганлари ўзлари узоқдан туриб, бошқаларга таъсир ўтказиши мумкин эмасми? Одамларга қараб туриб, ухлатиб қўядиган, турли ҳаракатлар қилдирадиган кишиларни ҳамма кўриб, билди-ку!
Ана шундай ишларнинг бўлиши учун фақат жисм жисмга тегиши ёки яқиндан тикилиб қараш шарт эмас. Балки, кўзи тегадиган киши кўр бўлиши ҳам мумкин. Унга бир киши васф қилинганда ундаги ҳасад руҳи ёмонлик ила қўзиса, мазкур кишига кўзи тегиши мумкин. Аслида кўз тегишининг асосида ҳасад бор.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўладилар ва «Албатта, у мажнундир», дерлар», деган («Қалам» сураси, 51-оят).
«Кўз билан тойдириш»нинг икки хил маъноси бор.
Биринчиси – адоват ва душманлик назари билан ҳақ йўлдан тойдириш, адаштириш. Кофирлар Пайғамбар алайҳиссаломга маънавий зарар етказишни хоҳлаганлар.
Иккинчиси – кўз теккизиш билан Пайғамбар алайҳиссаломга жисмоний зарар етказиш, у кишини йиқитиш, ҳалок қилиш маъноси.
Бу оятнинг нозил бўлиши сабаблари ҳақидаги ривоятларга кўра, мушриклар Қурайш қабиласига кўзи (назари) бор бир кишини олиб келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга ёмон кўз билан қаратиб, зарар етказмоқчи бўлганлар. Бундай кўзли одамлар Бани Асад қабиласида бўлар экан.
Агар улардан бирортаси семиз туяни кўрганда ёмон кўз билан қараб қўйиб, «Ҳой қиз, идишни олиб бориб, манавининг гўштидан олиб кел», деса, туя тезда касал бўлиб, йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди», деганлари ҳам шунга ўхшаш нарсаларнинг бўлиши мумкинлигини тасдиқлайди.
Кўз тегиши, ундан баъзи кишиларнинг зарарланиб, хаста бўлиб қолиши мумкинлиги баён қилинганидан кейин уни даволаш васфига ўтилмоқда.
«Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг».
Имом Термизийнинг зиёдаларида келган бу жумланинг маъносини тўғри тушуниш мақсадида кўз тегишининг давоси учун қилинадиган ғуслнинг баёни келган имом Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилган ҳадисни ўрганишимиз лозим:
«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳ тўнкариб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».
Демак, кўзи теккан одамдан ғуслга ёрдам бериши сўралади. У юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади ва ўша сувни кўз тегиб, хаста бўлган кишига беради. Бемор ўша сув билан ғусл қилса, Аллоҳ таолонинг изни ила тузалади.
وَقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: كَانَ يُؤْمَرُ الْعَائِنُ فَيَتَوَضَّأُ ثُمَّ يَغْتَسِلُ مِنْهُ الْمَعِينُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
«Кўзи теккан(киши)га амр қилинарди. У таҳорат қиларди. Кейин кўз теккан (киши) ўша сув ила ғусл қиларди».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ерда ҳам сирни тушунмаганларимиз «Бемор бошқа бўлса, унинг бемор бўлишига сабаб бўлганни таҳорат қилдиришдан нима фойда бор?» дейиши мумкин. Уламоларимиз бу шубҳага ҳам қониқарли жавоб берганлар.
Илоннинг заҳарига қарши дори тайёрлаш учун ўша илоннинг гўшти ишлатилар экан. Заҳарли нарса чаққанда у ўлдирилса, чаққанининг алами кесилиши ҳаммага маълум.
Кўз тегиши ҳам худди шунга ўхшаган нарса. Кўзи бор одам қўлида бировни куйдириш учун олов ушлаб турган одамга ўхшайди. Унинг қўлидаги оловни ўчирсанг, хавф-хатар кетади. Бир нарсанинг давоси унга зид нарса ила бўлади. Модомики кўз тегиш ила пайдо бўлган хасталик кўзи бор одамнинг ёмон руҳий таъсиридан келиб чиққан экан, унинг ўзидаги ўша ёмон руҳиятни ўзгартиришга ҳаракат қилинади. Аввало, ундан беморнинг ҳаққига дуо қилиши сўралади. Бу билан унинг беморга нисбатан бўлган руҳий ҳолати яхшилик томон бурила бошлайди. Сўнгра ундан ушбу ривоятда айтилган аъзоларини ювиши ва таҳорат қилиши сўралади. Эътибор берадиган бўлсак, ўша ювишда унинг баданидаги энг ҳассос, қалбга таъсир қиладиган жойлари ювилади. Шу билан қалбидаги ёмонлик ўти ўчади ва беморга таъсири тугайди.
Ана ўша сув беморнинг устидан қуйилса, худди дорини қуйгандек бўлади.
Шу билан бирга, кўз тегишининг олдини олиш ҳам тавсия қилинади. Бунинг учун кўзга яқин жойларни тўсиб юриш маслаҳат берилади.
Имом Бағавий «Шарҳи Сунна» китобида қуйидаги ривоятни келтирган эканлар:
«Усмон розияллоҳу анҳу бир хушсурат болани кўриб қолиб, «Бунга кўз тегмаслиги учун кулдиргичини беркитиб қўйинглар», деди».
Яна кўз тегишининг олдини оладиган нарсалардан бири бирор нарсани кўриб, ажабланган одамнинг «Маа шаа Аллоҳу, лаа қуввата илла биллаҳи», дейишидир.
Ҳишом ибн Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши ўзларини ажаблантирадиган бирор нарсани кўрсалар ёки ўз боғларидан бирига кирсалар, «Маа шаа Аллоҳу, лаа қуввата илла биллаҳи», дер эканлар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўз боғи ила фахрланган кофирга насиҳат қилган банда тилидан:
«Боғингга кирганингда: «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада қувват йўқ», десайдинг» (Каҳф сураси, 39-оят).
Яъни «Эй кофир, сен фахрланаётган боғни сенга Аллоҳ берган. Агар Аллоҳ бермаганида, сенинг қўлингдан ҳеч нарса келмас эди. Шунинг учун боғингга кирсанг «Маа шаа Аллоҳу, лаа қуввата илла биллаҳи» – «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада қувват йўқ», десайдинг».
«Бундай дейишинг сенга неъмат берган Зотни тан олишингни ва Унинг қувватига ишонишингни билдиради. Шу билан бирга, бу ожизлигингни ҳам тан олишинг бўлади. Ана шунда сенга Аллоҳ берган неъмат ҳам бардавом бўлади».
Ушбу оят маъносига биноан, мусулмонлар ўзларини ажаблантирадиган, хурсанд қиладиган бир нарсани кўрсалар ёки эшитсалар, хабар топсалар, кўз тегмасин, деган мақсадда «Маа шаа Аллоҳу, лаа қуввата илла биллаҳи», дейдилар. Бу ҳам мусулмон инсон маданиятининг белгисидир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
Маслаҳатим.уздаги мақолага келсак, биз юқорида айтганимиздек бу бир руҳий беморликдир. Қуръонни шифо эканлигида ҳам шак-шубҳа йўқ. 7 ёки 5 мартадан ўқиш эса бу муолажани тажрибадан ўтказиб, натижасини кўрган кишиларнинг тажрибасига боғлиқдир. Бу нарсани оят ёки ҳадисга боғламасдан тажриба аҳлининг тажрибаси деб билиш керак. Бу худди жисмонан бемор бўлган кишилар 10 кун муолажа олишига ўхшайди. Ишини юришмаслигига келсак, бу инсонни Аллоҳ таоло буюрган ёки қайтарган ишларида камчиликка йўл қўяётгани аломатидир. Бу каби кишиларга Аллоҳ таоло:
فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا
«Роббингиздан мағфират сўранг, албатта, У кўплаб мағфират қилувчидир», – дедим».
«Истиғфор»нинг луғавий маъноси «мағфиратни (гуноҳнинг кечирилишини) сўраш»дир. Амалда банда тилида «астағфируллоҳ» ва шу маънодаги калималарни айтиб, дил билан тасдиқлашидир. Умумий маънода эса истиғфор диндорликни ифода этади. (“Тафсири Ҳилол” китобидан “Нуҳ” сураси 10-оят). Валлоҳу аълам!