Ассалому алайкум! Устозлар, сизлардан Аллоҳ рози бўлсин. Мен мусофир бўлиб бошқа шаҳарда юраман. Ҳалол сўйилган гўшт бўлмаса Аллоҳнинг исми айтилмай сўйилган гўштни “Бисмилаҳ”ни айтиб еса бўладими? Олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Аллоҳнинг исми айтилмай сўйилган гўштни “Бисмилаҳ”ни айтиб еса бўлмайди.
Тазкия қилинмай сўйилган ҳайвон ҳаромдир.
Тазкия – ҳайвонни сўйишдан олдин Аллоҳни зикр қилишдир.
«Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар» лафзини айтиш суннатдир.
Сўйиш вақтида Аллоҳни зикр қилиш сўйишнинг икки шартидан биринчиси ҳисобланади. Бунга бир неча далиллар бор:
Аллоҳ таоло "Ҳаж" сурасида қуйидагиларни айтади:
«Ва баданаларни (туя ва қорамол) сиз учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлоғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг, қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, уларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйдик. Шоядки, шукр қилсангиз» (36-оят).
Аллоҳ таоло "Анъом" сурасида бундай дейди:
«Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Шубҳасиз, у фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар» (121-оят).
Уламоларимиз ушбу оятнинг тафсирида: «Агар мусулмон киши ҳайвонни сўяётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, сўйган гўшти ҳалол», деганлар. Аммо билиб туриб, қасддан зикр қилмаса, ундай гўшт ҳаром бўлади.
Аллоҳ таоло "Анъом" сурасида айтади:
«Агар Унинг оятларига иймон келтирувчилардан бўлсангиз, устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!» (118-оят)
Яъни ҳақиқий мўмин бўлсангиз, Аллоҳнинг номи билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан озиқланинг. Кишининг ҳаётида озиқ-овқат муҳим ўрин тутгани, хусусан, тановул қилинадиган таомнинг ҳалол бўлиши ниҳоятда муҳим бўлгани учун, оятда иймонни ўртага қўйиб, Аллоҳнинг номини зикр қилиб сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейишга амр қилинмоқда.(“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам!