Ассалому алайкум! Азизлар, саволим шуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илм-амал қилишганда таъсир қилган дeб эшитдим. Шу ҳақида маълумат бeрсангизлар. Олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйдагича келади:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَحَرَ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَهُودِيٌّ مِنْ يَهُودِ بَنِي زُرَيْقٍ يُقَالُ لَهُ لَبِيدُ بْنُ الْأَعْصَمِ، حَتَّى كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يُخَيَّلُ إِلَيْهِ أَنَّهُ يَفْعَلُ الشَّيْءَ وَمَا يَفْعَلُهُ، حَتَّى إِذَا كَانَ ذَاتَ يَوْمٍ أَوْ ذَاتَ لَيْلَةٍ دَعَا رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم ثُمَّ دَعَا ثُمَّ دَعَا ثُمَّ قَالَ: يَا عَائِشَةُ، أَشَعَرْتِ أَنَّ اللهَ أَفْتَانِي فِيمَا اسْتَفْتَيْتُهُ فِيهِ؟ جَاءَنِي رَجُلَانِ فَقَعَدَ أَحَدُهُمَا عِنْدَ رَأْسِي وَالْآخَرُ عِنْدَ رِجْلَيَّ، فَقَالَ الَّذِي عِنْدَ رَأْسِي لِلَّذِي عِنْدَ رِجْلَيَّ أَوِ الَّذِي عِنْدَ رِجْلَيَّ لِلَّذِي عِنْدَ رَأْسِي: مَا وَجَعُ الرَّجُلِ؟ قَالَ: مَطْبُوبٌ، قَالَ: مَنْ طَبَّهُ؟ قَالَ: لَبِيدُ بْنُ الْأَعْصَمِ، قَالَ: فِي أَيِّ شَيْءٍ؟ قَالَ: فِي مُشْطٍ وَمُشَاطَةٍ وَجُفِّ طَلْعَةٍ ذَكَرٍ، قَالَ: فَأَيْنَ هُوَ؟ قَالَ: فِي بِئْرِ ذِي أَرْوَانَ. قَالَتْ: فَأَتَاهَا رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فِي أُنَاسٍ مِنْ أَصْحَابِهِ ثُمَّ قَالَ: يَا عَائِشَةُ، وَاللهِ لَكَأَنَّ مَاءَهَا نُقَاعَةُ الْحِنَّاءِ، وَلَكَأَنَّ نَخْلَهَا رُءُوسُ الشَّيَاطِينِ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَفَلَا أَحْرَقْتَهُ؟ قَالَ: لَا، أَمَّا أَنَا فَقَدْ عَافَانِي اللهُ وَكَرِهْتُ أَنْ أُثِيرَ عَلَى النَّاسِ شَرًّا، فَأَمَرْتُ بِهَا فَدُفِنَتْ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ. وَاللهُ أَعْلَمُ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бани Зурайқ яҳудийларидан Лабийд ибн ал-Аъсам деб номланадиган бир яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳрлади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир нарса қилаётгандек бўлиб туюлар эди, аммо қилмасдилар. Ниҳоят бир куни ёки бир кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Кейин:
«Эй Оиша, сездингми? Аллоҳ мен У зотдан фатво сўраган нарсам ҳақида фатво берди. Ҳузуримга икки киши келди. Улардан бири бошим тарафга, бошқаси оёқларим тарафга ўтирди. Бас, бошим тарафдаги оёқларим тарафдагига ёки оёқларим тарафдаги бошим тарафдагига:
«Бу кишининг дарди нима?» деди. Униси:
«Сеҳрланган», деди.
«Уни ким сеҳрлади?» деди.
«Лубайд ибн ал-Аъсам», деди.
«Қайси нарсада?» деди.
«Тароқда, тараганда тушган сочда ва эркак хурмо гулкосасининг қобиғида», деди.
«У нарса қаерда?» деди.
«Зу Арвон қудуғида» деди».
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бир гуруҳ одамлар билан ўша ерга бордилар. Кейин (қайтиб келиб):
«Эй Оиша, Аллоҳга қасамки, у (қудуқ)нинг суви худди ҳинонинг ивитилганидек. Хурмолари худди шайтонларнинг бошларидек», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, уни куйдириб юборганингизда эди», дедим.
«Йўқ. Менга Аллоҳ офият берди-ку. Одамларга бирор ёмонлик қўзғотишни кариҳ кўрдим. Амр қилдим, у кўмилди», дедилар».
Икки шайх ривоят қилганлар. Аллоҳ билгувчироқдир.
Шарҳ: Бу ҳодиса ҳақида шунга ўхшаш бошқа ривоятлар ҳам бор. Уларда бу ерда зикр қилинмаган бошқа тафсилотлар ҳам зикр қилинган. Шунингдек, бу ривоят ва унда зикр қилинган ҳодиса ҳақида турли ихтилофлар ҳам бор.
Баъзи кишилар «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга сеҳр таъсир қилса, пайғамбарликларига футур етиб қолмайдими?» деган мулоҳазаларни ҳам қилганлар.
Лекин муҳаққиқ уламоларимиз бу ҳақда қуйидаги хулосани айтганлар:
«Саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган нарса инкор қилинмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан сеҳр қилинганлиги маълум. Лекин у зотга қилинган сеҳр пайғамбарликларига футур етказмагани ҳам собитдир».
Ушбу ривоятни бу ерда келтириш ила беморлик инсонга сеҳр орқали, яъни сеҳр сабабидан ҳам етиши мумкинлигига ишора қилинмоқда.
Авваллари, моддапарастлик авж олган даврда, сеҳр кишининг соғлиғига зарар етишига сабаб бўлиши ҳақида гапирилса, кулги-масхарага сабаб бўлиши мумкин эди. Энди эса, аксинча, кўпчилик ҳар қандай дарднинг ортида сеҳр ва унга ўхшаш нарсалар туришига ишонадиган бўлиб қолди.
Исломда эса ҳамма нарса ўз воқеълигига қараб, мўътадиллик билан баҳоланади. Хасталиклар асосан маълум ва маъруф сабаблар туфайли ориз бўлади. Улар тиб йўли билан муолажа қилинади. Шу билан бирга, баъзи ҳолларда хасталикнинг ориз бўлишига сеҳр сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ундай ҳолатда беморни даволаш учун сеҳрга қарши воситалар ишга солинади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!