Ассалому алайкум! Билмаганларим жуда жуда кўп, билганим эса оздир. Намозни қазо қилиб ўқилмай қолса Аллоҳ кeчирсин, қазо қилишдан, ғафлатда қолишдан Аллоҳ асрасин. Бe нуқсон Аллоҳ, бандси нуқсонли айбли албатта. Ўтказиб юборилган намоз ўқиладими? Насроний ва бошқа дин вакиллари сизга яхшилик қилса, сиз қарздор бўлмайсизми? Сиз уларга яхшилик қилишиз қандай қаралади? Қабул бўладими? Ахир Аллоҳга ширк кeлтирганга ёрдам бeриш, улар билан яқин бўлиш, Аллоҳдан узоқлашиш эмасми? Аллоҳ ва пайғамбаримиз суйганларни суйиб, узоқлашганларидан биз ҳам йироқ бўлишимиз кeрак тўғрими? Мeн ибодат қилсам атрофимдагилар ичиб чeкишади, муҳитни ўзгартира олмайман. Уларнинг мeни ибодатимга ғайрилиги йўқ. Лeкин мeн ибодат қилсам, ичимлик ичилган, чeкилган жойга фаришталар кeладими? Мeн тeгирмонда ишлайман, мажбурмиз ун халтаси билан зичлаш ва преслаш учун устига чиқиб босамиз, тeпиб зичлаймиз. Ун нонимиз бўлса бу ишимиз гуноҳ эмасми? Олдиндан раҳмат, сизларнинг жавобингиз бир инсоннинг амалини бeлгилайди. ИншаАллоҳ жавобин Аллоҳ eтказади.
Ва алайкум ассалом! Сиз бошқа дин вакилларига “Булар ҳам Аллоҳнинг бандаси” деган назар билан қаранг. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг суннатларини маҳкам ушланг. Сизга шариатимизнинг закот борасидаги уларга қилинадиган бир муомаласини қуйида зикр қилиб ўтамиз. «Қалблари улфат қилинадиганлар» деганда Исломга киришидан ёки Исломда собит бўлишидан умид қилинаётган кишилар ҳамда Исломни уларнинг ёмонлигидан тўсиш, Ислом йўлида хизмат қилдириб, мусулмонларга ёрдам бериш кўзланаётган кишилар тушунилади. Улар бир неча қисмга бўлинади: 1. Закотдан улуш олса, ўзи ҳам, аҳли-аёли, уруғ-аймоғи ҳам Исломга кириши умид қилинадиган кишилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафвон ибн Умайяга шундай муомала қилганлар. Макка фатҳ қилинган куни унга омонлик эълон қилганлар ва тўрт ой муҳлат берганлар. У сафарда эди. Қайтиб келиб, кофир ҳолида Ҳунайн урушида мусулмонлар билан бирга қатнашган. Бу урушга чиқишдан олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг силоҳини қарзга олган эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир водий тўла туяни юклари билан ато қилиб берганлар. Имом Муслим ва Имом Термизийлар қилган ривоятда Сафвон ибн Умайя: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен учун энг ёмон одам бўлиб кўринар эдилар. Мол бердилар, мол беришда давом этавердилар ва ниҳоят, мен учун энг маҳбуб одамга айландилар», деган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом учун нима сўралса, бераверар эдилар. Шу сабабли Исломга кирганлар ҳам анчагина бўлган. 2. Ислом ва мусулмонлар учун ёмонлик қилиши мумкин бўлган, мол-мулк берилса, ўша ёмонлигини қайтариш имкони бўлган кишилар. Баъзи одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишар, уларга закотга тушган молдан берсалар, «Ислом жуда яхши дин-да», деб мақтаб кетишар, бермасалар, ёмонлаб кетишар эди. 3. Исломга янги кирган-у, закот молидан берилса, Исломда собит бўлиши умид қилинадиган одамлар. Одатда Исломга янги кирган одам ота-онаси, қариндош-уруғи, жамияти ва эски динининг аҳли томонидан турли тазйиқларга, жумладан, иқтисодий тазйиқларга ҳам учрайди. Шунинг учун у ёрдамга муҳтож бўлиб туради. 4. Обрў-эътиборли, бошқа миллатлардаги ўзи каби нуфузли кишиларни танийдиган мусулмонлар. Уларга қилинган яхши муомала туфайли ана шу бошқа миллат вакиллари ҳам иймонга келишидан умид қилинса, ўша мусулмонларга ҳам закотдан берилган. Адий ибн Ҳотим ва Забурқон ибн Баррлар жуда яхши мусулмон бўлганлар, қавмлари ичида обрў-эътиборли бўлганлар. Лекин шунга қарамай, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу уларга закотдан улуш берганлари бунга ҳужжат қилиб келтирилади. 5. Ўз қавмларида катта обрўга эга бўлган, аммо иймони ҳали заиф кишиларнинг кўнглини улфат қилиш учун ҳам уларга закот моли берилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳавозиндан тушган ўлжалардан ана шундай кишиларга ҳам берганлар. Уларнинг кўпчилиги Макка аҳли эди. Кейин улар ҳақиқатда ҳам яхши мусулмон бўлиб кетишди. 6. Душман билан чегарадош жойларда ҳимоя-мудофаа ишини бажариб турган мусулмонлар. 7. Закот йиғиш ишларида обрў-эътиборлари билан ёрдам берадиган мусулмонлар. (“Мўминнинг нажоти” китобидан). Унни зичлаш масаласида эса, мақсадга қаралади. Аллоҳнинг неъматларини хоҳ у ун бўлсин ёки бошқа ҳар қандай нарса бўлсин, таҳқирлаш жоиз эмас. Кўрмайсизми, болани одоб бериш мақсадида уриш гуноҳ эмас. Валлоҳу аълам!