Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бу гуноҳми?

08:16 / 12.10.2016 | Sirotulloh | 6464

Ассалому алайкум! Агарда бир киши Аллоҳ номи билан (ошкора ёки яширин) қасам ичса ёки аҳд қилса, қасамини узрли ёки атайин бажармаса гуноҳ бўладими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Агар ўша қасам ичган нарсаси гуноҳ иш бўладиган ёки гуноҳга сабаб бўладиган бўлса, у қасамни бузиб, каффоратини тўлаш керак. Агар яхшилик қилишга қасам ичилган бўлса, қасамни уддасидан чиқиш керак. Чиқа олмаса, каффоратини тўлаши керак. قَالَ اللهُ تَعَالَى:  لاَ يُؤَاخِذُكُمُ اللّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِن يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الأَيْمَانَ فَكَفَّارَتُهُ إِطْعَامُ عَشَرَةِ مَسَاكِينَ مِنْ أَوْسَطِ مَا تُطْعِمُونَ أَهْلِيكُمْ أَوْ كِسْوَتُهُمْ أَوْ تَحْرِيرُ رَقَبَةٍ فَمَن لَّمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلاَثَةِ أَيَّامٍ ذَلِكَ كَفَّارَةُ أَيْمَانِكُمْ إِذَا حَلَفْتُمْ وَاحْفَظُواْ أَيْمَانَكُمْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ۝ Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутади. Бас, унинг каффороти ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинни таомлантириш ёки уларнинг кийими ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоротидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга Ўз оятларини ана шундай баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз», деган («Моида» сураси, 89-оят). Шарҳ: Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсоннинг гапирадиган гапининг ҳам ҳисобини қилиб туриши, баъзи гаплар учун айбга буюриш бор-у, баъзилари учун йўқ эканлиги ҳақида сўз кетмоқда. Демак, инсон ҳаётининг ҳамма жабҳалари қатори, унинг гап-сўзларида ҳам ҳалол-ҳаром бор. Ўша ҳалол ва ҳаромни аниқлаш, уларнинг ҳукмини чиқариш Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Бу ишга аралашишга У зотдан бошқа ҳеч кимнинг заррача ҳаққи йўқдир. Инсонни йўқдан бор қилган Аллоҳ унинг қандай яшамоғи лозимлигини кўрсатиб беришга ҳам фақат Ўзигина ҳақлидир. Инсонга ақл ва тил берган Аллоҳ ўша ақлни ишлатиб, ўша тил билан қандай сўзларни айтганини тутади-ю, қайсинисини тутмайди – Ўзи билади. Ояти карима «Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас» жумласи ила бошланмоқда. «Беҳуда қасам» деганда, тил ўрганиб қолган, беихтиёр гапга қўшилиб кетадиган қасам иборалари назарда тутилади. Бу ҳол айниқса, арабларда кўп учрайди. Уларда «Валлоҳи», «Биллаҳи» дейиш қасамни билдиради. Бу лафзларнинг айтилиши ҳам осон. Уларни сўз орасида ишлатавериб, тиллари ҳам ўрганиб қолган. Демак, ана шундай ҳолларда қасам лафзи беихтиёр оғиздан чиқса, Аллоҳ унинг учун тутмас экан. Мазкур лафзни айтиш айб ҳисобланиб, унинг учун жазо чораси белгиланмас экан. Аввал ҳам таъкидланганидек, Исломда умуман қасам ичишга тарғиб қилинмайди. Шариат изн берган жойларда қасам ичилганда ҳам, фақат Аллоҳ таолонинг номи билангина қасам ичилади. Аллоҳ таолонинг номи билан ҳадеб қасам ичавериш эса дуруст эмас. Аммо баъзи кишилар тили ўрганиб қолганлиги туфайли, беихтиёр қасам лафзини тилига олган бўлса, ушбу оят ҳукмига биноан, унга жазо белгиланмайди. Лекин беҳуда қасам ичган киши жамиятда одобсиз, ишончсиз ва эътиборсиз шахсга айланиб қолади. Шу билан бирга, шариатимизда айб ҳисобланадиган, жазо чоралари белгиланган қасамлар ҳам бор. Аллоҳ таоло биз ўрганаётган оятнинг давомида: «Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутади», дейди. Бу жумлада қасамнинг маҳкамлиги ҳиссий таъбир ила баён қилинмоқда. Бунинг учун «қасд ила» иборасининг маъносига «туккан» ибораси ҳам қўшилмоқда. Бунда худди қасам бир ҳиссий нарса-ю, уни тугиш мумкиндек тасарруф қилинмоқда. Демак, қасамнинг бузилиши айб ҳисобланиб, унга нисбатан жазо чораси қўлланиши учун қасд ила тугилган – мустаҳкам ният билан ичилган қасам бўлиши керак экан. Ким ана шундай мустаҳкам қасамни адо эта олмай, бузса, унга нисбатан шаръий жазо белгиланар экан. Мазкур шаръий жазо нималардан иборат эканлиги оятнинг давомида баён қилинмоқда: «Бас, унинг каффороти ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинни таомлантириш ёки уларнинг кийими ёхуд бир қул озод қилишдир». Араб тилида «каффорот» сўзи бир нарсани яхшилаб, ҳеч ҳам кўринмайдиган қилиб тўсиб, беркитишга нисбатан ишлатилади. Шариатда эса содир этилган гуноҳни ювиш учун адо этиладиган молиявий ёки бадан ибодатига «каффорот» дейилади. Ушбу биз ўрганаётган ояти каримага биноан, ичган қасамини бузишга мажбур бўлган инсон адо этиши вожиб бўлган каффорот қуйидагича: 1. Ўнта мискиннинг қорнини тўйдириш. Мазкур мискинларни тўйдиришдаги ўлчов каффорот берувчи ўз аҳлига берадиган ўртача таом миқдоридир. Агар каффорот адо этиши лозим бўлган шахс ўнта мискинга таом беришни хоҳламаса, иккинчи хил каффоротни адо этиши ҳам мумкин: 2. Ўнта мискинга бир сидра кийим олиб бериш. Кийим ҳам ўша вақтнинг, жойнинг ва қавмнинг ўртача кийими бўлади. Агар бу ҳам ёқмаса, учинчи хил жазо ҳам бор: 3. Бир қул озод қилиш. Қасамини бузган кишига каффорот учун белгиланган жазо чораларидан Ислом дийни бева-бечораларга, камбағал-мискинларга қанчалик эътибор билан қараганлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Шунингдек, бу мукаммал ва оламшумул дийннинг қулчиликка қарши бўлгани ва қулларни озод қилишга қаттиқ урингани ҳам аён бўлмоқда. Исломда бу ишлар гуноҳларни ювадиган ибодат даражасига кўтарилганлиги эътиборга сазовордир. Оғзига кучи етмайдиган, ўзига эътибор қаратиш ва бир ишни қилиш ёки қилмаслигини таъкидлаш мақсадида Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичиб, сўнгра ўз қасамига содиқ қола билмаган одам аслида Аллоҳга нисбатан катта беодоблик қилган бўлади. Бу ишнинг жазосига бошқачароқ чора ҳам белгилаш мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло айнан фақир-мискин ва қулларга меҳр кўрсатиб, уларнинг фойдасини кўзловчи чораларни белгилаган. Қасамини бузадиганларнинг ҳаммаси ҳам ўнта мискинни тўйдириш ёки уларга бир сидра кийим олиб бериш ёхуд бир қул озод қилиш имконига эга бўлавермайди. Уларнинг ичларида камбағаллари ҳам бўлиши турган гап. Ана шундай имкони йўқ қасамхўрларга ўзига хос жазо чораси белгиланган: 4. «Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза». Демак, қасамини бузган одам каффоротни адо қилиш учун ўнта мискинни таомлантириш ёки шунча ададдаги мискинга кийим-бош олиб бериш ёхуд бир қул озод қилишга молиявий имкони йўқ бўлса, уч кун рўза тутиб, каффоротни адо этиши вожиб бўлади. Аввалги уч жазо чорасининг ичидан бирини танлаш ихтиёрий бўлиши билан бирга, тўртинчи жазо чорасини адо этишга фақатгина мазкур уч чорани адо этишга имкони йўқ кишиларгина муяссар бўладилар. Шариатимизда қасамини бузган кишилар учун каффорот адо этишни жорий қилишда аввал зикр қилинган фойдалардан ташқари, тарбиявий омил ҳам бор. Қасамини бузган одамга каффорот адо этишни вожиб қилишда уни ўзига келтириш ва ваъз-насиҳат омили бор. Бир марта каффорот адо этишга мажбур бўлган инсон кейин ҳар бир гапини яхши ўйлаб гапирадиган ва Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичишдан олдин ўзига бир назар соладиган бўлади. Унинг ҳолини кўрган бошқа кишилар ҳам ибрат олиб, гапларини ўйлаб гапирадиган бўлишади. Ояти кариманинг давомида яна қуйидагилар айтилади: «Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоротидир». Яъни, қасам ичган бўлсангиз-у, лекин унга амал қила олмай, қасамхўр бўлиб қолсангиз, юқорида зикр этилган жазоларни ўташ билан қасамни бузиш туфайли содир этган гуноҳларингизнинг каффоротига (беркитилишига) эришасиз. Зотан, қасам ичгандан сўнг унга амал қилган одамга ҳеч қандай жазо йўқ. Шунинг учун агар қасам ичган бўлсангиз: «Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга Ўз оятларини ана шундай баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз». عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ مَصْبُورَةٍ كَاذِبًا فَلْيَتَبَوَّأْ بِوَجْهِهِ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғондан лозим қилувчи қасам ичса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига ўзи тайёрланаверсин», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. وَلِمُسْلِمٍ وَالتِّرْمِذِيِّ وَأَبِي دَاوُدَ: مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ فَرَأَى غَيْرَهَا خَيْرًا مِنْهَا فَلْيُكَفِّرْ عَنْ يَمِينِهِ وَلْيَفْعَلْ Муслим, Термизий ва Абу Довудларнинг ривоятида: «Ким бир нарса учун қасам ичса-ю, сўнгра ундан яхшироғини кўриб қолса, қасамига каффорот берсин ва ўшани қилсин», дейилган. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat