Ассалому алайкум! Илтимос, денгиз жонзодларининг ҳаром ва ҳалол турлари ҳақида жавоб берсангизлар. Мен бу тўғрисида аниқ маълумот топаолмадим. Баъзилар барча денгиз жонзодлари ҳалол деса, баъзилар фақат қисқичбақа ва яна қандайдур молюскадан ташқари ҳаммаси ҳалол деди. Яна бошқалар фақат балиҳ ҳалол дейди.
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Моида” суарсида марҳамат қилади :
أُحِلَّ لَكُمْ صَيْدُ الْبَحْرِ وَطَعَامُهُ مَتَاعًا لَّكُمْ وَلِلسَّيَّارَةِ وَحُرِّمَ عَلَيْكُمْ صَيْدُ الْبَرِّ مَا دُمْتُمْ حُرُمًا وَاتَّقُواْ اللّهَ الَّذِيَ إِلَيْهِ تُحْشَرُونَ
96. Денгиз ови ва унинг таоми сиз ва йўловчилар баҳраманд бўлишингиз учун сизга ҳалол қилинди. Модомики, эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди. Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг.
Эҳромдаги инсон сув ҳайвонларини ов қилса ёки унинг таомидан истеъмол қилса, жоиз. Лекин:
«Модомики, эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди».
Аллоҳнинг амрига итоат қилмоғингиз зарур. Бу иш тақво билан бўлади. Бас, шундай экан, қиёмат куни:
«Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг». (“Тафсири Ҳилол” китобидан).
Ўзи ўлиб қолмаган балиқдан бошқа барча сув ҳайвонлари ҳаромдир.
«Ўзи ўлиб қолмаган балиқ» деганда сувда қорни осмонга қараб ўлиб ётган балиқ кўзда тутилган.
Ҳанафий мазҳаби уламолари сув ҳайвонларига тегишли масалада жумҳурга хилоф қилганлар. Улар:
«Балиқдан бошқа сув ҳайвонлари ҳалол эмас, чунки сув ҳайвонларини ўзи ўлганидан кейин истеъмол қилинади. Ўлимтик эса ҳаромдир. Балиққа келсак, унинг ўлимтик бўлса ҳам ҳалоллиги ҳадисда келган», деганлар.
Умуман, сув ҳайвонлари ҳалоллиги ҳақида ҳар хил далиллар борлиги учун уламоларимиз кенг ижтиҳод қилганлар. Ўша кенг ижтиҳоднинг бир томонини ҳанафийларнинг ижтиҳоди ташкил этса, иккинчи томонини «Сув ҳайвонларининг ҳаммаси ҳар бир ҳолда, ҳаттоки сув ичида ўлса ҳам ҳалол», деганларнинг ижтиҳоди ташкил этади.
Чигиртка ва балиқнинг барча турлари сўйилмаса ҳам ҳалолдир.
Бунинг далили ҳадиси шарифда келган.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ «أُحِلَّتْ لَنَا مَيْتَتَانِ وَدَمَانِ، فَأَمَّا الْمَيْتَتَانِ فَالْحُوتُ، وَالْجَرَادُ، وَأَمَّا الدَّمَانِ فَالْكَبِدُ، وَالطِّحَالُ رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизга икки ўлимтик ва икки қон ҳалол қилинди. Икки ўлимтик балиқ ва чигирткадир. Икки қон эса жигар ва қора талоқдир», дедилар».
Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.("Кифоя" китобидан).
Бошқа мазҳаб вакиллари юқоридаги оятни далил қилиб, “Денгиз ҳайвонларининг барчаси ҳалол” дейдилар. Валлоҳу аълам!