Ассалому алайкум! Сизлардан берухсат сайтдаги керакли маълумотларни керакли жойини телефонимга расмга олиб, фойдаланаётган эдим. Бунинг учун кечирим сурайман, илим олиш мақсадида рухсат берсангиз, шу ишни давом эттирсам. Ҳали бирор мартаям кўчирган расмларни бошқа телефонга ўтказганим йўқ. Агар рухсат бермасангиз телефонимдаги расимларни ўчириб юбораман.
Ва алайкум ассалом! Аввало рухсат сўраганингиз учун ташаккур. Аллоҳ таоло илм олиш йўлидаги ҳаракатларингизга баракот ато қилсин! Рухсатсиз маълумотларни кўчириб тарқатишнинг асосий муаммоларида бири сиз айтган "сайтдаги керакли маълумотларнинг керакли жойини" олиш масаласидир. Бирор масалада "керакли жойини" олиш билан ундаги маълумотларни нотўғри талқин қилиб қўйиш эҳтимоли ҳам бор. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам маълумотларни ўзгартиришсиз тарқалишидир. Ўзингиз илм олишингиз учун сайтдаги маълумотларни телефонингизга кўчириб қўлланишингизнинг зарари йўқ. Лекин уни ўзгаларга етказиш борасида эҳтиёткор бўлмоғингиз керак. Бу маълумотлар мусулмонларнинг энг қимматли нарсалари иймон ва динларига алоқадор бўлгани учун, илм даражаси етарли бўлмаган кишилар маълумот тарқатишларида хатога йўл қўйишлари эҳтимоли юқори бўлганидан ушбу ишларни, шу ишларнинг мутахассисларига ҳавола қилганлари афзал бўлади. Аллоҳ барчамизга Ўзининг динини ўрганишда ғайрат берсин! Валлоҳу аълам!