Ассалому алайкум! Мен сизлар ёзган жавобга аниқлик киритиб беришингизни сўрайман, илтимос. Сизларга битта савол берилибди, яъни “Пайнет чекини 1000 сумдан олиб, 1200 сўмдан сотаман шу рибо бўлмайдими” дейишибди. Сизнинг жавобингиз «рибо бўлади» дебсиз ва сабабини тушунтирмапсиз. Узоқ қишлоқларда пайнет йўқ, агар ўша инсонлар туман марказига чиқиб пайнет тўлаб келишмоқчи бўлишса уларга йўл кира билан 1000 сўмлик чек 3000 сўмга айланади. Қишлоқдаги дўкончилар шу пайнет чекларини устига ўз фойдаларини қўйишади. Ахир бирор бир буюмни устига фойдасини қўйиб сотишадику, бу ҳам битта савдога кирадику. Масалан сизлар ҳам китобларни сотаяпсизлар, фойдасини қўяпсизлар, бу ҳам шундай савдоку, илтимос тушунтириб беринглар сабабини. Мен ўзим бу иш билан шуғуланмайман, мен ўзим қишлоқданман, лекин шаҳарда ишлайман, қишлоқда ҳатто 500 сўмлик чекларни ҳам сотишади. Бу ерда рибо қаерда? Ахир у ўша чекни олиб келмаса бу қишлоқ аҳлига қийнчилик туғдирадику.
Ва алайкум ассалом! Сўмни-сўмга нақдма-нақдга тенгма-тенга сотиш шарт. Иккисидан бирор шарт бузилса, бу савдо жоиз эмас.
عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ وَالْمِلْحُ بِالْمِلْحِ مِثْلًا بِمِثْلٍ سَوَاءً بِسَوَاءٍ يَدًا بِيَدٍ، فَإِذَا اخْتَلَفَتْ هَذِهِ الْأَصْنَافُ فَبِيعُوا كَيْفَ شِئْتُمْ إِذَا كَانَ يَدًا بِيَدٍ. وَزَادَ فيِ رِوَايَةٍ: فَمَنْ زَادَ أَوِ اسْتَزَادَ فَقَدْ أَرْبَى، الْآخِذُ وَالْمُعْطِي فِيهِ سَوَاءٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلَفْظُ أَبِي دَاوُدَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ تِبْرُهَا وَعَيْنُهَا، وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ تِبْرُهَا وَعَيْنُهَا
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз, ўхшашга ўхшаш, тенгма-тенг, қўлма-қўл. Қачон ушбу жинслар турлича бўлса, агар қўлма-қўл бўлса, қандай хоҳласангиз, сотаверинглар», дедилар».Бошқа бир ривоятда: «Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир», дейилган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Абу Довуднинг лафзида:
«Тиллага тилла; ёмбиси ҳам, зарб қилингани ҳам. Кумушга кумуш; ёмбиси ҳам, зарб қилингани ҳам», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр этилган моллар рибовий молларга киради. Уларнинг жинси бир хил бўлганда алмаштиришда миқдори ҳам бир хил бўлиши ва қўлма-қўл айрибош қилиниши шарт, акс ҳолда рибога айланиб қолади. Мазкур молларни алмаштиришда зиёдага ва кейин беришга йўл қўйиб бўлмайди. Мисол учун, тиллага тилла сотиладиган бўлса, албатта, оғирлиги тенг бўлиши, олди-берди қўлма-қўл қилиниши керак. Навининг яхши ёки ёмонлигига қараб ёки кейин бериш шарти билан бирининг миқдорини ўзгартириб бўлмайди. Агар савдодаги нарсанинг жинси ҳар хил бўлса, қўлма-қўл бўлиши шарт, акс ҳолда рибо бўлади. Аммо миқдори бир хил бўлиши шарт эмас. Мисол учун, тилла билан кумушни алмаштириш ёки сотиш, қўлма-қўл бўлса жоиз. Вазни бир хил бўлиши шарт эмас. Табиийки, бундай бўлиши мумкин ҳам эмас, чунки икки жинсдаги нарса икки хил қийматга эга. Шунинг учун уларнинг қиймати ва миқдори икки тарафнинг ўзаро розилиги билан бўлади. Бу ҳукм сиртдан қараганда ғалати туюлади. «Бир хил жинсдаги нарсаларни алмаштиришда уларнинг миқдори бир хил бўлиши нима учун шарт қилинган? Ахир бир хил нарсанинг яхши ва ёмони бор-ку? Яхшиси қиммат, ёмони арзонроқ бўлиши ҳам аниқ-ку», деган савол пайдо бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, маълум миқдордаги яхши буғдойга ундан кўпроқ ёмон буғдойни алмаштириш нима учун ҳаром қилинган? Уламоларимиз бунга «чунки бу ишда катта ноаниқлик бор: кимдир зарар кўриши ҳам аниқ. Лекин ким зарар кўради, қанча зарар кўради, билиб бўлмайди», деб жавоб берадилар. Шунинг учун бундай ҳолатда ўша ёмон буғдойни сотиб, унинг пулига ўша алмаштирмоқчи бўлинаётган яхшироқ буғдой харид қилинади. Шунингдек, бир жинсдаги икки хил молни алмаштиришда зиёдага йўл қўйилмаслиги эса бўлажак ҳаром-хариш муомалаларнинг олдини олиш учундир. Чунки бир жинсдаги икки хил нарса, мисол учун, тиллани тиллага алмаштириш унинг сифатидаги, қуйилишидаги, оғирлигидаги ва яна бошқа фарқларни эътиборга олиб, амалга оширилади. Агар бунга рухсат берилса, ғараз ниятли одамлар кейинчалик рибонинг бошқа даражаларига ҳам йўл топадилар. Зиёдага йўл қўйилмаслиги эса бу эшикни ёпади. Шунинг учун ҳам бу хилдаги муомаланинг ҳаром қилинишидаги ҳикматни тушунишда баъзи кишилар қийналишлари мумкин. Шу билан бирга, бу нарсаларни алмаштиришда, агар жинси икки хил бўлса ҳам, қўлма-қўл бўлишни шарт қилишда ҳам, ҳийла билан рибонинг эшиги очилишига йўл қўймаслик ҳикмати ётади. Агар алмаштириладиган нарсаларнинг жинси икки хил бўлса, ортиқ-камига келишилсин, аммо дарҳол қўлма-қўл берилсин. Чунки агар «Кейин берса ҳам бўлади», дейилса, бу билан рибога йўл очилган бўлади. Мисол учун, бир одам бошқасидан тилла олиб туриб, кейинроқ кумуш қайтариб беришга келишилади. Кейинроқ берса ҳам бўлади, деган рухсат бор бўлса, вақт ўтганлиги учун фойда олишга ўтилади. Масалан, вақт ўтгандан кейин қайтариб бериладиган кумушнинг нархи олинган тилланинг нархидан кўп бўлади. Ана ўша кўп миқдор унга берилган муддатга қараб белгиланади. Бундай рибовий ишларда олувчи ҳам, берувчи ҳам баробар гуноҳкор бўладилар. Тилла билан кумуш алмаштиришда ёмби, яъни ишлов берилмагани ҳам, танга қилиб зарб қилингани ҳам барибир. Рибовий молларнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам баробар. Бир хил жинсдаги рибовий молнинг яхшисидан озроқ, ёмонидан кўпроқ бериш мумкин эмас. Бу иш ҳам рибонинг олдини олиш учун қилинганлигини олдин ҳам айтиб ўтдик. Чунки одатда одамлар иккита бир-бирига тенг нарсани алмаштирмайдилар. Фақат орасида фарқ бор нарсаларгина алмаштирилади. Агар ушбу ишга рухсат берилса, рибога олиб бориши турган гап. Рибовий моллар деб, соъ ва мудд каби оғирлик ўлчови билан ёки миқдори вазн билан белгиланадиган тилла, кумуш, буғдой, арпа, хурмо, туз ва бошқа таом бўладиган маҳсулотларга айтилади. Ушбу маҳсулотларда бир-бирини зиёда билан, насияга алмаштириш мумкин эмас. Аммо сон, узунлик ўлчови билан ўлчанадиган нарсалар рибовий моллар ҳисобланмайди. Шунинг учун бир дона тухум икки дона тухумга алмаштирилса бўлади. Чунки бунда икки томон ҳам нима қилаётганини ва молининг миқдори, сифатини жуда аниқ ва яхши билган ҳолда тасарруф қилади. Шу маънода бир метр матони ўз жинсидаги бир ярим метр матога алмаштирса бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).
Юқоридаги ҳадисдан келиб чиқиб, 1000 сўмни 1200 сўмга сотган бўлади. Бу эса шаръан жоиз эмас. Валлоҳу аълам!