Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, кеча бир гап эшитдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир одам «ассалому алейкум» деган экан ва у одам Пайғамбаримизга саломни сизга ўлим деган маънода килиб айтган экан шунда Пайғамбаримиз «валейкум ассалом » деб жавоб кайтарган эканлар. Яъни ўзинга ўлим деб жавоб берган эканлар. Устозлар мен тушунмай қолдим, салом бериш ўлим тилашми? Жавоб учун олдиндан раҳмат. Агар саволим нотўғри бўлса олдинда узр сўрайман.
Ва алайкум ассалом! Нотўғри эшитибсиз.
وَقَالَ بَعْضُ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم لَهُ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَهْلَ الْكِتَابِ يُسَلِّمُونَ عَلَيْنَا، فَكَيْفَ نَرُدُّ عَلَيْهِمْ؟ قَالَ: قُولُوا وَعَلَيْكُمْ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи саҳобалари: «Эй Расулуллоҳ, аҳли китоблар бизга салом берадилар. Уларга қандай алик оламиз?» дейишди. «Ва алайкум», денглар», дедилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу алик олишда икки эҳтимолнинг олди олинади. Биринчиси – агар аҳли китоб одам тўғри салом берган бўлса, тўғри алик олинган бўлади. Иккинчиси – агар аҳли китоб сўзни бошқа тарафга бурган бўлса, унга ҳам ўзига мос жавоб берилган бўлади. Бу қандай бўлишини келаси ривоятдан аниқ тушуниб оламиз.عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِذَا سَلَّمَ عَلَيْكُمُ الْيَهُودُ فَإنَّمَا يَقُولُ أَحَدُهُمُ: السَّامُ عَلَيْكَ، فَقُلْ وَعَلَيْكَ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яҳудийлардан бири сизларга салом берса, «Ассому алайка», дейди. Сиз эса «Ва алайка», денглар», дедилар». Учовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: «Ассому алайка» дегани «Сенга ўлим бўлсин» деган маънони билдиради. Шунинг учун алик олиш ўрнига «Сенга ҳам» деган маънодаги жавоб қайтарилади.عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: دَخَلَ رَهْطٌ مِنَ الْيَهُودِ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَقَالُوا: السَّامُ عَلَيْكَ، فَفَهِمْتُهَا فَقُلْتُ: وَعَلَيْكُمُ السَّامُ وَاللَّعْنَةُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: مَهْلًا يَا عَائِشَةُ، فَإِنَّ اللهَ يُحِبُّ الرِّفْقَ فِي الْأَمْرِ كُلِّهِ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَوَلَمْ تَسْمَعْ مَا قَالُوا؟ قَالَ: فَقَدْ قُلْتُ وَعَلَيْكُمْ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: فَسَمِعَتْ عَائِشَةُ فَسَبَّتْهُمْ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: مَهْ يَا عَائِشَةُ، فَإِنَّ اللهَ لَا يُحِبُّ الْفُحْشَ وَلَا التَّفَحُّشَ. فَأَنْزَلَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: "وَإِذَا جَاؤُوكَ حَيَّوْكَ بِمَا لَمْ يُحَيِّكَ بِهِ اللَّهُ" الْآيَةَ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир гуруҳ яҳудийлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кириб, «Ассому алайка», дейишди. Мен буни фаҳмлаб қолиб, «Алайкумуссому валлаънату», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошилма, эй Оиша! Аллоҳ барча ишда юмшоқликни яхши кўради», дедилар. «Эй Расулуллоҳ, уларнинг нима деганларини эшитмадингизми?!» дедим. «Батаҳқиқ, мен ҳам «Ва сизларга ҳам», дедим», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Муслимнинг ривоятида: «Бас, Оиша эшитиб, уларни сўкди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошилма, эй Оиша! Албатта, Аллоҳ фаҳш ва сўкишни хуш кўрмайди», дедилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла «Ва ҳузурингга келсалар, сен билан Аллоҳ сен билан саломлашмаган тарзда саломлашурлар» оятини нозил қилди. (Мужодала сураси, 8-оят)», дейилган. Шарҳ: Яҳудийларнинг Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келганларида у зот билан Аллоҳ ўргатмаган тарзда сўрашишлари қандай бўлгани аввал ўтган. Уни қуйидаги ривоятлардан янада яхшироқ тушуниб оламиз. Муҳаддислардан Ибн Абу Ҳотим Оиша онамиздан бундай ривоят қиладилар: «Яҳудийлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб келиб: «Ассому алайка, эй Абул Қосим!» (яъни «Сенга ўлим бўлсин») дедилар. Оиша онамиз уларга: «Ва алайкум ассому», дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳой Оиша! Аллоҳ таоло фаҳш сўзларни хуш кўрмайди», дедилар. Оиша онамиз: «Уларнинг «Ассому алайка» («Сенга ўлим бўлсин») деганини эшитмадингизми?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ бундай жавоб қилдилар: «Менинг «Ва алайкум» («Сизларга ҳам»), деганимни эшитмадингми?» Яҳудийлар ҳар бир нарсада ҳийла ишлатиб, Расулуллоҳга ва мусулмонларга ёмонлик қилишнинг пайида бўлар эдилар. Ҳаттоки, улар саломлашиш пайтида ҳам «Ассалому алайкум» («Сизга тинчлик бўлсин»), дейиш ўрнига тилларини буриб, сезилмайдиган қилиб, «Ассому алайкум» («Сизга ўлим бўлсин»), деб айтишарди. Улар ўз қилмишларининг нотўғри эканини яхши билишарди. Шунинг учун ҳам ичларида: «Шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди», деб қўяр эдилар. Кўриниб турибди, қадимда душманлар саломлашишни ҳам мусулмонлар зиддига ишлатишга уринганлар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!