Ассалому алайкум! Барчамизга маълумки, эҳсон дастурхонларига қўйнинг калла почаси ва ҳасип қўйилади. Сўйилган ҳайвоннинг eйиш ҳаром бўлган нарсалари тўғрисидаги савол жавобни ўқидик. У рўйҳатда сийдик турадиган аъзоси ҳам бор. Бир танишим қўйнинг ичагини ҳам eб бўлмайди чунки унда ҳам нажосатлар бўлади дeди. Унинг айтишича Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам ўз даврларида қўйнинг ичагини eмай eрга кўмдирган эканлар. Шу гап ростми?
Ва алайкум ассалом! Ёлғон. Танишингиз тахминан гапирибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан ёлғон гапиришдан сақлансин.
عَنْ عَبْد ِاللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً، وَحَدِّثُوا عَنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят ривоят қилганлар. Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан танишмиз. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим масалани баён қилмоқдалар. 1.«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар». Яъни, менинг билганим оз нарса, фақат биргина оят, деб ўтирманглар. Ўшани бўлса ҳам одамларга етказинглар, демоқдалар. 2.«Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ». Бу иш рухсат берилган доирада бўлиши кераклигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Чунки бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли китобларни тасдиқламанглар ҳам, ёлғончи ҳам қилманглар. Аллоҳга ва У зотдан ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, денглар», деганлар. Шунинг учун уларнинг шариатимизга мувофиқ нарсаларини тасдиқлаймиз, шариатимизга номувофиқларини ёлғон, деймиз. 3.«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин». Билиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан, деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Оз бўлса ҳам, ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги. 2. Бани Исроил ҳақида шариатимиз изн берган маънода гапириш жоизлиги. 3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахий бўлиши. Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Билган нарсаларимизни оз-оздан бўлса ҳам, ўз биродарларимизга ўргатишимиз зарур. Қанчадан-қанча кишилар калимаи шаҳодатни ўрганишга муҳтожлар. Уларга бу нарсани билганлар ўргатмаса, ким ўргатади? Қанчадан-қанча кишилар ақалли бир оятни ҳам, Қуръондаги кичик сураларни ҳам билмайдилар. Уларга ҳам билганлар ўргатмай, ким ўргатади?! Таҳорат, ғусл, намоз, жаноза ва бошқа кўплаб шаръий аҳкомларни билмайдиганларимиз кўп. Буларнинг ҳаммасини уларга биладиганлар ўргатиши лозим. Баъзи нарсаларни билганлар ундан ҳам кўра кўпроқ нарсаларни билишга интилишлари, ўзларидан кўпроқ биладиганлардан ўрганишлари лозим бўлади ва ҳоказо. «Бани Исроил» ва бошқа аҳли китоблар ҳақида ҳам билганлар билмаганларга гапириб, шариатимизнинг уларга бўлган муносабатларини тушунтириб беришлари лозим. Чунки билимсизлик оқибатида улар билан нотўғри муносабат ва алоқалар вужудга келмоқда. Кишиларимиз адашиб, катта хатоларга йўл қўймоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишининг ҳам олдини олиш лозим. Билиб-билмай, турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳақийқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!