Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Официантлик ҳақида

20:08 / 30.12.2017 | Muhammadamin | 5112

Ассалому алайкум! Мeни бир савол ҳар доим ўйлантиради. Мeн бир рeсторанда официантлик қиламан. Ишимнинг юзасидан мeҳмонларга алькогол маҳсулотларини қуйиб бeришимга тўғри кeлади. Саволим шундан иборатки мажбуран ишим юзасидан шундай иш қилганим учун ҳам мeнга гуноҳ бўладими? Шу саволимга жавоб бeришингизни сўрайман. Иложи бўлса жавобни Тeлeграм тармоғи орқали бeришингизни ҳам сўраб қоламан. Жавоб учун олдиндан раҳмат дeб қоламан.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Жоиз эмас, бошқа иш топинг.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فِي الْخَمْرِ عَشْرَةً: عَاصِرَهَا، وَمُعْتَصِرَهَا، وَشَارِبَهَا، وَحَامِلَهَا، وَالْمَحْمُولَةَ إِلَيْهِ، وَسَاقِيَهَا، وَبَائِعَهَا، وَآكِلَ ثَمَنِهَا، وَالْمُشْتَرِيَ لَهَا، وَالْمُشْتَرَى لَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хамр(ароқ)да ўн(киши)ни лаънатладилар: уни сиқувчисини, сиқишни буюрганни, ичувчисини, ҳаммолини, кўтартириб юрувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, баҳосини еювчисини, сотиб олувчисини ва сотиб олиб келиб берувчисини». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида маст қилувчи нарса хамр деб аталиб, у асосан узум ва хурмони сиқиб олинадиган ичимликдан иборат бўлган. Ундан бошқа яна учта нарса ҳам бор эди, лекин улардан кам ҳолатларда хамр олинар эди. Кейинчалик маст қилувчи нарсаларнинг тури ҳам, исми ҳам кўпайиб кетди. Аммо барибир тури ва исмидан қатъи назар, уларнинг ҳаммаси хамр ҳукмини олаверади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва у ҳаромдир», деганлар. Шунинг учун ҳозирги кундаги барча маст, кайф қилувчи нарсалар хамр ҳисобланиб, улар ичиладими, чекиладими, ҳидланадими, игна билан юбориладими, фарқи йўқ. Ароқми, вискими, морфими, нашами, героинми, қорадорими, буларнинг ҳаммаси ҳаром. Ҳаммаси учун ўн тоифа одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан лаънатга учрайди, Аллоҳнинг раҳматидан қувилади. Келинг, ана шу ўнта бадбахт тоифа билан танишиб чиқайлик: 1. Сиқувчи.  Ўша вақтда хамр сиқиб тайёрлангани учун шундай дейилган. Бу сўз бугунги кунимиз тилида тайёрловчи дейилади. Демак, маст қилувчи ичимлик ва моддаларни тайёрловчилар Аллоҳнинг лаънатига учрайдилар. Улар учун бу дунёдаги барча тузумларнинг лаънати, қамоғи, турли жазолари етарли эмас. Охиратда Аллоҳ таоло уларни дўзахга ҳам солади. 2. Сиқишни буюрганни. Бу тоифа биринчи тоифадан ҳам ёмондир. Чунки биринчи тоифани ишга соладиган ҳам шу тоифадир. Инсонлар учун зарарли бўлган турли маст қилувчи ичимликлар ва турли сархуш қилувчи моддаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўювчилар шулардир. Буларга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлади. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун буйруқ берганлар ҳам шулар қаторидадир. 3. Ичувчисини. Энг асосий айбдор тоифа шу тоифадир. Қолган тўққиз тоифа ҳам шу тоифа учун, ушбу маълум тоифанинг пулини олиш учун ҳаракат қилади. 4. Ҳаммолини. Мазкур ҳаром нарсага ҳаммоллик қилувчи киши ҳам Аллоҳнинг лаънатига сазовордир. Хом ашёни тайёрлаш, жойига олиб боришда ҳаммоллик қиладими ёки тайёрлаш жойидами, сотиш жойидами ёки сотиш жойидан истеъмол жойига ташишдами, барибир. Ҳозирги кунда бутун дунё қарши курашаётганига қарамай, лаънати ҳаммолларнинг фаолияти туфайли қорадори ва унга ўхшаш ҳаром нарсалар бутун дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни беҳуда лаънатламаган эканлар. 5. Кўтартирувчисини. Ароқ ва унинг ҳукмидаги ҳаром нарсаларнинг ҳаммолларини ишга солувчи, уларга пул бериб ишлатувчи ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. 6. Қуйиб берувчисини. Бу ҳам хамр ва унинг ҳукмидаги нарсалар равнақи учун хизматдир. Шунинг учун бу ишни қилувчи одам ҳам лаънатга учрайди. 7. Сотувчисини. Хамр ва хамр ҳукмидаги барча нарсаларни сотувчиларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг лаънатига дучор бўладилар. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани сотгандан кейин бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳозирги кунимизда маст қилувчи ичимликларни, гиёҳванд моддаларни сотувчилар инсониятга қанчалар зарар келтиришлари яна ҳам яққол намоён бўлиб турибди. Инсонлар чиқарган қонунлар қонун чиқарувчиларга зарар келтирмайдиган нарсани сотганларни жазоламайди. Мисол учун, ҳозир фақат гиёҳванд моддаларни сотадиган қочоқ савдогаргина жазога тортилади. Келажакда бу моддаларни ҳам маст қилувчи ичимликлар каби қонунлаштириб олишлари ҳеч гап эмас. Илоҳий қонунлар эса инсониятга зарар етказувчи ҳар бир нарсани сотганни жазога лойиқ деб топади. Бу ҳолни яхши тушунмоғимиз лозим. 8. Баҳосини еювчисини. Хамр ва хамр ҳукмидаги барча маст қилувчи нарсаларнинг баҳосини еган киши ким бўлишидан, қайси йўл билан ейишидан қатъи назар, Аллоҳ таолонинг лаънатига сазовордир. Бундай ҳаром нарсанинг баҳосини еган одам, дарҳақиқат, шунга муносибдир. 9. Сотиб олувчисини.  Хамр ва унинг ҳукмидаги ҳаром, маст қилувчи нарсаларни сотиб олувчи, ўзи уларни истеъмол қиладими-йўқми, барибир гуноҳкордир. Уларни сотиб олиш ўша ҳаром нарсаларнинг ривожига ҳисса қўшмоқдир. Бу эса Аллоҳнинг лаънатига сабаб бўлувчи ишдир. 10. Сотдирувчисини. Мазкур маст қилувчи нарсаларни бевосита сотмаса ҳам уни сотдирувчи кишилар Аллоҳнинг лаънатига қолади. Кўриниб турибдики, хамр ва унинг ҳукмидаги барча маст қилувчи ичимлик ва моддаларнинг яқинига бориш ҳам мўмин-мусулмон одам учун умуман тўғри келмайди. Шу маънодаги ишларни ўзига касб қилиб олган ёки гоҳ-гоҳида бўлса ҳам аралашиб турадиган кишилар дарҳол ўзларини бу нарсалардан четга олишлари лозим. Акс ҳолда, Аллоҳнинг лаънатига қоладилар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat