Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ижмоъ ва қиёс ҳақида

21:11 / 29.01.2018 | Баходир | 7611

Ассалому алайкум! Азиз устозлар, қилаётган хизматларингизни Аллоҳ ажрини берсин! Мен Туркманистонлик шайх Ҳазратнинг(раҳимаҳуллоҳ) мухлисиман. Мен сизларнинг сайтларингизнинг яқинда топиб олдим, биз динда саводимиз изда қолиб кетганларга жуда керакли сайт экан. Саволим шундан иборат: Мен ижмо ва қиёс деган сўзларнинг маъносига тушунмаяпман. Шуни батафсил тушунтириб берсангиз илтимос. Хато камчиликлар учун олдиндан узр сўрайман.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! "Кифоя" китобида қуйидагича келади.

ФИҚҲ МАНБАЛАРИ

Мазкур фиқҳ илми уламолари ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар. Биринчиси: Қуръони Карим. Яъни фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръонга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади. Иккинчиси: Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари. Агар фақиҳ ўша мазкур масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, Суннатга мурожаат қилади. Уни топиб, ҳукмини баён ҳам қилади. Учинчиси: Ижмоъ. Ижмоъ – бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламоларининг бирор масалани бир овоздан қабул қилишларидир. Мисол учун, Қуръони Каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам таъкидланмаган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин урушларда Қуръонни ёд биладиган кўплаб қорилар шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга амр бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Мана шу иш ижмоъ орқали амалга ошди. Тўртинчиси: Қиёс. Яъни аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани мазкур манбаларда ҳукми бор шунга ўхшаш нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш. Мисол учун, Қуръонда хамр, яъни ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб, улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам ҳаром деб атаганлар. Фақиҳларимиз суянадиган яна бошқа манбалар ҳам бор бўлиб, улар «масолиҳи мурсала», «урф», «шаръу ман қоблана шаръун лана», «истиҳсон», «истисҳоб» ва «мазҳаби саҳобий»лардир. Фуқаҳоларимиз мазкур тўртта асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat