Ваалайкум ассалом!
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: عَشْرٌ مِنَ الْفِطْرَةِ: قَصُّ الشَّارِبِ، وَإِعْفَاءُ اللِّحْيَةِ، وَالسِّوَاكُ، وَاسْتِنْشَاقُ الْمَاءِ، وَقَصُّ الْأَظْفَارِ، وَغَسْلُ الْبَرَاجِمِ، وَنَتْفُ الْإِبِطِ، وَحَلْقُ الْعَانَةِ، وَانْتِقَاصُ الْمَاءِ، قَالَ مُصْعَبٌ: وَنَسِيتُ الْعَاشِرَةَ، إِلَّا أَنْ تَكُونَ الْمَضْمَضَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қайчилаш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни қисқартириш, бўғимларни ювиш, қўлтиқ (туки)ни юлиш, қовуқ (туклари)ни қириш, сув ила истинжо қилиш», дедилар.
Мусъаб: «Ўнинчисини унутдим, менимча, оғизни сув билан тозалаш бўлса керак» деди».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ҳозирги ғарб маданияти Исломдан ўн беш аср кеч қолиб тарғиб қилаётган «шахсий тозалик ишлари» ҳақида сўз кетмоқда.
Ислом бундай ишларни «Фитрат суннатлари» – Аллоҳ таоло инсонни яратгандаги соф табиат ва Аллоҳ таоло инсонларга юборган соф динлар суннати, деб номлаган.
Қаранг, номлашда ҳам қанча фарқ бор. Исломий номлаш инсонни яратган Роббнинг кўрсатмаси ила бўлган. Ғарбий номлаш бўлса, маданиятни кечикиб англаган инсоннинг ўз фикридан чиққандир. Шунинг учун ҳам бу икки ном ўртасида осмон билан ерчалик фарқ бор.
Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар «Поклик китоби»да ҳам ўтган бўлиб, ўшанда бу масалаларнинг баъзи нуқталарини батафсил таҳлил қилганмиз. Ҳозир эса уларни танишаётган бобимизнинг мавзусидан келиб чиққан ҳолда ўрганишга ўтамиз.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал «фитрат суннатлари» ўнта эканлигини эълон қилиб қўйиб, кейин уларни бирма-бир номлаб чиқмоқдалар.
1. «Мўйлабни қайчилаш»
Яъни, мўйлабнинг лаб устига ўсиб тушган қисми қирқилиб, лабнинг қизғиш қисми яхшилаб очилиши, унга мўйлабнинг туклари тушмаслиги керак. Шунингдек, бошқа тарафларга қараб ўсган, тартибсиз бўлиб кетадиган мўйлаблар ҳам қайчилаб турилади.
2. «Соқолни ўстириш»
Яъни, соқолни мўйлабга ўхшатиб қирқиб турилмайди, унинг узун бўлишига қўйиб берилади. Аммо соқолнинг узунлиги қанча бўлиши кераклиги ҳақида бир оз ихтилоф бўлган. Ўша ихтилофнинг ашаддийлашган кўриниши ҳозир ҳам баъзи-баъзида зоҳир бўлиб туради.
Ҳанбалий мазҳаби асосида ўз фикрлари ила ижтиҳод қиладиган гуруҳлар соқолга умуман тиғ теккизиш мумкин эмас, дейдилар. Улар ўзларининг бу гапларига ушбу лафзни ва яна шу маънога яқин ҳадиси шарифларни далил қилиб келтирадилар. Ушбу бобнинг бошида келган «Ўн нарса фитратдандир» деб бошланувчи ҳадиснинг «соқолни ўстириш» жумласига қилинган шарҳда соқолнинг узунлиги қанча бўлиши ҳақида бир оз ихтилоф бўлганлиги, баъзилар соқолга умуман тиғ текказиш мумкин эмас, деб далиллар келтиргани ҳақида айтиб ўтилган эди. Энди бу масалага бироз тўхталиб ўтамиз.
Олдин ўтган ҳадиси шарифда «соқолларни ўстиринглар» дейилган эди. Соқолга ҳеч тиғ текказиб бўлмайди, дейдиганлар ушбу жумланинг зоҳирий маъносини оладилар. Улар соқолларни ўстириш тўлиқ қўйиш ила, уларга тиғ теккизмаслик ила бўлади, дейдилар.
Жумҳур уламо аҳли, жумладан, Ҳанафий, Моликий ва Шофеъий мазҳаби уламолари эса Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу амаллари ҳақидаги ривоятни далил қилиб, соқолнинг узунлиги ҳар одамнинг ўз тутамида бир тутам бўлиши суннатдир, ундан ортиғи қисқартирилади, дейдилар.
Уламо аҳли соқолни ҳаддан ташқари узайтириб юбориш суннатга хилофдир, деганлар. («Ихтиёр литаълийли ал-Мухтор» китоби, 4-жуз, 430 бет.)
Қарши тараф Ибн Умарнинг қилган иши ҳужжат бўла олмайди, дейдилар.
Бунга жавобан жумҳур уламо бундай ишни Ибн Умардек зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф тарзда қилиши мумкин эмас, дейдилар.
Шу билан бирга, Имом Термизий ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам келтирадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам соқолларини ён томонидан ва узунидан олар эдилар».
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилароқ, соқолни қисқартиб, зиёда бўлиб кетган толаларни текислаб, атрофларини қириб-тўғрилаб юриш тавсия қилинади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!