Ваалайкум ассалом! Яна қайта туғолмайдиган даражада қилиш шаръан жоиз эмас. Чунки бу Аллоҳ берган ҳилқатни ўзгартиришга киради. Хилқатни ўзгартириш гуноҳи ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَعَنَ اللهُ الْوَاصِلَةَ وَالْمُسْتَوْصِلَةَ وَالْوَاشِمَةَ وَالْمُسْتَوْشِمَةَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ улама қилувчи аёлни ҳам, улама қилдирувчи аёлни ҳам, вашм қилувчи аёлни ҳам, вашм қилдирувчи аёлни ҳам лаънатласин», дедилар».
Шарҳ: «Улама қилувчи аёл» – аёлларга улама соч ясаб, улаб қўядиган аёл.
«Улама қилдирувчи аёл» – ўзидаги бор табиий сочга қаноат қилмай, ясама соч улатиб олишга интилган аёл.
Ушбу ҳадиси шарифнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилишига ўша пайтда бўлиб ўтган бир ҳодиса сабаб бўлган экан. Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг келин бўлаётган қизим бор. Сочи қизамиқдан сўнг айниб, титилиб кетган, улама қилсам бўладими?» деб сўраган. Ана ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифни айтганлар.
Ўша пайтда жоҳилият аёллари ҳар қачонгидек ўзларига сохта жамол орттириш учун турли ҳийла-найрангларни ишлатар эдилар. Сочларини ўта чиройли қилиб кўрсатиб, кўпчиликнинг эътиборини тортиш учун улама сочлар қилишар эди. Баъзи аёллар бу ишни ўзларига касб қилиб олган эдилар. Баъзилари аёлларнинг сочларига улама қилиб, даромад топар эдилар. Сочига улама қилдирмоқчи бўлган аёллар уларнинг олдига келиб, мақсадларини айтсалар, соч улаб қўяр эдилар. Шундай қилиб, сохта гўзалликка эришилар эди. Бу ишни қилган аёл ўзини ҳам, ўзгани ҳам алдар эди.
Айниқса, ушбу ҳадиси шарифнинг айтилишига сабаб бўлган ҳодисадагига ўхшаб, келин тараф куёв тарафни алдаши кўпроқ бўлган бўлса, ажаб эмас.
Шунингдек, «вашм» – ясама хол кўйиш ҳам авж олган эди. Аёллар сохта чирой иштиёқида ўзларининг соғ баданларини игна билан тештириб, қон чиқариб, жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирор модда сепиб, ясама хол ёки турли белгилар қилар эдилар. Аввалги ишдагидек буни ҳам амалга оширадиган уста аёллар бор эди. Ким сохта хол қўйдирмоқчи бўлса, ўшаларга мурожаат қиларди.
Ислом ушбу ҳадиси шариф ила бундай номаъқул ишларни ҳаром қилди. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!