Ваалайкум ассалом! 1). Улар ўша гапларининг ўзи билан Қуръон оятларига кофир бўладилар. Чунки Аллоҳ таоло “Нисо” сурасидаги
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ
59. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга итоат қилинг.
Шу сура 80-оятида:
مَّنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللّهَ وَمَن تَوَلَّى فَمَا أَرْسَلْنَاكَ عَلَيْهِمْ حَفِيظًا
80. Ким Расулга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди. Ким юз ўгирса, сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ.
“Ҳашр” сураси 7-оятида:
وَمَآ ءَاتَىٰكُمُ ٱلرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَىٰكُمْ عَنْهُ فَٱنتَهُوا۟ ۚ وَٱتَّقُوا۟ ٱللَّهَ ۖ إِنَّ ٱللَّهَ شَدِيدُ ٱلْعِقَابِ
Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли(Зот)дир” деган. Улар ушбу оятларни инкор қилишади ва кофир ҳисобланишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундай тоифа чқишилиги ҳақида олдиндан хабар берганлар. Бу хабарнинг ўзи ҳам тиловат қилинмайдиган оятдир.
عَنِ الْمِقْدَامِ بْنِ مَعْدِيكَرِبَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَلَا إِنِّي أُوتِيتُ الْكِتَابَ وَمِثْلَهُ مَعَهُ، أَلَا يُوشِكُ رَجُلٌ شَبْعَانُ عَلَى أَرِيكَتِهِ يَقُولُ: عَلَيْكُمْ بِهَذَا الْقُرْآنِ، فَمَا وَجَدْتُمْ فِيهِ مِنْ حَلَالٍ فَأَحِلُّوهُ، وَمَا وَجَدْتُمْ فِيهِ مِنْ حَرَامٍ فَحَرِّمُوهُ، أَلَا لَا يَحِلُّ لَكُمْ الْحِمَارُ الْأَهْلِيُّ، وَلَا كُلُّ ذِي نَابٍ مِنَ السَّبُعِ، وَلَا لُقَطَةُ مُعَاهِدٍ إِلَّا أَنْ يَسْتَغْنِيَ عَنْهَا صَاحِبُهَا، وَمَنْ نَزَلَ بِقَوْمٍ فَعَلَيْهِمْ أَنْ يَقْرُوهُ، فَإِنْ لَمْ يَقْرُوهُ فَلَهُ أَنْ يُعْقِبَهُمْ بِمِثْلِ قِرَاهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ
Ал-Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлинглар! Албатта, менга Китоб ва у билан бирга унинг мисли берилмишдир. Огоҳ бўлинглар! Ҳали сўрисида ўтирган қорни қаппайган одам «Сизлар ушбу Қуръонни лозим тутинглар! Унда нимани ҳалол топсангиз, ҳалол билинглар! Унда нимани ҳаром топсангиз, ҳаром билинглар!» ҳам дейди. Огоҳ бўлинглар! Сизлар учун хонаки эшаклар, барча озиқ тишли йиртқич ва муоҳиднинг йўқотиб қўйган нарсаси ҳалол бўлмас! Эгаси ундан беҳожат бўлса, мустасно. Ким бир қавм ҳузурига (меҳмон бўлиб) тушса, уни зиёфат қилмоқлари лозим. Агар зиёфат қилмасалар, унинг зиёфат мислича нарсани олишга ҳаққи бор», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча муҳим масалаларни ёритиб бермоқдалар.
Биринчи масала Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Огоҳ бўлинглар! Албатта, менга Китоб ва у билан бирга унинг мисли берилмишдир» деган гапларида ўз аксини топгандир.
Ушбу жумладаги «Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир, «унинг мисли»дан мурод эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Қуръони Каримнинг мисли–ўхшашидир.
Шунинг учун мусулмонлар суннатга Қуръони Каримга бўлган муносабат мислида муносабат кўрсатишлари керак.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримни берган Аллоҳ таоло у зотга суннатни ҳам бергандир. Берганда ҳам, Қуръони Каримнинг мисли қилиб бергандир.
Суннатга ҳам Қуръонга эътиқод қилгандек эътиқод қилиш лозим.
Суннатга ҳам Қуръони Каримга амал қилгандек амал қилиш керак.
Қуръони Карим Аллоҳнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийси бўлса, суннат ҳам Аллоҳнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийсидир.
Фарқ Қуръони Каримнинг маъноси ҳам, лафзи ҳам Аллоҳ томонидан, суннатнинг эса маъноси Аллоҳ томонидан, лафзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан бўлганлигидадир.
Бу маънолар ҳеч қачон Қуръони Каримнинг мартабасини пастлатмайди. Барча мусулмонлар Қуръони Карим биринчи масдар, суннати мутоҳҳара эса иккинчи масдар эканлигини яхши биладилар. Лекин баъзи калтафаҳм одамлар ушбу маънони тушуниб етмайдилар. Ана ўша ҳолат ҳадиси шарифнинг давомида муолажа қилинмоқда. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).
2). Мутавотир ҳадисларни инкор қилиш куфр ҳисобланади. Шунинг учун Қуръонийлик даъвосини қилиб ҳадисни инкор қилувчилар кофир ҳисобланадилар. Валлоҳу аълам!